Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ОТАМНИНГ СОЧИ НЕГА ОҚАРДИ?

ОТАМНИНГ СОЧИ НЕГА ОҚАРДИ?

11-11-2019, 14:13
Автор: User
Просмотров: 157
Комментариев: 0
Версия для печати

 


  Азиз меҳмоним, биламан, ҳар жойнинг ўзига хос урф-одатлари бор. Аммо, бизнинг тўйларимиз таърифини эшитганмисиз? “Йўқ”. Унда эшитинг.

   Ҳамма қатори мен ҳам қишлоғим билан фахрланаман. Табиати сўлим, халқи меҳнаткаш. Дуогўй кексалари, мард, вафоли ёшлари, суҳбати жонон қиз-жувонлари борки, ҳавас қиласиз. Жиззахимизнинг бошқа бирор жойида айнан шундай кишиларни ё учратасиз, ё учратмайсиз.

Аммо, тўйларимизнинг айрим “нозик” жойлари борки фақат сизга айтай, бошқалар эшитмагани маъқул. Бўлмаса бу ҳам уруфга айланиб кетади.

   Келин тушириш маросимларининг даҳмазаси кўп, мен сизга айтсам. Нон ушатишдан тортиб, кичик тўй, катта тўй, қиз мажлиси, базму жамшид, куёв чақирди, беҳисоб сарполару, ичимликларгача ҳисоблайверсангиз, ҳар қандай “миллионер”ни банкрот қилиши турган гап. Европани мана мен деган бойваччаси ҳам бундай тўй қилишга қурби етмайди. Йўқ кулманг, бу бор гап. Мабода уларнинг бирортаси тўйимизга келиб, исрофгарчиликларни ўз кўзи билан кўрса борми, шубҳасиз, юраги ёрилиб кетиши мумкин. Негаки, бундай сарф-харажатлар бўлажак келин, қайнота-ю, қайнона, қуда-қудағайлар қистови билан, кўпдан ортда қолмаслик учун қилинаётганлигини у шўрлик қаердан ҳам билсин.

  Уй ичига бир мўраланг. Бай-бай, оёққа иладиган шиппакдан тортиб, турли-туман кийим-кечаклару, зеб-зийнатлар дейсизми, телевизор томоша қилиб, чой ичишга мўлжалланган диван-кресло... ҳаммаси муҳайё.

   Келиннинг опа-сингил, амма-хола, тоға-жиянлари кўнглини олишнинг энг юқори нуқтаси – қиз базми. Кошки, қизларнинг ўзи бўлса... Ёши бир жойга бориб қолган чол-кампирдан тортиб, таниш-нотаниш, сифдошларгача шу ерда.

  Баланд супа. Гўё тахтиравон. Ҳамманинг кўзи ундаги келин-куёвда. Оҳо, қойил, онахонларимиз 18 яшар қиздек ясаниб олишибди-да. Қизлар қайси томонда экан. Э-э, бурчакка ўтириб олиб, поччаларига гап отишаяптими? Гўё осмондаги ойни олгандек куёвтўра кеккайиб ўтиришини кўринг. Бўлажак қайлиғи билан ЭАГС ҳақида гаплашаяпти чоғи.

   Келинпошша анойимас. Дўсти-душман куйсин деб, енгил машиналар сонини ошириб, аллақандай қимматбаҳо машиналарни сафини кўпайтирай, дебди-я. “Некция” бўлмаса, загс-пакисга бормасмиш. Куёв – “мард”. “Қизлар базми” тугасин, уйга бориб, “папашка”га яхшилаб тушунтириб қўяди.

   Хаёлингиз паришон бўлдими, меҳмонжон. Парво қилманг, пул топиладиган нарса-ку.

   Асосий тантана – кечки зиёфатни унитаёзибман-ку... Ана, келин келди-ю, тўйхона бир зумда арининг уяси бўлди-қолди. Кимдир ўтга югурган, кимдир чўпга. Болаларнинг кўплигичи. Дўппингиз сирғалиб кетса, ерга тушмайди-я. Келин-куёв йўлини тўсиб, қадам ташлашга қўймай давра ясаб олган жўраларни кўринг. Куёвтўра ўзида йўқ хурсанд. Чунки, ёнида оппоқ либосда севган ёри турибди-да. Лекин, негадир қайнота безовта. Нега дейсизми? Тўй тугагач, оппоқ кейимнинг осмон баравар нархдаги пулини тезроқ бериши керак. Кечиктирилса, нархи ошиб кетаверади. Негаки, прокатга олган-да. Буни устига тўйхона учун пул керак...

  Базму жамшид бошланди. Ғала-ғовур ичида биринчи сўз маҳалла оқсоқолига берилди.Унинг узундан-узоқ панду-насихати тугагач, даврабоши навбатни санъаткорларга, йўғай отарчиларга берди. Хонанда бир тоғдан, бир боғдан қўшиқ бошлади. Қадахларнинг жаранг-журунги авжига чиққач, куёвжўралар “қизиб” олган, шекилли, овозлари чиқиб қолди. Ана энди тўй тўйга ўхшайдиган бўлди-да.

   Сархуш давра денгиздек чайқалади. Ўйин авжига чиққан. Лабининг бир четига сегарет қистириб олган куёвжўралардан давранинг у ёғидан бу ёғига қочаётган раққосага қаранг. Ия, тутиб олишдими? Қий-чув, хуштакбозлик. Ола, ёшларни ёш десак кексалар ҳам ёшликни бир эслашди шекилли. Раққосанинг ортидан юриб қолишди.

   Жанжал бўлиб турадими, дейсизми? Уни жанжал деб бўлмайди, ака. Давранинг ўртасида шунчаки “ўйин” кўрсатишади, холос. Фақат кўчада, “хўрозча”ларнинг баъзи томошаларини ҳисобга олмаганда тўй унчалик “ёмон” ўтмайди.

   Ана шунақа гаплар. Аслида тўйларимизнинг бирортасига Эсмералдами, Хосе Армандаами ёки унинг “рақиби” доктор Малаверними таклиф қилсак бўларкан. Ҳақиқий “ишқ-муҳаббат” сайли, “хўрозча”лар жангини кўриб, ҳайратда ўша Мексикасига ҳам кетолмай қолса ажаб эмасов.

   Дарвоқе, тўй ҳақида гаплашаётганмидик. Вақт алламаҳалда бир амаллаб базму жамшидни тугаллаб олишди. Э, қайнотанинг аҳволи чатоқ-ку. Ҳа... тушунса бўлади. Ахир, тўйга деб олинган қарзлардан яқин ўртада қутилиб бўларканми? Нега қарз олади, деганингиз ортиқча. Ким ўзарга, “орият кўчаси”га тўй қилгач, қарз олади-да, ака. Сиз ҳам бир тўйга ҳозирги нарх-навода энг ками 45-50 миллион сўм пул сарфланг, кейин биласиз.

   Фарзандининг тахт-у бахтини деб, ҳалиям ота-она чидаркан. Шуларнинг борлигига шукур. Бўлажак келин, қуда-қудағайлар ҳурматига бир бош ўрнига икки бош, яна боқилган қўй бериш, устига устак латта-путта, замонавий мебиллар, телевизордан тортиб кир ювиш машинасигача, яна алланарсалар учун олинган қарзларни айтмайсизми? Ҳали бу ҳолва. Олдинда “чорлар”, “келин салом” ҳамда “куёв салом” турибди. Қўсангизчи дейсизми? Ҳали, замондан анча ортда қолибсиз-да, меҳмон. Ахир бу одат, ер юзининг бирор ерида учрамайди. Кўрдингизми, халқимиз тўй қилиш учун турли янги-янги урф-одатларни уйлаб топишадия. Замон ўзгараяпти акажон... замон. ...Асабингизни сақланг, ҳали йигитларимиз орасида ўз орини биладиганлари кўп.

   Гапимнинг бошида айтганимдек, келинпошша ҳамда қайнонанинг тўй олди хархашалари ҳар қандай “миллионер”ни ҳам “банкрот” қилиши тайин. Шунинг учун қзингизни асранг меҳмонжон. Э, нега рангингиз ўзгарди. Тобингиз қочдими? Ундай бўлса, дамингизни олинг.


Лазиз МАМАТҚУЛОВ.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.