Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ХОРАЗМ ҲАВАС ВА ҲАЙРАТИМИЗНИ ОШИРДИ

ХОРАЗМ ҲАВАС ВА ҲАЙРАТИМИЗНИ ОШИРДИ

22-02-2021, 14:27
Автор: User
Просмотров: 173
Комментариев: 0
Версия для печати

   Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг ташаббуси билан "Аёллар дафтари"га киритилганлар, меҳнат фахрийларидан иборат саёҳатчилар гуруҳининг кўҳна Хоразм воҳасига сафари уюштирилди. Агросаноат ходимлари касаба уюшмалари Зафаробод тумани кенгаши раиси Матлуба Ҳакимова раҳбарлигида икки кун мобайнида кўҳна Хоразмнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик.

БУНЧА ГЎЗАЛ БЎЛМАСАНГ, УРГАНЧ!

   «Тошкентдан Хоразмгача бир минг бир юз километр» сингари сўзлардан сайқал топган қўшиқни кўп бора жон қулоғимиз билан тинглаганмиз. Жиззах — Урганч оралиғи эса жуда олис, 925 километр. Лекин йўл узоқлигидан сира ҳам толиқмадик. Чунки, зиёратчиларнинг кўпи дилга яқин кишилар. Йўл-йўлакай биз минган поездда ҳазил-мутойибалар авжига чиқди, аёлларнинг қарсаклар остида рақсга тушишлари кўнгилларга завқ-шавқ улашди.

   Тошкент — Урганч поезди 11 соат йўл босиб, 8 февраль соат кундуз 10.00 да Хоразм вилояти марказидаги темирйўл вокзалига етиб келди. Ташрифнинг илк дақиқаларидан бошлаб, ғоят юксак эътиборни ҳис этдик. "Хоразм" меҳмонхонасининг ички туризм бўйича менежери Илҳом Бекчанов ҳамроҳлигида сайёҳлар учун мўлжалланган махсус автобусда вакилларимизга ажратилган яшаш манзили сари йўл олар эканмиз, янги Урганчнинг мафтункор жозибасидан кўзларимиз қувониб, дилларимиз яйради.

   — Хоразмга илгари келмагандим, — деди бахмаллик Ҳилола Қўшназарова атрофга суқланиб боқар экан. — Худди эртаклар шаҳрини эслатади, Урганч. Бизларга шундай имкониятни яратиб берганлиги учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раҳбариятига чин юракдан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

   Бахмал туманининг "Қутлуғобод", "Ўсмат", "Дўстлик" МФЙ, ШФЙ ҳудудларида яшовчи Феруза Ҳайбердиева, Марҳабо Бободўстова, Нигора Норбоевалар ҳам Ҳилоланинг фикрларини қўллаб-қувватлашди. Хоразмга қилинган саёҳат янги-янги марралар сари даъват этишини таъкидлашди.

"Хоразм" меҳмонхонасидан ҳар биримиз учун шинам ва қулай жой ажратилганлиги, бу ерда меҳнат қилаётган катта-кичик ходимларнинг меҳмоннавозлигидан кўнглимиз яйради.

   — Меҳмонхонамиз Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфида, — деди меҳмонхона директори Равшан Қурбонов биз — жиззахликларга юзланиб. — Сизлардан карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилишларингни, меҳмонхона тартиб-қоидаларидан четга чиқмасликларингизни сўраймиз.

   — Икки кунлик саёҳат давомида кўҳна ва ҳамиша навқирон Урганчнинг масжиду музейларини катта қизиқиш билан томоша қилдик. "Охун бобо" жоме-масжидидамиз. Масжид мутаваллиси Ҳошимбой Отажоновнинг таъкидлашича, ушбу улкан намозхонага 2017 йилнинг 28 январь куни муҳтарам Президентимиз томонидан тамал тоши қўйилиб, саккиз ойда ҳашар йўли билан қурилган. Масжид бир йўла 4 минг намозхонни сиғдира олиш қувватига эга.

   — Хоразм шундай зиёратгоҳ жойлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёга маълум ва машҳур, — деди меҳнат фахрийси Пардабой Йўлдошев. "Охун бобо" масжидига бориб, руҳий жиҳатдан покландик, буюк алламолар ва азиз Авлиёларимиз меросини ўрганишга бўлган иштиёқимиз ошди.

   Навбатдаги ташрифимиз "Улли Ҳовли" туристик мажмуаси бўлди. Унинг тарихи Хива хонлигига бориб тақалади.

   Туристик мажмуа раҳбари "Дўстлик" ордени соҳиби Давлатназар Ражабовнинг айтишича, Хоразм вилоятида айни пайтда туркман миллатига мансуб 15 минг, "Улли ҳовли" ҳудудида эса 3 минг аҳоли яшайди. 2018 йилнинг 24 апрелида бу ерга Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари Президентлари ташриф буюришиб, туристик мажмуани кенгайтириш, хорижий сайёҳлар учун қулай имкониятларни яратиш юзасидан ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришган. Туристик мажмуа жамоаси ўз фаолиятларини шунга монанд ташкил этиб, музей экспонантларини бойитишди.

   Сўз мулкининг султони мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини Урганчда нишонлаганлигимиз қалбимизда бир умрга муҳрланиб қолади. 9 февралда биз — жиззахлик саёҳатчилар учун "Хоразм" меҳмонхонасида кечки зиёфат ташкил этилди. Тўкин дастурхон атрофида "Ўзбекконцерт" бирлашмаси     Хоразм бўлими хонандалари ижросида куй-қўшиқлар янграб, жиззахлик туристлар рақсга тушишди.

Дилкаш даврада Хоразм вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулсара Қурбонбоева, "Хоразм ҳақиқати" — "Хорезмская правда" газеталарининг бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг хотин-қизлар комиссияси раиси Муяссар Раҳимоваларнинг самимий табрик сўзларидан кўнглимиз тоғ қадар кўтарилди. Вилоят газеталарининг бош муҳаррири С.Раҳимбер-ганова томонидан ҳамкасбларимизга совға қилинган "Хоразм солномаси" ("Хоразм ҳақиқати" — "Хорезмская правда" газеталарининг 90 йиллигига бағишланган) китоби нафақат камина, балки ижодий жамоамиз қалбига чексиз қувонч бағишлаганлигини сўз билан ифода этиш қийин. Хоразмдан олиб келинган юқорида номи зикр этилган китоб Хоразм — Жиззах журналистлари ўртасидаги ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.

САЛОМ ХИВА, ТАРИХИЙ ШАҲАР

   Бу қадимий шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи нишонлангандан сўнг орадан 24 йил вақт ўтди. Салкам чорак аср мобайнида Хива қанчадан-қанча маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига ром этмади, дейсиз.

Хивага борган киши бу ердаги "Ичан-Қалъа" давлат музей-қўриқхонасини зиёрат қилмасдан қайтмайди. У 1920 йилнинг 27 апрелида Хоразм Халқ Республикаси 1-қурултойининг қаро-рига асосан Хива хонлари саройи кўҳна Арк биносининг арзхонасида очилган. 1990 йилнинг 12 декабрь куни Хива "Ичан-Қалъа" музей қўриқхонаси жаҳон маданий мероси ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига киритилган. Музей-қўриқхона экспозицияларида қадимдан то ҳозирги кунгача бўлган Хоразм тарихи, амалий санъати, ҳунармандчилиги, маданияти ва адабиёти акс эттирилган.

   Ҳудудда жами 53 та тарихий ёдгорлик жойлашган. "Ичан-Қалъа" баланд пахса девор билан ўралган бўлиб, Ота дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Боғча дарвозалари тўрт томонга қаратиб қурилган. "Хоразм Ҳайёми" номини олган Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, бошқа осориатиқалар биз — жиззахлик зиёратчилар эътиборини чунонам ўзига ром этдики, таассуротларимиз саҳифаларга сиғмайдиган даражада.

Хивадан қайтаётиб, Зоминнинг Қизилсой қишлоғида яшовчи Сайёра Худойқуловани суҳбатга тортдик.

   — Кўчани кўрмаган аёлларнинг бириман. Мен қаёқдаю Хоразм қаёқда эди. Шундай зиёратгоҳ жойларда бўлишимизнинг ўзи катта бахт. Биз аёлларга бундай имкониятларни яратиб берганларга катта раҳмат.

Саёҳатимиз давомида хоразмлик курсдошлар билан дийдорлашув бахтига муяссар бўлдим. Уларнинг бири хивалик Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Давлатёр Раҳимов бўлса, иккинчиси Хоразм вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси Рустам Раҳимовдир.

   Ҳар иккала ёшулли билан кўришмаганимга бир кам эллик йил бўлибди. Хоразм миллий таомлари билан тўкин дастурхон атрофида мириқиб суҳбатлашдим. Шундай кунларга — дўстлар дийдорига тўймоқликни ато этган Аллоҳга шукроналик келтирдим.

   Ўзбекистоннинг тарихий воҳаси — Хоразм таассуротлари ҳақидаги саёҳатномага шу ерда хотима ясаб, бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжоннинг мана бу ўйноқи сатрларини келтириб ўтишни жоиз, деб ҳисоб-ладим.


Аму билан Сирдан сув ичган,

Зарафшонни лойқатиб кечган.

Арғумоқлар қўшиғи бордир,

Бу шундайин ажиб диёрдир...


Жайхундай жўшавер, ғайратга-ғайрат қўшавер, хоразмлик элдошим! Бағрингда яна юз кўришгунча, хайр.

Турсунбой КАМОЛОВ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.