Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ТИНЧЛИККА ШУКРОНА АЙТИНГ!

ТИНЧЛИККА ШУКРОНА АЙТИНГ!

7-05-2020, 10:01
Автор: User
Просмотров: 57
Комментариев: 0
Версия для печати

   Уруш даҳшатларини кўрган, ўқ ёмғирлари остида жанг қилган юртдошларимизнинг ҳар бирини том маънода қаҳрамон десак муболаға бўлмайди. Минглаб ватандошларимиз жангоҳларда мардларча ҳалок бўлишди. Она юртига эсон-омон қайтиб келганларнинг аксарияти эса ногирон бўлиб қолган эди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Юсуп Турсунов ҳам оёғига снаряд парчаси тегиб, мажруҳ бўлиб уйига қайтганлардан.

   Бу йил 99 баҳорни қаршилаган Юсуп Турсуновнинг хонадонини топишгақийналмадик. Негаки, отахонни нафақат тошлоқликлар, балки шаҳарликларнинг аксарияти яхши танир экан.

   —Уруш фахрийси Юсуп отани сўраяпсизми?! Отахон Жиззах шаҳридаги Тошлоқ маҳалласининг Миришкорлар кўчасида яшайдилар. "Баҳора" тўйхонасининг ёнидаги кўчадан кириб, сал ўтмай, ўнга қараб бурилиб, бир оз юрсангиз тўғриотахоннинг хонадонига борасиз, деб йўл кўрсатди шаҳарликлардан бири.

   Юсуп ота билан қилган суҳбатимиз мавзусиузоқ ўтмишга, одамзот бошига оғир ташвиш тушган ўша суронли йилларга бориб тақалди.

   —Фронтга отланганимда 21 баҳорни қаршилаган навқирон йигит эдим, —дейди отахон. — Кўплар қатори қалбимда ёвга нисбатан чексиз нафрат бор эди. Жиззах тумани босмахонасида ишловчи ҳамкасбларим, ота-онам, қўни-қўшнилар ва маҳалладошларим менга оқ йўл тилаб, кузатиб қолишди. Дастлаб Самарқанд шаҳрида ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Сўнгра Сталинградни озод қилиш учун бўлган жангларда қатнашдим. Урушнинг энг қизғин палласи эди ўшанда. Бу шаҳарнинг озод этилиши урушда катта бурилиш ясашини билардик. Шу боис ҳаммамиз жон-жаҳдимиз билан фашистларнинг ҳар бир истеҳкомини тор-мор қилишга интилдик. Минг-минглаб ўзбек йигитлари мардонавор жанг қилди. Бундан ташқари, Воронеж шаҳри, Польша ва Чехославакияни душмандан озод қилишга ўз ҳиссамни қўшдим. Замбаракларнинг гумбурлаши, бомбаларнинг ерни зир титратиши, танкларнинг гувиллашлари, ўқ ёмғирларининг овози ҳали-ҳамон ёдимдан чиққани йўқ. У дамлар кечагидек эсимда. Кечалари окопларда изғиб, қўлимизда қурол билан қачон уруш тугаркин, қачон ота-онамизнинг дийдорини кўрарканмиз, деб тонг оттирардик. Урушнинг қонли гирдоби ёшу қарини ўз домига тортганлигини кўзим билан кўрдим. Гуллаган воҳалар, шаҳару ва қишлоқлар қўрқинчли вайронага айланган эди... Германиянинг Эльба дарёси бўйидаги жангларнинг бирида оёғимга снаряд парчаси тегиб, госпиталга тушдим. Ногирон бўлсамда, уйга жавоб беришмади. 1947 йилгача армияда хизмат қилдим.


   Отахон бошдан кечирганларини эҳтирос билан сўзлар экан, унинг кўзлари беихтиёр намланди. Урушни, мудҳиш дамларни эслаш осон эмас... Шу боис у бугунгидек тинч ва осойишта замонга шукроналар айтади.

   —Шу кунларга етказганига шукур, уруш фахрийси сифатида муҳтарам Юртбошимизга чин дилдан ташаккур билдираман. Хотира ва Қадрлаш куни олдидан эълон қилинган Президентимизнинг "Иккинчи жаҳон уруши қанашчиларини рағбатлантириш тўғрисида" ги Фармонини ўқиб, беҳад қувондим, кўзларим ёшланди. Фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 10 миллион сўмдан мукофот пули ажратдилар. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор... Шундай мукофотлар бизларга насиб этганига Аллоҳга шукроналар айтаман. Бундай юксак ғамхўрлик ва эътибор учун қўлимни кўксимга қўйиб давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдираман.

   —Ватан ҳимоясидан қайтиб, нима билан шуғулландингиз?

   —Отам узоқ йиллар ошпазлик қилганлар, —дея суҳбатимизга қўшилди отахоннинг кенжа ўғли Эгам Турсунов.—"Жиззах" ресторанида, Пахтакор ва Арнасой туманларида ташкил қилинган ресторанларда элга хизмат қилиб, дуо олганлар. Ҳозирги "Боғишамол" илгари "Лысая гора" дейиларди. Шу ресторанни очишда ҳам фаол қатнашганлар. Мазали таомлар пиширишни хуш кўрадилар. Айтишларича, ўзбекнинг паловхон тўрасини қуролдошларига ҳам пишириб берганлар. Бизларга "Агар снаряд парчаси тегмаганда, Берлингача борардим", деб кўп айтадилар.

   Юсуп ота гарчанд Берлингача бормаган бўлсада, Сталинграддан Германиянинг Эльба дарёси қирғоқларигача боришнинг ўзи катта жасорат. Бу жангларда ҳам минг-минглаб ўзбек ўғлонлари жон олиб, жон берган.

   Кўксини кўплаб орден ва медаллар безаган отахон турмуш ўртоғи Меҳри она билан уч ўғил ва уч қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Барча ўғил қизлари ували-жували, уйли-жойли, эл ишига камарбаста. Невара-ю эваралари даврасида отахоннинг дили яйрайди.

   — Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин. Тинчлик — улуғ неъмат, болаларим. Тинчликка шукрона айтинг, азизларим. Унинг қадрига етинг. Мустақил Ватанимизни кўз қорачиғидек асранглар, дейди отахон дилбандларига.

   Юсуп бобо билан хайрлашар эканмиз, у киши шундай деди:

   —Ўзбекистонимиздек жаннатмакон юртда нуронийларга, уруш фахрийларига кўрсатилаётган иззат-икромдан бениҳоя қувонаман. Қалбимда фахр ва ифтихор туйғулари тўлиб тошади. Янаги йил, юз ёшимда ҳам йўқлаб келинглар!

   —Юз ёшда дийдорлашгунча, дея хайрлашдик отахон билан.

Васил ИЛЁСОВ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.