Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ЮРИЙ НИКУЛИН ва жиззахлик «Никулин»

ЮРИЙ НИКУЛИН ва жиззахлик «Никулин»

27-05-2020, 10:27
Автор: User
Просмотров: 320
Комментариев: 0
Версия для печати

   Собиқ Иттифоқ Мудофаа вазирлиги таркибида киносъёмка полки ҳам бўлганини биласизми? Маҳалладошимиз Бозорбой Имомов ҳарбий хизматни ана шу полкда ўтаганлардан. Бозорбой акани "Никулин бобо" деб чақиришлари ҳам шу билан боғлиқ.

   1972 йили Бозорбой ака ҳарбий хизматга чақирилади. Келишган, чаққон, рус тилини яхши билгани учунми, ўша полкка юборилди. Қолганини "Никулин бобо"нинг ўзидан эшитамиз:

   — Бир куни полкимизга машҳур ёзувчи Михаил Шолохов келиб, суратга олиниши режалаштирилган икки серияли фильм сценарийси билан бизни таништирди. "Улар Ватан учун жанг қилдилар" «Они сражались за Родину» номли картинага иштирокчиларни танлаб олишди. Ҳозирги тилда айтганда, кастингдан мен ҳам ўтдим.

   Бир неча кундан сўнг бизни съёмка майдонига — Волга дарёси бўйига, ўтмишда жанг бўлиб ўтган Волгоград шаҳридан 90 км. узоқда жойлашган Келецский посёлкасига олиб боришди. Бош режиссёр Сергей Бондарчук, ролларда Василий Шукшин, Владимир Тихонов, Юрий Никулин, Нонна Мордюковалар эди. Мен оддий аскар бўлиб, ҳали окопда, ҳали жанг майдонида қатнашар эдим. Ҳақиқий жанг майдонида фашистларнинг додини бераётгандек ҳис қилардим ўзимни. Бошқа эпизодда немислар каскаси ва обер-лейтенантнинг формасини кийиб, асирларга дўқ-пўписа қилганимда, уруш жуда ҳам даҳшатли эканини ҳис қилганман. Кечаси ҳам кўп марта съёмкалар бўлар эди. Берилиб роль ижро этаётганимни кўриб, режиссёр ҳар замонда мақтаб қўярди.

   Айниқса, Юрий Никулин елкамга уриб, "Молодец, узбекский парень" деганида, ичимга сиғмай хурсанд бўлганман. Бу машҳур актёр жуда самимий, ҳазилга уста эди. Съёмкадан сўнг бизларни кулдириб, чарчоқларимизни тарқатиб юборарди. Саҳнада ўзини қандай тутиш, ҳолатга қараб характерни ўзгартириш ҳақида менга кўп нарсаларни ўргатган.

   Ажойиб ўтган ҳарбий хизматдан сўнг актёр бўлишни дилимга тугдим. Аммо отам қаршилик қилди.

Шофёрликнинг бошини тутдим. Кўп йиллар ишладим. Кейинчалик тақдир тақозоси билан вилоятимиз театрида қоровул бўлдим. Дилимнинг бир четидаги чўғ милтиллаб ўчмаган экан. Театр режиссёри Равшан Йўлдошев мен ҳақимда эшитган экан, бир куни менга роль таклиф қилди. Бу кўп йиллик орзуим, йўқ-йўқ, армоним эди. Ҳаяжон билан театр саҳнасига қадам қўйдим, ўхшади. 14 йил ҳар хил ролларни ижро этдим.

   Шу ўтган йиллар давомида Никулин билан ёзишиб турдик. 1997 йилда у ўзининг 70 ёшлик юбилейига таклиф қилди. Насиб қилмаган экан, боролмадим. Аммо ҳар йили таваллуд санасида табрикларимни етказар эдим.

   "Меҳр кўзда" кўрсатувида ҳам иштирок этиб, Ю.Никулин ҳақидаги хотираларимни сўзлаб бердим. Ёшлигимга қайтгандек енгил тортдим. Шу-шу эл орасида "Никулин бобо" номини олиб кетдим.

Гоҳида ортга разм солиб, ўтган умримдан қониқиш туяман. Менга кўп яхши кунларни раво кўрган Оллоҳимга шукрона айтаман. 90 ёшга кирган онамнинг дуоларини олдим. Фарзандли, набирали бўлдим. "Никулин бобо" бўлиб, ардоқ топдим.

   Аммо кинода бўлсада, уруш саҳналарини кўриб, унинг нақадар даҳшатли экани юрагимга муҳрланиб қолган. Шу сабаб доим "Уруш бўлмасин" дейман. Қолгани топилади!

Суҳбатни оққа кўчирувчи

Бахтиёр САИДАҲМЕДОВ.

Жиззах шаҳри, "Зилол" МФЙ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.