DataLife Engine > Жамият > МЕҲНАТДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ

МЕҲНАТДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ


17-01-2022, 09:11. Разместил: User

   — Иттифоқ пароканда бўлганда, мустақилликкача бўлган қисқа давр орасида бизнинг ҳам хонадонимизда қийинчиликлар бўлди, — дейди ҳунарманд Орзихон Алимова. — Ана шу пайтда қизларим билан тун бўйи кашта, қуроқлар тикардик. Мен бир ҳафтада икки сумка қилиб, Қозоғистоннинг Еттисойига олиб бориб сотиб келардим. Ана шу йўл билан тирикчилик қилиб, кун кўрганмиз.

   Орзихон опанинг миллати қирғиз, Жиззах шаҳрида яшайди. 11-13 яшар қиз пайтида 1968-70 йиллар, Жиззах чўлларини ўзлаштириш даврида бу ерда оиласи билан ўрнашиб қолди. Тақдир тақозоси билан ўзбек йигити Қодирга турмушга чиқди. Турмуш ўртоғи оламдан ўтгач, беш фарзандни қўлидаги ягона шу ҳунари билан боқиб катта қилди. Болаларим ҳеч нарсага зориқмасин, дея кунни тунга улаб меҳнат қилди.

   — Устозим ўзимнинг онам, у ўткир чевар бўлган, — дейди опа. — Унинг ҳунари синглим ва менга мерос қолди. Қуроқларнинг тури кўп, қирғиз, қозоқ, Жиззах қуроғи бор. Фарқлари шуки, қирғизча қуроқда ўз миллий шакллари бор, шахмат қуроқ кўп қўлланилади. Мато бўлакчалари шахмат қилиб букилиб, гул шаклида терилади. Қозоқчасида материални чизиб, бошқа материални ёпиштириб ўйма қуроқ қиламиз. Буларнинг ичида энг соддаси Жиззах қуроғидир. Ораларига рангли ялтироқ материаллардан қилиб тикилади. Булардан ётоқхона чойшаби, ёпинчиқ, чимилдиқ тикамиз. Битта 2,5 метрлик узун кичик кўрпани икки кунда тикиб битирамиз. Дастурхон, чойшаб, чимилдиқ, кўрпалар буюртма беришади. Келиним тикувчи, унга театрлардан либослар буюртма қилишади. Вақтида тикиб топширамиз. Бахмалдаги қирғиз мактабидан қирғиз либосларини буюртма қилишади.Каштачиликнинг ҳам ўз сирлари бор. Юлдуз, атиргул нақшлари бахтли ҳаёт, яхши ниятлар рамзидир.

   Орзихон опанинг келинидан ташқари яна икки тикувчиси бўлиб, улар Арнасой ва Бахмалдан келишган. Каштачилик, қуроқчилик сирларини ўрганишга қизиқиб, бу ерга кўплаб ёшлар ташриф буюришади. Яқинда Ғаллаорол ва Зарбдордан икки қиз ўрганиб кетди. Ҳунарининг ортидан кўплаб танловлар, кўргазмаларда қатнашди, тажриба алмашди. Ҳатто либослар ва кўрпалар буюртмасини олди.

   —Кўп қўшниларим келганда ишимни кузатиб, сабрингизга баракалла, мен бўлганимда тарс ёрилиб кетардим чидолмасдим, дейишади, — дейди ҳунарманд. — Бунинг ҳар бирини жойига қўйиб, гулинигулига туширгунча бош қотиб кетади. Бу ишни ҳечам қилмасдим, миям чарчаб кетади деган кўп бўлади. Шу ҳунаримнинг ортидан ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлдим, бир йил бўлди. Зомин, Форишдаги танлов, кўргазмаларда иштирок этдим. У ерда қирғиз, қозоқ кийимларига буюртмалар олдим. Зоминга борганда тошкентликлар икки бор қуроқчилик маҳсулотларини сўрашди, тикиб топширдик. Тошкент, Андижонга кўрпалар тикиб жўнатдик. Даромади ёмон эмас, тикувчининг ҳам тикиш ҳаққи чиқади, ўзини қоплайди. Биз ҳам тикиш жойини каттароқ қилиб олсак, янаям кўпроқ ишлашга ҳаракат қилардик. Ҳунар — зардир, ҳар бир ёш қиз уни ўрганиши керак. Битта нарса тикиб сотса ҳам, рўзғорга фойдаси тегади. Юртимизда ҳунармандларга, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга катта эътибор берилаяпти. 80 йиллар билан ҳозирги йилларнинг осмон билан ердек фарқи бор. Охирги 5 йилда қанча янги қурилишлар қилинди. Жиззахда “Олмазор сити” қурилди, биз ҳам кредит тўлови билан уй олдик.Агар имтиёз берилмаганда бу уйларни олиш қаёқда эди! Ҳар бир янгиликлар ортида яхшиланаётган инсон тақдири турибди...Бу йилда биз каби ҳунармандларнинг меҳнати янада қадр топади, дея қувончдаман.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.
скачать dle 12.0
Вернуться назад