Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » САБР, РАҲМАТ ВА МАҲФИРАТ ОЙИ

САБР, РАҲМАТ ВА МАҲФИРАТ ОЙИ

28-04-2020, 12:37
Автор: User
Просмотров: 200
Комментариев: 0
Версия для печати

   Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат, саҳоват рамзи, Қуръони карим нозил бўлган муқаддас ой Рамазон ташриф буюрмоқда. Мухбиримиз мўмин-мусулмонларнинг муқаддас ва улуғ байрами арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти бош имом хатиби(Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Жиззах вилоят вакили ёки Жиззах вилоят бош имом-хатиби) Меҳмонхон Жабборов биланрамазон ойининг фазилатлари хусусида суҳбатлашди.

   —Бу йилги рамазон ойи бугун дунёда коронавирус пандемияси кенг тарқалган, жумладан, республикамизда ҳам эпидемия сабаб карантин эълон қилинган даврга тўғри келди. Бундай вазиятда рўзадорлар, мўмин-мусулмонлар ибодатни қандай амаллар билан ўтказсалар дуруст бўлади?

   —Аввало, кириб келаётган Рамазон ойини Аллоҳим барчамизга муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни адо этишимизга муваффақ айласин! Рамазон ойида Аллоҳ таоло бизга рўза тутишликни фарз қилган. Бу ойда бажарилган бир нафл ибодати эвазига рамазон барокатидан бандасига фарз ибодатини адо этганлик савоби берилади. Бир фарз қилинган ибодатга эса етмиш фарз ибодатининг савоби ёзилади.

   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга шундай насиҳат қилганлар: “Эй, инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди. Кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор-бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амалини адо этса, етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу— сабр ойидир. Сабрнинг савоби— жаннатдир.

   Рамазон ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват ва шафқат ойидир. Бу кезларда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Рўзадорга ифторлик қилиб берган, уни тўйдирган киши гуноҳларидан мағфират бўлиб, қилган савоби унга каффорат бўлади.

   - Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз рўзадорга берадиган ифторлик тополмаймизку,—деди саҳобалардан бири.

   - Бир дона хурмо, бир қултум сув билан ҳам ифторлик қилиб берган кишига савоб тегади. Аллоҳ таоло уни менинг ҳавузимдан суғорадики, то жаннатга киргунча чанқамайди, — дедилар Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам.

   Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси маҳфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойидақўл остидаги хизматчисига енгиллик берса, Аллоҳ уни мағфират қилади ва дўзахдан асрайди. (Имом Байҳақий ривояти).

   Шу кунларда рўза тутиш истагидаги инсонларни карантин шароити бироз хавотирга солмоқда. Лекин асло бунга ўрин йўқ. Карантинда рўза тутиш одатий рўзадан фарқ қилмайди. Қўлларни тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш рўзани очмайди. Шунингдек, зарурат бўлса оғизни чайқашнинг ҳам зарари йўқ. Томоқдан сув ўтмаса бас, рўза бузилмайди. Карантин сабабли масжидларга, жамоат намозларига чиқишнинг имкони бўлмагани учун телевизор ёки радиодан имомга иқтидо қилиб, жума, таровеҳ намозларини ўқиш жоизми деган савол кўпчиликда туғилиши табиий. Шариатимиз кўрсатмаларига биноан телевизор ёки радиодан имомга иқтидо қилиб, намоз ўқиш дуруст эмас. Чунки, бу ҳолатда имомга иқтидо қилиш шартлари топилмайди. Яъни имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, бир жойда туришлари шарт. Рамазон ойида таровеҳ намозини ҳам карантин сабаб уйда ёлғиз адо этиш жоиз. Лекин хонадон аҳли билан жамоат бўлиб ўқилса, афзалдир.

   Динимизда рўзадорга ифторлик қилиб бериш улкан савоб ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам ўша рўзадорга эга бўлган савобга тенг ажр берилади”. Карантин даврида зиёфат қилиб беришнинг имкони йўқ. Ифторлик учун аталган ёки кетадиган ҳаражатларни фуқаролар ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали муҳтож ва камбағал рўзадорларга бериш билан уларга ифторлик қилиб берганнинг савобини оладилар. Чунки, ифторлик қилиш деганда фақатгина дастурхон ёзиб, одам чақиришни тушунмаслик керак. Ҳозирги карантин вақтида муҳтож фуқароларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир.

   —Закот Исломнинг асосий бешта фарзларидан бири ҳисобланади. Унинг нисоб миқдори бу йил учун қандай белгиланди?

  • Одатда, ҳар йили Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори рамазон ойида эълон қилинарди.

   Лекин юртимизда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин чора-тадбирлари белгиланди. Бу аксарият аҳолининг даромадлари қисқаришига олиб келди. Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб-қувватлаш жуда муҳим ва айни пайтда ажр-савоби кўп бўлган амалдир. Халқнинг бошига машаққат тушганда рамазон ойи келишини кутиб турмасдан бой-бадавлат кишилар молларининг закотини муҳтожларга беришлари айни муддао бўлди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди. Зеро, Шаъбон ойи ҳам фазилатли ойлардан ҳисобланади. Қолаверса, ҳозирги синовли кунларда закот бериш муҳтожларга янада манфаатли бўлиб, унинг савоби бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлади.

   Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг қарорига кўра 2020 йил учун закот нисоби 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм этиб белгиланди. Мазкур қийматнинг қирқдан бири 531250 сўмга тенг бўлади. Шунга кўра зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 сўм маблағга эга бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бирини яъни, 531250 сўмни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши мумкин.

   Ҳозирги синовли кунларда маблағи нисобга етган фуқаролар зиммаларидаги фарзни тезроқ адо этсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки закот берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақлайди. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ “Закотни қасддан бермай, кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди”,—деганлар. Демак, ҳозирги карантин вақтида закот берган киши биринчи навбатда молини хатардан асрайди ва камбағалларнинг мушкулини осон қилиб, уларнинг дуосини олади. Шайтон одамларни, хусусан, закот берувчиларни “Берма, молинг камайиб кетади” деб васваса солиб қўрқитади. Бироқ мол-давлатни фақирга бериш билан ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган, кутмаган томондан Аллоҳ молини зиёда қилади.

   —Динимизда закот олишга қандай тоифадаги кишилар кўпроқ ҳақли ва кимларга закот бериш жоиз саналади?

   —Закотни вакил орқали ҳам муҳтожларга бериш мумкин. Ҳозирги пандемия шароитида республикамизда, вилоятимизда кўплаб хайрия марказлари фаолият олиб бораяпти. Улар жамиятимиздаги муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг қошида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилган. Закот маблағлари фуқароларнинг мурожаатларига мувофиқ аризачиларнинг банк пластик карталарига пул ўтказиш йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бугунги карантин ҳолатини ҳисобга олиб, бу услубнинг жоизлиги ҳақида уламолар фатво берганлар.

   Қайд этиш керакки, закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар; бобо-бувиси, ота-онаси, ўғил-қизлари, набиралар, эр-хотинга бериш мумкин эмас. Ака-ука, опа-сингилларга берса бўлади. Закот беришни аввало, яқин қариндошлардан бошласа, ришталар янада мустаҳкамланади. Силаи раҳмга амал қилиш Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлардан биридир.

   Закот олишга саккиз тоифа кишилар ҳақли ҳисобланади. Энг аввалгилари булар фақирлар ва мискинлардир. Исломий илми бўлмаган кишилар тиланчилик қиладиганларни закотга ҳақли деб ўйлашади. Улар одамларга қўл чўзиб суйкалади, бозор ва бошқа гавжум жойларда туриб, ортингиздан қолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Сизлар бир-иккита хурмо ёки бир-икки тишлам нон берадиганингиз мискин эмас, ҳақиқий мискин ўзини тиланчиликдан тийган кишидир. Хоҳласангиз, Аллоҳ таолонинг “Улар одамлардан хиралик қилиб тиланмаслар” деган оятини ўқинг”,—дейдилар. Яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Садақа бойга ҳам, белида қуввати бор соғлом кишига ҳам ҳалол эмас, бирор банда ҳали ўз қўл меҳнати эвазига келган таомдан ҳам яхшироғини тотмаган”,—дейдилар.

   —Рамазон ойида, карантин эълон қилинган синовли кунларда мўмин-мусулмонларнинг вазифалари нималардан иборат бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

   —Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган. Булар: - жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Кишилар ана шу беш заруратни асраб-авайлаши шартдир. Карантин даврида озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотларни қиммат нархда сотиш ёки савдога чиқармай ушлаб туриш шариатда ҳаром саналади. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгаши томонидан карантин даврида вазият барқарорлашгунга қадар жамоат намозларини вақтинча масжидларда ўқимасликка фатво берилди. Мўмин-мусулмонлар рамазон ойида ўз оилалари даврасида намоздан сўнг зикр, истиғфор ва балони даф этувчи дуолардан кўпроқ ўқишларини тавсия этардик. Қуръони карим инсоннинг ҳиссий ва маънавий касалликларига шифо бўлади. Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 44-оятида шундай марҳамат қилган:

   “У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифо деб айт”.

   Уламоларимиз Оятил курсий, фотиҳа, ихлос, фалақ ва нос сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб туришлик барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли эканлигини уқтиришган.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча мўмин-мусулмонларни, жумладан, халқимизни, юртдошларимизни синовли кунларидан тезроқ халос этиб, соғлик-омонликда, бағри бутунликда биргалашиб, жипслашиб яна улуғ байрам ва тўйларни хурсандчилик билан нишонлашимизга ўзи мададкор бўлсин.

Зоир ЭРГАШЕВ суҳбатлашди.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.