Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » Кўзингни оч, ҳайдовчи!

Кўзингни оч, ҳайдовчи!

22-08-2019, 09:42
Автор: User
Просмотров: 286
Комментариев: 0
Версия для печати
Бугунги кунда ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиши бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Бундай ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар кўрилаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 1,35 миллион киши йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлади. Мухбиримиз вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг катта инспектори, капитан Эркин ОЧИЛОВ билан вилоятимизда ана шу муаммони бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.
— Ҳеч ким бахтсиз ҳодисаларга йўлиқмасликдан кафолатланмаган, шундай эмасми?
— Албатта. Ривожланган давлатлардан бири — АҚШ мисолида фактларни таҳлил қиладиган бўлсак, бу ерда ҳам аҳвол ҳавас қиларли даражада эмаслигини кўриш мумкин. Ҳар йили АҚШда 40 мингта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Ҳар куни ўртача 90 нафар америкалик ЙТҲ (йўл-транспорт ҳодисаси) оқибатида вафот этади. ЙТҲ туфайли йилига ўртача 2 миллион ҳайдовчи жароҳат олади. Бир йиллик транспорт билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар АҚШга ўртача 871 миллиард долларга тушади.
Транспорт билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг сабаблари турлича. Баъзан ҳайдовчи тезликни оширгани ёки телефондан фойдалангани туфайли, баъзан турли ташқи таъсирлар туфайли. Бу "баъзанлар"ни кўп давом эттириш мумкин. Лекин яна битта сабабни эсдан чиқармаслик зарур: ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ёки уйқусираши ва ҳорғинлик!
Рулда уйқусираш спиртли ичимлик истеъмол қилиб машина бошқариш билан тенг бўлади. Масалан, 20 соат уйқусиз автомобиль ҳайдаётган одам қонида 0,8 фоиз алкоголь мавжуд бўлиши даражасида диққатни йўқотади. Ёки кучли чарчаган кишининг бахтсиз ҳодисага учраш эҳтимоли 3 баравар кўп бўлади, деб ёзади NSC нашри.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3181та ЙТҲ содир этилган бўлиб, оқибатда871 киши ҳаётдан кўз юмган, 2 368 киши жароҳатланган.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида эса 2406 та ЙТҲ содир бўлган, ушбу ҳодисаларда 777 киши вафот этган, 1 787 нафар киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Шунча инсон ўлимига сабаб бўлган ЙТҲларнинг асосий сабабчиси сифатида эса ҳайдовчиларнинг ўзи эканлиги (87 фоиз ҳолатда улар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши туфайли) қайд этилган.
Вилоятимиз ҳудудида ўтган ярим йиллик давомида 141 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада 33 нафар фуқаро вафот этган, 137 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. 587 та ҳолатда эса ҳайдовчилар транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаришган.
— Чарчоқ ва бетоб ҳолда машина бошқариш тақиқланади. Лекин аксар ҳайдовчилар чарчаса ҳам, уйқуси келса ҳам машина рулига ўтиради. Бунинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
— Ҳақиқатдан ҳам чарчоқ ва ҳорғинлик кўп ҳолларда ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, шу кунларда Шароф Рашидов туманидан ўтган ҳалқаро аҳамиятга эга М-39 автомобиль йўлида ҳайдовчининг ухлаб қолгани туфайли содир бўлган ЙТҲ кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлиб қолди. Оқибатда автомашина салонидаги йўловчи воқеа жойида вафот этади, ҳайдовчи эса оғир тан жароҳати олади.
Аслида, 2015 йил 24 декабрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 12-бандига кўра, ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида транспорт воситасини бошқариши тақиқланади.
Йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида транспорт воситаси бошқарилиши "Йўл ҳаракати қоидалари"ни бузиш ҳисобланади ва бунинг оқибатида ЙТҲ содир бўлганда тегишли тартибда суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилиб, натижалари бўйича ҳайдовчи маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
1 сентябрдан 12 соатлик мажбурий дам олиш вақти белгиланган. Гарчи жавобгарлик белгиланган бўлсада, кўпроқ пул топиш учун дам олмасдан узоқ масофага узлуксиз қатновчи ҳайдовчиларни кўпчилик кузатган бўлса керак. Бу каби муаммоларнинг босқичма-босқич олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 22 майда "Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорида айрим муҳим нарсаларни белгилаб берди.
Унга кўра, 2019 йил 1 сентябрдан вилоятлараро, шаҳарлараро, халқаро ва туристик йўналишлар бўйича автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия битимларида лицензиатнинг автобусларни ҳайдовчининг толиққанлигини назорат қилиш қурилмалари билан таъминлаш мажбуриятини назарда тутиш, шунингдек, сменалар ўртасидаги дам олиш 12 соатдан камни ташкил этган автобуслар ҳайдовчиларининг сафарга чиқишига йўл қўйилмаслиги бўйича вазифа юклатилган.
— Йўл варақасини олмасдан ҳам йўлга чиқиш мумкинми?
— Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, иш тартиби бўйича йўловчи ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларнинг ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда тегишли лицензия карточкасига ҳамда йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилгани тўғрисида белгилар қўйилган йўл варақасига эга бўлиши керак.
Юқоридаги йўл варақасининг назорати Транспорт вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг автомобилда ташувлар хавфсизлиги юзасидан назорат қилиш бўлимлари инспекторлари томонидан текширилади. Шунингдек, йўловчиларнинг ҳам машина ҳолатининг яхшилигини кўрсатувчи техник, ҳайдовчи аҳволини тасдиқловчи тиббий маълумотнома — йўл варақасини талаб қилишга ҳаққи бор. Бу ҳужжат тўлиқ хавфсизлик гарови бўлмасада, кўнгил хотиржам йўлга чиқиш имконини беради.
Қайд этиш жоизки, доимий тиббий кўрикдан ўтиб, йўлланма билан рульга ўтирадиган ҳайдовчилар сафида лицензиясизлари ҳам учрайди. Уларнинг тиббий ҳолатига эътибор бериш ва ҳаттойўлланмани сўраш ҳам йўловчининг ўзига боғлиқ бўлиб қолади. Чунки огоҳлик билан уйқу ғафлатида содир бўлиши мумкин бўлган ЙТҲлардан қанчасининг олдини олиш мумкин.
Васил ИЛЁСОВ суҳбатлашди.
("Жиззах ҳақиқати")

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.