DataLife Engine > Янгиликлар / Иқтисодиёт > ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИ КЕЛАЖАГИНИ ЯРАТУВЧИЛАРИ

ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИ КЕЛАЖАГИНИ ЯРАТУВЧИЛАРИ


24-11-2020, 16:11. Разместил: User

Ўзбекистонда 50-йилларнинг ўртасида очилган Тошкент тўқимачилик фабрикасидан бошқа бирорта ҳам пахтани тайёр маҳсулотга айлантирадиган саноаткорхонаси бўлмаган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тугаллаган минглаб ёшлар ишга жойлашишлари учун собиқ иттифоқнинг ғарбига йўлланма берилар, пахта қайта ишлаш учун Иваново комбинати ҳамда Болтиқ бўйи республикаларига жўнатилар эди.Ҳатто мустақилликдан кейин ҳам анча пайтгача пахта хом ашё сифатида хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Кейин аста-секин айнан пахтага дастлабки ишлов бериш ва уни калавага айлантиришга ихтисослашган корхоналар очилиб, ишга туширилди. Мустақиллик йилларида жойларда бунёд этилаётган маиший техникадан тортиб автомобилларгача, трикотаж, кимё маҳсулотларидан тортиб компьютер технологияларигача ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар сони ортиб бораётгани, улар-нинг аксариятида коллеж ва техникумларда ўқиган йигит-қизларимиз янги технологиялар, мураккаб дастгоҳларни бошқараётгани бугун ҳеч кимни ажаблантирмайди. Чунки, ҳеч кимдан кам бўлмаган юртимиз ёшлари билими, ғайрат ва шижоати билан ишлаб чиқариш корхоналарида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Яқинда мингдан зиёд шундай ёшлар ишлаётган шаҳримиздаги "JIZZAKH TEXTILE" МЧЖ корхонаси ташкил этилганининг ўн йиллигини нишонлади.


"JIZZAKH TEXTILE" МЧЖХКга 2010 йилда асос солинган бўлиб, 2013 йилнинг тўртинчи чорагида дастлабки маҳсулотини бозорга чиқарган эди.КорхонагаГерманиянинг "Trиtzschler", "Oerlikon", Италиянинг "Marzoli", "Terrot", Туркиянинг "TEMSAN" компанияларининг замонавий дастгоҳлари ўрнатилган. Ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич ошириб бориш натижасида ўтган йилихорижга 18,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулотлар экспорт қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, корхонанинг экспорт салоҳияти йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мисол учун "JIZZAKH TEXTILE" томонидан 2014 йилда 16,4,2015 йилда 17,7, 2016 йилда 17,8, 2017 йилда 18,0 млн. АҚШ долларилик юқори сифатли калава ип ва трикотаж мато маҳсулотлари Туркия, Россия, Эрон, Украина, Беларусь, Хитой, Бангладеш ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.

Жорий йилда коронавирус пандемияси катта-катта мамлакатларни иқтисодий ночор аҳволга солиб қўйганида ҳам корхонада иш тўхтаб қолгани йўқ. Иш қатъий интизом, карантин қоидаларига мувофиқ ташкил этилиб, ишлаб чиқариш жараёни маромида давом эттирилди. Натижада бугунгача хорижга 16 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Йил якунигача бу рақам 18 млн. доллардан ошиши кутилмоқда.

Айни пайтда корхонада 1100 га яқин жиззахликлар доимий иш ўринлари билан таъминланган. Уларнинг68 фоизиниўрта махсус маълумотга эга ёшлар ташкил этади.

—Ҳар бир ишда, маданий-маърифий тадбирларда ёшларимиз бизнинг энг яқин кўмакдошларимиз ҳисобланади,— дейди корхона менежери Озод Холтўраев. —Фаолиятимизни босқичма-босқич кенгайтириб бориш жараёнида вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари би-лан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, янги ишга қабул қилинадиган ёшлар малакасини ошириш, иш унумдорлигини кўтариш, корхонага ғайратли, билимли, ишбилармон ёшларни жалб қилишга доимий эътиборни қаратганмиз.

Дарҳақиқат, бу ерда ишга таклиф қилинаётган ёшларни касбга тайёрлаш мақсадида ўқув машғулотлари хоналари ташкил қилинган бўлиб, германиялик мутахассислар йигит-қизларга замонавий технологияларни бошқариш сир-асрорларини ўргатмоқдалар.

Ўтаётган ҳар бир йил нафақат ёшлар малакаси, тажрибасининг ошишига, балки корхона раҳбарларининг ишбилармонлик даражасининг ўсишига ҳам ижобий таъсир этмоқда. Буни корхона олган соф фойдани янги цехлар ташкил этиш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш йўлидаги изланишларда ҳам кўриш мумкин. 2013 йилда калава ишлаб чиқариш цехи ишга туширилган бўлса, 2015 йилда чиқинди пахтани қайта ишлаш цехи қуриб фойдаланишга топширилди. 2018 йилда эса пневмомеханик калава цехи фаолият кўрсата бошлади. Жорий йилда тайёр матони бўяш цехи тўлиқ қувват билан ишлай бошлади.

Қолаверса, авваллари корхонага хорижий ҳамкорлар таклиф этган дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилар эди. Лекин бўяш цехига ўрнатиш учун корхонанинг инженер-техниклари Туркия, Италия давлатларига бориб, таклиф этилган технологияларнинг ишлаши, самарадорлигини чуқур ўрганиб чиқишади ва энг ишончли, сўнгги нусхадаги замонавий дастгоҳлар келтирилди. Масалан, хом матони очиб бериш дастгоҳи ва бўяш қозони Туркиядан харид қилинган бўлса, бўялган матони ювиб, сиқиб берадиган, матонинг энига кесиб, очиб берадиган дастгоҳлар Италиядан олиб келинди.

—Матони бўяш цехида бешта муҳим иш жараёни амалга оширилади. Энг охирида эса маҳсулот мижоз хоҳлаган стандартда текисланиб, йиғиб, тахланади, —дейди бўяш цехи бошлиғи Умиджон Нарзиқулов.

Янги цехнинг ишга туширилиши "JIZZAKH TEXTILE"да яна 180 та иш ўрни яратилишига асос бўлди. Жиззахлик ёшлар корхонада пахта хом ашёсини қайта ишлаб, калава тайёрлаш, тўқимачилик цехида тайёр матога айлантириш, бўяш цехида эса тикувчилик корхоналарига тайёр ранг-баранг матолар етказиб беришгача бўлган жараёнларни бошқармоқдалар.

—2021 йилда корхонамизга тикув машиналари келтириб, ўзимизнинг тайёрлаган кийимлар билан европаликларни ҳайратга солишни режалаштирганмиз, — дейди менежер Озод Холтўраев.

Ҳа, ўн йил муқаддам битта цех билан иш бошлаган "JIZZAKH TEXTILE" корхонаси кўз ўнгимизда йирик тўқимачилик кластерига айланиб боряпти. Бу эса яна кўплаб юртдошларимиз учун иш ўринлари яратиш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш дегани.

Асад МУСТАФОЕВ.скачать dle 12.0
Вернуться назад