DataLife Engine > Жамият > ДИЛКАШ ДЎСТ, ЙИРИК ТАШКИЛОТЧИ ЭДИ

ДИЛКАШ ДЎСТ, ЙИРИК ТАШКИЛОТЧИ ЭДИ


5-03-2019, 14:51. Разместил: User Салоҳитдин ака билан ҳар ойнинг охирида, дам олиш кунларида кейинги ойнинг иш режаларини, ўтган ой учун ходимларнинг ҳамда жамоатчи мухбирларнинг қалам ҳақ(гонорар)ларини белгилашга тўғри келарди. Шундай кунларнинг бирида С.Сафаровнинг турмуш ўртоқлари Ибодат янгамиз: “Дадаси, Ҳакимжонни уч нафар қизи бор экан. Агар шаҳаргакўчиб келса, албатта ўғилли бўлади”, деган эдилар. 1994 йили Жиззах шаҳридан уй олдим. Орадан икки йил ўтгач яна фарзандли бўлдим. Ибодат янгамиз айтгандай ўғил эмас, икки нафар эгизак қиз фарзандларим дунёга келди. Ҳар сафар Салоҳитдин аканинг уйида бўлганимизда янгамизнинг ўша гапларини эслаб, кулишиб олардик.
Ўша воқеаларга ҳам 25 йилдан ошибди.
1986 йили ўқишни тамомлаб қўлимга журналист деган дипломни олиб, бир йил йўлланма асосида Сирдарё вилоятидаги туман газеталарининг бирида ишлашимга тўғри келди. Оиламиз Жиззах вилоятида истиқомат қилгани учун, уларга яқинроқ жойда ишлаш ниятида Жиззах вилоят телерадиокомпаниясига иш сўраб келдим. Мени телерадиокомпания раисиНасим Нориев қабул қилиб, суҳбат қилди, сўнгра котибага “Менга Салоҳитдинни чақиринглар”, деди. Орадан бироз вақт ўтгач эшикдан Салоҳиддин ака кириб келди. Насим ака “Салоҳиддин, кадрлар етишмаяпти, деган эдинг. Мана сенга яна бир ёш кадр олиб келдим, журналистика факультетини тугатган. Бир йил Сирдарё вилоятида ишлабди. Энди ўзинг буёғига тарбиялайсан”, деб айтдилар. Салоҳиддин ака ота-онам, қаерда туришимиз, кўпроқ қайси соҳаларда ёзишим каби масалаларда сўраб суриштирди. Шу билан ишга киришиб, радио техникаларини ишлатиш сирларини ўрганиб, турли соҳаларда жойлардан радиоэшиттиришлар тайрлаб кела бошладим.
Етти йил давомида Зафаробод туманидан қатнаб ишлашимга тўғри келди. Гоҳ-гоҳида телерадикомпания биносининг ўзида, меҳмонлар учун ажратилган хонада тунаб қолардим. Ой охирлаши билан Салоҳитдин ака билан қоғоз қаламларни олиб, у кишининг “Желлигули” маҳалласидаги хонадонига бориб, юқорида айтиб ўтганимдай янги ой иш режалари, қалам ҳақларини ёзиб, кунни ўтказардик. Салоҳитдин ака катта ҳовлисидаги боғ ва ток кўчатларини, ўз қўллари билан етиштирган кўкатларни, гулу райҳонларни парваришлашдан баҳра оларди. Дасурхонини ҳам ўзининг томорқасида етиштирилган боғ ва полиз маҳсулотлари безаб турарди.
Ҳар йили 3 март куни Салоҳитдин ака(раҳматли)нинг уйида унинг ҳамкасблари, ёру дўстлари, қариндошлари тўпланиб, таваллуд кунини нишонлаш одат тусига кириб қолганди. Қўли очиқ, бағри кенг, меҳмондўст устознинг ҳар қандай давраларда барчанинг кайфиятини кўтарадиган ҳазил- мутойибаларини эсдан чиқариб бўлармиди. У киши билан ҳазил қилишга, гап топиб беришга ҳеч ким ботина олмасди. Ҳазил қилган киши ҳам тегишли ҳазиломуз жавобни олганидан сўнг, қайтиб ҳазиллашишни ўйлаб кўрадиган бўларди.
Салоҳитдин аканинг оддий ишчидан тортиб раҳбарлик лавозимларида ишлайдиган дўстлари жуда кўплигини ҳаммамиз яхши билардик. Биз касбимиз тақозоси билан ана шундай кишилар билан учрашиб қолсак, улар “Ҳа, “облгап” жўнатдими?”, деб қўйишарди. Аслида, Салоҳитдин акага гап топиб бераолмаганларидан “Ҳамма гапни Салайитдинга чиқарган”, деб ҳазиллашишарди. “Облгап” ҳам аслида шундан келиб чиққан. Салоҳитдин Сафаров ҳақида ёзилган мақолаларнинг бирида у кишининг уй кутубхонасида 2000 дан зиёд жаҳон дурдоналаридан борат китоблари борлиги айтилган эди. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Китоб мутолаа қилишга бўлган катта қизиқиши ҳам у кишининг сўзга бой, етук журналист, раҳбар бўлиб шаклланишида катта аҳамият касб этган.
Вилоят телерадиокомпаниясида ишлаган кезларда ҳам, “Жиззах ҳақиқати”–“Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган пайтларида ҳам қўл остидаги ходимларга барча шарт –шароитларни яратиб берар, оилавий аҳволини сўраб-суриштириб, ёрдам берарди. Бахмал ёки Ғаллаорол туманида ташкилотнинг ёрдамчи хўжалигини ташкил этиб, кузда барча ходимларни қиш фасли учун бепул картошка, сабзи, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминларди. Ҳақиқий маънодаги тадбиркор, ташаббускор, ташкилотчи раҳбар эди.
1986 йили вилоятимизда телевидение ташкил этилди. Ўша даврларда телевидение ташкил этишнинг ўзига яраша қийинчиликлари кўп эди. Шунга қарамасдан С.Сафаровнинг бевосита раҳбарлиги, елиб югуришлари туфайли вилоят телевидениеси ташкил топди. Телевидение учун зарур бўладиган техникалар, асбоб-ускуналар келтирилди, мутахассислар тайёрланди.
2000 йилдан бошлаб 12 йил давомида С.Сафаров “Жиззах ҳақиқати”–“Джизакская правда” газеталарининг бош муҳаррири вазифасида ишлади. Унинг бошчилигида таҳририятда ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди. Газета офсет усулида чоп этила бошланди. Туман ва тармоқ газеталари ҳам шу босмахонада босилди. Газеталаримизнинг адади ҳам, мазмундорлиги ҳам ошди.
С.Сафаров кадрлар тайёрлаш масаласига жуда катта эътибор қаратарди. Ўз шогирдларининг “катта қозон”ларда қайнаб, ҳаётнинг паст-баландини яхши англашлари учун ёрдамини аямасди. Бугунги кунда вилоятимиз матбуот ва оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган ижодкорларинг кўпчилиги унинг шогирдлари. Ана шундай шогирдларидан Баҳодир Назаров – “Жиззах ҳақиқати”–“Джизакская правда” газеталарининг бош муҳаррири, Эркин Шермонов – вилоят телерадиокомпаниясининг директори, Улуғбек Адилов – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармасининг бошлиғи, Бахтиёр Худойбердиев –“Камолот кўзгуси” газетасининг бош муҳаррири. Ҳозирда ушбу соҳада қалам тебратаётган Салоҳитдин аканинг шогирдларини яна кўплаб мисол келтириш мумкин.
Вилоятимиз матбуоти ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, самимий инсон, устозимиз С.Сафаров номи ҳамиша қалбимизда, хотирамизда.
Ҳаким Тилябов.

скачать dle 12.0
Вернуться назад