DataLife Engine > Жамият > БАЛИҚ ТУТИШНИ ҚАЧОН ЎРГАНАМИЗ?

БАЛИҚ ТУТИШНИ ҚАЧОН ЎРГАНАМИЗ?


20-01-2021, 09:23. Разместил: User

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатидан "Аҳолининг ўртача турмуш даражасини юқорига кўтариш учун нима қилиш керак?", деган саволга тўлиқ жавоб топиш мумкин. Зеро, Президентимиз Мурожаатномасида 2021 йилда бажарилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтган бўлса ҳам, бу вазифалар амалга ошса, ўн йилларга татигулик натижаларга эришамиз.

   Биргина "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "Темир дафтар"ларнинг жорий этилиши натижасида жамиятимизнинг ушбу қатламларида охири йўққа ўхшаб кўринаётган муаммолар барҳам топади. Йилдан йилга баҳорги қўзиқориндай кўпайиб бораётган камбағаллик кўрсаткичи камайиб, деярли йўқ бўлади. Нега «деярли» сўзини ишлатдим — чунки, камбағалликдан қутилишни аввало инсоннинг ўзи хоҳлаши керак. Зеро, ичимизда боқимандаликни ҳаёт тарзига айлантириб олган, нуқул "бер-бер"лардан чарчамаётган безбетлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, ўз вақтида шундай яшашга ўзимиз ўргатиб қўйдик. "Бечора фалончи қийналиб қолибди!" дея озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни ўз зиммамизга олдик. Иккита нон, бир кило шакар олиб борсак ҳам газеталарга ёздик, телекўрсатувлар ташкил этдик. Ҳолбуки, ногирон бўлса майли, уларга ҳар қанча яхшилик қилсанг арзийди. Лекин тўрт мучаси соғ одамларга ҳам "ҳомий"лар тайинлаб, камбағаллар сонини кўпайтириб юбордик.

   Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов давлатимиз раҳбари Мурожаатномасига ўз муносабатини билдирар экан, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "Темир дафтар"ларни "Ҳаётбахш учлик" деб аташни таклиф этди. Мантиқан олиб қараганда, бу дафтарлар ҳақиқатан ҳам ҳаётбахшдир. Чунки, улар самараси ўлароқ аҳолининг кам таъминланган қатламиҳаётида ижобий ўзгаришлар юз беради, эзгуликка, яхшиликка ишонч ва умид пайдо бўлади.

   Хитойда "Оч қолган одамга балиқ берма, балиқ тутишни ўргат", деган мақол бор. Шу пайтгача биз камбағалларга "балиқ" бериб, унинг эҳтиёжларини қондиришга уриниб келдик, бу ҳеч нарсани ўзгартирмади. Аксинча, вазият чигаллашгандан чигаллашди. "Балиқ" сўровчилар сони кўпайиб борди. Ҳисоботларда улар сонини камайтиришга ҳаракат қилсак ҳам минглаб билимсиз, кўникмасиз, малакасиз юртдошларимизнинг хорижга ишга кетиши худди яширилган хасталикни ошкор қилган иситмадай хўжакўрсинга тайёрланган ҳисоботларнинг сохталигини ошкор қилиб қўяверди.

   Ниҳоят, бундан тўрт йил аввал бундай сохтакорликка бутунлай барҳам берилди. Яъни, аслида иш ўрни йўқ ташкилотлар билан коллежларни тугаллаган ёшлар ўртасида ишга қабул қилиш ҳақидаги сохта шартномалар, олий маълумотли, малакали мутахассислар талаб этилган жойларга ўрта махсус маълумот эгаларига йўлланма бериш каби, таъбир жоиз бўлса, фирибгарликлар тўхтатилди. Ўзимизни ўзимиз алдамай яшашга ўргана бошладик. Юқоридаги муаммоларни ҳал этишда янги иш ўринлари яратиш ҳисобига ечим изладик.

   Биргина мисол — ўтган 2020 йилда 12604 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, бу рақам 15075 тага етказиб бажарилди. Бу иш ўринлари осмондан тушгани йўқ. Вилоятимизда юзлаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди, минглаб тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун 5,9 триллион сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Жумладан, вилоятимизга 465,8 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция кириб келди.

   Қиймати 3,1 трлн. сўм бўлган 322 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди. Бу маблағнинг ҳисобига саноат соҳасида 86 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 117 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 119 та янги корхона ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 4235 та янги иш ўринлари яратилди.

   Ҳаёт тобора илгарилар экан, янгиликлар ҳам кўпайиб бораверади. Биз бундан ўн йил аввал тасаввуримизга ҳам сиғдиролмаган янги касблар пайдо бўлмоқда. Ақлли одамлар бу касбларнинг мамлакат равнақида муҳим аҳамият касб этишини англаб, ўқиб-ўрганишмоқда. Енгил йўлни танлаганлар эса билса-билмаса ушбу соҳаларда ишлашга, уларни бошқаришга ҳаракат қилиб кўришмоқда. Масалан, дастурчилик касби давримизга таққослаганда ўта мураккаб касб. Лекин яқинда ташкил этилган IT PARKда ана шу касбни эгаллашга интилганларга муносиб билим асослари ўргатилади. Келажакда ҳар бир корхонада дастурчилар фаолият кўрсатадилар, улар корхона учун янги лойиҳалар ишлаб чиқадилар, бир сўз билан айтганда, ишлаб чиқариш келажагини белгиловчи мутахассислар бўлиб қолишади.

   Ёки тобора удум бўлиб бораётган блогерлик касби ҳам ҳозир шу соҳага қўл ураётганлар ўйлаганчалик енгил касб эмас. Тезкор ахборот тарқатишнинг ўзига яраша жавобгарлиги ва масъулияти бор. Бу касб эгалари етарли даражада фалсафий, адабий, сиёсий, мантиқий билимларга эга бўлишлари лозим. Ҳаммасини вақт ҳал этади, шунчаки шов-шувли воқеаларни тарқатишга ўрганиб қолган "блогер"лар куни тугаб, соҳада ўқимишли, зиёли, мамлакат қонунларини ҳурмат қиладиган касб эгалари яшаб қолади. Бу соҳа эгаларини ўқитиш, малакасини ошириш ишлари бошланиб кетди.

   Аҳолини иш билан таъминлашга бевосита алоқадор бўлган вилоят Бандлик бош бошқармасининг ҳисоботларига кўз югуртирамиз. Ўтган йил давомида 42 марта "Бўш иш ўринлари" ярмаркаси ташкил этилиб, уларда иштирок этган 3413 нафар юртдошларимиздан 1925 нафари доимий иш билан таъминланибди. 1874 нафар фуқаро ишсизлик нафақаси билан таъминланган. 2059 нафар ишсиз шахс махсус ажратилган квоталар асосида ишга жойлаштирилган.

   Бугунги кунда томорқасидан фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқараётган юртдошларимиз сафи ўсиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этиш лозим.

   Вилоятимизда энди Бандликка кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси асосида ишга қабул қилинган ходимлар "Малакаси етишмас экан" деган изоҳ билан ишдан бўшатилмайди. Чунки, мазкур ходимни ишга қабул қилган корхона уни ўқитиб, малакасини оширишга ўзи мажбур. Бунинг учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ажратилади. Биргина ўтган йилнинг ўзида ишлаётган ходимларни қайта ўқитиш учун 96 млн. сўм субсидия ажратилди. Тадбиркорлик қилишни истаган 359 нафар юртдошларимизга эса 79,1 миллион сўмлик субсидиялар берилди.

   Шулардан энг кўп субсидиялар қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун ажратилди. Ўз томорқаларида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик, кўчат ва суғориш ускуналари сотиб олиш учун 2362 нафар хонадон эгасига 4 млрд. 227,5 млн. сўм беғараз ёрдам кўрсатилди. Жорий йилда ҳам ишлаётган ходимлар малакасини ошириш, тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш, тадбиркорликка ўқитиш, томорқаларни ўзлаштириш ва ер эгалари ширкатларига субсидиялар ажратиш давом эттирилади.

   Хорижда ишлашни хоҳлаганларга шарт-шароитлар яратиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Эндиликда яқин хорижий давлатларга тилни ўзлаштирган, хорижий ҳамкорлар талабига жавоб бера оладиган касб ва малакага эга аҳоли қатламлари ишга юборилади. Шуларни ҳисобга олиб, Россия Федерациясининг Москва, Ярославл, Воронеж, Ростов, Самара каби вилоятларининг маъмуриятлари билан келишувга эришилди, жорий йилда 5000 нафар юртдошимиз қонуний асосда ишга юборилади. Москва, Санкт-Петрбург, Воронеж, Омск, Калуга каби вилоятлардаги йирик иш берувчи субъектлар раҳбарлари билан видеомулоқотлар олиб борилмоқда.

   Бундан ташқари Қозоғистон Республикасига 500, бошқа давлатларга 600 нафар ўзбекистонликлар ташкилий равишда ишга юборилади. Энг асосийси, хорижга борган юртдошларимиз у ерда иш излаб тентирамайди. Чунки, улар Жиззах шаҳрида ташкил этилган "Ишга марҳамат" мономарказида, Арнасой, Бахмал, Фориш, Шароф Рашидов, Ғаллаорол туманларида маҳаллий аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида таҳсил оладилар. Бу масканларда юртдошларимиз хорижий тилларни ўрганишади, хорижда зарур бўлган касблар йўналиши бўйича таълим оладилар. Масалан, Россияга борувчи юртдошларимиз рус тилидан хабардорлиги ҳақидаги махсус сертификат билан йўлга чиқишади. Бундай сертификатга эга бўлмаганлар Россияда имтиҳондан ўтишларига тўғри келади.

   Гапни мухтасар қилиб айтганда, балиқ тутишни ўргана бошладик. Энг асосийси, бу жараёнда ҳалоллик билан иштирок этсак, лафзда қатъий бўлсак, овимиз бароридан келаверади. Зеро, ҳаёт давом этганидай, тараққиёт ҳам бир жойда тўхтаб турмайди.

Асад МУСТАФОЕВ.

скачать dle 12.0
Вернуться назад