Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » МЕҲНАТНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ

МЕҲНАТНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ

24-11-2020, 15:49
Автор: User
Просмотров: 146
Комментариев: 0
Версия для печати

   Иссиқ жон иситмасиз бўлмас деганларидек, кундалик ҳаётда ҳамманинг ҳам шифокорга иши тушади.

   Ана шундай вақтда азоб исканжасидан қутқариб, ҳаёт завқини ҳадя этган инсон кўзингизга фариштадай кўринади. Ундан бир умр миннатдор бўлиб яшайсиз. Ёки дарддан жабр чекаётган фарзандини хавотир ила шифокорга олиб бориб, маълум вақтдан сўнг жигарбанди кўзларида табассум кўрган ота-онанинг севинчини тасаввур этиш қийин эмас.

   Ҳа, саломатлик посбонлари дея қадрланадиган шифокорлар меҳнати ҳар қандай эътирофга муносиб. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали ортопед-травматологи Абдуманнон Баратов узоқ йиллардан буён соғлиқни сақлаш соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи мутахассислардан бири.

   —Ёшлигимдан шифокор бўлишни орзу қилганман, —дейди у. —Шу мақсад мени Самарқанд Давлат медицина институтига бошлаб борган. Ҳаракатларим самара бериб, талабалик бахти насиб этган кундаги қувончларимни ҳеч қачон унутмайман. Олийгоҳда етук устозлардан сабоқ олдим. 1976 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, мана шу шифохонада иш бошладим. Қирқ икки йилдирки, бу ерда меҳнат қилаяпман.

   Абдуманнон Баратовни воҳамизда қолаверса, мамлакатимизда кўпчилик яхши танийди. Бир маротаба бўлса-да фарзандлари билан унинг қабулида бўлган, ёрдам ва маслаҳатини олган киши борки, Абдуманнон аканинг самимият ва ширинсуханлик ила бемор қалбига ҳам шифо улаша олишининг гувоҳи бўлади.

   Абдуманнон Баратовни жамоадошлари ўз касбининг ҳақиқий фидойиси, катта тажриба ва билимга эга шифокор, жонкуяр устоз, самимий ва камтарин инсон сифатида билишади. Ундан тез-тез маслаҳат сўраб туришади.

   —Касбни севишни Абдуманнон акадан ўрганиш керак, —дейди олий тоифали ортопед-травматолог Ёрқин Камолов. — Устозимизнинг касбга бўлган садоқати, масъулиятига ҳар доим ҳавас қиламан. Баъзида меҳнат таътили, тўй-байрамларда бўлганда ҳам касалхонага оғир бемор келиб қолганда хабар беришимиз билан дарҳол етиб келади. Беморни тўлиқ текшириб, зарур ёрдам кўрсатмагунча тинчимайди. Ҳамкасбларини ҳам доимо шунга ундайди.

   Ҳақиқий меҳнат албатта ўз эътирофини топади. Абдуманнон Баратовнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги узоқ йиллик фидойи меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У 1999 йилда биринчи даражали "Соғлом авлод учун", 2019 йилда "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан мукофотланди.

   —Ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлсам, барчаси яхши кўрган шифокорлик касбим туфайли, —дейди Абдуманнон ака. —Бугун 4 нафар фарзандим, 9 нафар набираларим даврасида яшаяпман. Менга ҳавас қилиб, фарзандларим ҳам шифокорлик касбини танлашган. Бундан жуда бахтиёрман. Президентимиз фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганим эса зиммамдаги масъулиятни янада оширади. Бундан кейин ҳам кучим, имконим борича шу соҳанинг ривожига ҳисса қўшиш, олий мақсадим бўлиб қолаверади.

   А.Баратов меҳнат қилаётган республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг моддий-техника базаси йил сайин мустаҳкамланиб бораяпти. Касалликларни аниқлаш ва даволашда ноёб, илғор ва самарали тиббий ташхис қўйиш, даволаш усулларидан кенг фойдаланилмоқда.

   Травматология бўлимида беморларни замонавий усулларда даволаш ва ЭОП ёрдамида малоинвазив операцияларини қилиш йўлга қўйилган. Олти нафар олий тоифали шифокор, 14 нафар ҳамшира ҳамда 9 нафар тиббиёт ходимидан ташкил топган жамоа аъзолари йилига 1200 нафардан зиёд беморнинг дардига дармон бўлишмоқда. Йилига 500 га яқин операциялар, 100 тагача мураккаб болдир, сон ва елка суяк жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда.

   Ҳа, тани соғлом, руҳи тетик инсонлар эртанги кунга умид билан, ҳаётдан, жамиятдан мамнун бўлиб яшайди. Тиббиёт соҳасида биз тилга олиб ўтган қаҳрамонимиз кабижонкуяр, фидойи юртдошларимиз кўп. Шундай экан, халқимиз саломатлигини тиклаш, уларнинг соғлом, узоқ ва мазмунли умр кечиришини таъминлашдек эзгу мақсадлар давом этаверади.


Лазиз МАМАТҚУЛОВ.

Суратда:(чапдан) олий тоифали ортопед-травматологлар Абдуманнон Баратов шогирди Жасур Ёрлоқабов билан иш пайтида.


Муаллиф олган сурат.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.