Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ...

КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ...

30-11-2020, 14:44
Автор: User
Просмотров: 170
Комментариев: 0
Версия для печати

—Йигит ўз севгилисини пичоқлаб ўлдирибди, —дея хабар берди вилоят ИИБ ходими, катта лейтенант Рустам Рахматов.

"Нега?" деган савол отилиб чиқди юрак тубидан. Менимча ҳаммада шундай савол туғилса керак. Наҳотки инсон зоти ўзи меҳр-муҳаббат қўйган яқин кишисига қўл кўтарса?! Тизгинсиз саволлар ёғилиб келаверди. Юрак ютиб савол беришга ҳам мажолсиз бўлиб қолдим. Бу қандай тубанлик бўлди?!

Ўзимда куч топиб, яна суҳбатни давом эттирдим,Рустамдан воқеа тафсилотларини сўрадим.

—Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ш.Рашидов тумани, "Куёвбоши" ҚФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Б.Т. исмли 25 ёшли йигит ўзидан бир ёш кичкина бўлган З.С.га совчи юборади. Қиз рад жавобини бергач, Б.Т. унинг уйига бориб, ошхона пичоғи билан кўкрак қафасига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказади. Йигит қилғиликни қилиб, яширинган. Қиз эсаРШТЁИМнинг Жиззах филиалида ўзига келмасдан вафот этган. Қотил йигит ўша куни ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган.

Касални яширсанг иситмаси ошкор бўлади, деганларидек, ҳаёт ҳақиқатини яшириб бўлмайди. Ҳаёт йўллари турли-туман. Унда гоҳ қувонч, гоҳ ғам алмашиб туради. Ҳеч бир инсон мен доим ҳаёт йўлларининг текис ва ёруғ йўлида юраман, деб айта олмайди. Чунки бу йўлларнинг оқ ва қора чизиқларини ҳамма бирдек босиб ўтиши табиий. Халқимиз бежизга ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, демайди. Ҳаётдаги қийинчиликларни собит ирода билан, ақл билан енгиш керак. Афсуски, кейинги пайтда ёшларнинг калта ўйлиги, турмушдаги баъзи қийинчиликлар олдида эсанкираб қолаётганлиги, оила қуришга тайёр эмаслиги, билиб-билмай турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этаётганлиги барчани ташвишга солмоқда.

Айниқса, инсоний муҳаббат масаласида баъзи ёшлар адашмоқда. Бу соф туйғуни эрмак қилаётганлар ҳам, уни сотаётганлар, сотиб олаётганлар ҳам бор. Эрмак қилувчилар сирасига бир неча қизларга "севги" изҳор этган йигитларни, сотаётганларга эса яхши кўрган йигитини алдаб, бошқа йигит билан турмуш қураётганларни, сотиб олаётганларга ота-онасининг пул, мол-дунёсига учиб қизига уйланаётган йигитларни киритсак бўлади. Лекин кўпчилик жону жаҳонни ўртайдиган пок муҳаббатига гард юқтирмайди. Бундайларга ҳавас билан қарайсан киши. Узукка қўйилган ёқут кўздек улар. Турмушлари ҳам бинойидек. Энг муҳими, улар бахтли яшаяпти. Аммо ҳақиқий севгини тушунар-тушунмас "Мен сени севаман" дегувчилар ҳам топилади. Охир-оқибат бу севги сароб эканлиги маълум бўлади.

Ўзбек оилаларидаги минг йиллик қадриятларни ҳеч ким ўзгартиролмайди. Қизи бор хонадонни шоҳ ҳам, гадо ҳам тақиллатади, дейди доно халқимиз. Яъни, йигит тарафдан катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар қизнинг хонадонига совчи бўлиб боради. Икки ёшнинг бахтли-саодатли бўлиши учун ширмой нонлар бежизга синдирилмайди, ширинликлар улашилмайди. Ҳаётлари ана шу нондек покиза бўлсин, ширинликлардай ширин бўлсин, деб қилинади. Аксинча бўлса-чи?! Йигит қизга, қиз йигитга ёқмаслиги мумкин. Яъники, кўпгина ҳолатларда талабгор йигит билан қизнинг учрашуви ташкил этилади. Икки ёш бири-бирини кўрсин, яхшилаб танишсин, характерларини ўргансин, муроса-ю мадора қилиб, бўлғуси ҳаётларини келишиб олсин, деган мақсадлар ётади бу учрашувнинг таг замирида. Бу учрашувга икки ёшни турмуш қурган, ҳаётий тажрибаси бор келинлар олиб чиқади. Учрашувдан кейин йигитга ҳам, қизга ҳам ўйлаб кўришлари учун вақт берилади. Йигит қиз билан учрашувдан кейин характерларимиз тўғри келмади дейиши мумкин. Яъни, унда қизнинг кўнгли йўқлигини сезади. Аксинча, қиз ҳам йигитнинг феъл-атвори ўзиникига тўғри келмаганлигини очиқ айтишга ҳақли.Халқимиз "Бу кўнгил иши", деб бежизга айтмайди. Афсуски, бундай удумларимизни менсимайдиганлар ҳам ҳаётда учраб турибди.

Хуллас, оила—муқаддас эканлигини, оилавий ҳаётнинг ўзига хос томонлари ҳақида ёшларга тушунтириш, улар билан бу борада суҳбатлар олиб боришни умумтаълим мактабларида, маҳаллаларида тез-тез ўтказиб турилса, айни муддао бўларди. Ота-оналар ҳам фарзандларини оила қуришга тайёрлашлари, уларнинг маънавий-руҳий ҳолатини билишлари зарур. Юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишга ҳар бир ота-она, маҳалла фаоллари масъулдирлар. Йигитнинг калтафаҳмлиги нимага олиб келди? Бир оиланинг неча йиллар давомида оқ ювиб, оқ тараган суюкли фарзандини нобуд қилган йигит эндиликда ёшлигининг энг гуллаган даврини қамоқда ўтказади. Лекин ўзининг ота-онаси, яқинларининг юзига қандай қарайди?! Қолаверса уни бир умр виждон азоби қийнамайдими?!

Лочин БЕК.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.