Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ЯНГИ АВЛОД СОФЛИГИ стратегик вазифамизга айланган

ЯНГИ АВЛОД СОФЛИГИ стратегик вазифамизга айланган

26-06-2019, 09:39
Автор: User
Просмотров: 19
Комментариев: 0
Версия для печати
Коррупцияга қарши кураш ҳақида кўп гапириш билан озгина амал қилишнинг фойдалилик коэффициенти жуда фарқлидир. Яхшики, тарғибот ишлари билан бирга ҳуқуқ-тартибот идораларининг қатъий чоралари мазкур иллатга қарши курашда самарали бўлмоқда.
Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция жамият ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида адолат тушунчасига ишончсизлик уйғотиши билан жуда хавфлидир. Олий таълим муассасаларида бу иллатга қарши қандай курашилмоқда? Натижалар қониқарлими? Жиззах давлат педагогика институтининг ўқув ишлари бўйича проректори, сиёсий фанлар доктори, доцент Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда кечди.
— Айтингчи, ёзги сессияларнинг адолатли ва шаффоф ўтиши учун қандай чора-тадбирлар кўрилди?
— Институтимизда 12 июнь — 1 июль кунлари мобайнида ёзги семестр — барча фанлардан якуний имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда. Мазкур лавозимда иш бошлаганимга бир йил тўлди. Тан олиш керакки, олийгоҳимизда ҳамон коррупция ҳолатлари мавжуд ва унга қарши доимий тарғибот ишларидан тортиб амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, семестр имтиҳонлари олдидан ҳар бир кафедрада ҳалоллик ва педагоглик шаънини сақлаш борасида амалий суҳбатлар олиб борилди. Бир ўқитувчининг коррупциявий ҳаракати фош этилди.
Муаммо коррупциянинг ўзида эмас, балки унинг сабабларида. Айнан сабабларга қарши курашилмаса, бу иллатдан қутулиш қийин. Афсуски, ўтган даврда бутун бир авлодни мана шу иллатга бериб кўйдик. Унинг салбий оқибатлари ўз таъсирини кўрсатиб ҳам улгурмоқда. Баҳонинг билимга қараб эмас, чўнтакка қараб қўйилиши оқибатида ақл-у диёнати суст, мақсадга эгри йўллар билан етишни кўзловчи кадрлар тайёрланди. Натижада меҳнат фаолиятини бошлаганда ҳам шу иллат орқали иш битирадиган мутахассислар етишиб чиқди.
Аввало, инсоннинг тарбия, виждон отлиғ иммунитети ҳар турли иллатларга қарши курашмоғи лозим. Ишончим комил, жамиятимизда қачондир коррупция иллатига барҳам берилади. Бунинг учун олийгоҳимизда нималар қилишимиз керак?
Маълумки, 2018-2019 ўқув йилида олий ўқув юртига кириш тестларининг шаффоф ўтгани, ҳеч қандай ғирромликка ўрин қолдирилмагани натижасида ҳақиқатда билимли ёшлар талабаликка қабул қилинди. Буни ўқув жараёнида ҳам кўриб-билиб турибмиз. Айнан шу авлоднинг софлигини сақлаб қолиш, уларни ҳалол, таъмагирликдан ҳоли, рақобат мавжуд таълим шароитида ўқитишга эришиш мақсадида жорий ўқув йилида кузги семестр имтиҳонларини онлайн тизимда ўтказиш йўлга қўйилди. Якуний назорат саволлари талаба ўқиган ўқув дастури асосида тузилиб, умумкасбий ва мутахассислик фанларидан онлайн тест топширилади.
Айтиш жоизки, биз фойдаланаётган тест дастури бошқа биронта ОТМда мавжуд эмас. У мукаммал ва талаба тўплайдиган натижага таъсир кўрсатишнинг амалда имкони йўқ. Тест якунланган заҳоти тўпланган балл экранда намоён бўлади. Бу билан ўқитувчининг таъмагирлик қилиш имкони анча камайди.
Аммо технологик ва техник таъминотнинг етарли эмаслиги кўзланган мақсадга тўлақонли эришишга тўсқинлик қилмоқда. Бунинг учун юзлаб компьютерлар бир вақтнинг ўзида ишлаши, катта зал ва кузатув камералари лозим. Ўйлаймизки, мақсадимизга ЖДПИда олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари якунига етгач, тўлиқ эришилади. Онлайн тестни келгусида кейинги босқичларга ҳам татбиқ қилиш, коррупцияга қарши курашни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.
— Албатта, бу бир кишининг саъй-ҳаракати ёки битта дастур билан ҳал бўладиган муаммо эмас. Талабанинг барча фандан "5" баҳо олиши кўп нарсага таъсир кўрсатмаслиги керак...
— Фикрингизда жон бор. Талаба мутахассислик фанларидан аълога топшириши, шахс сифатида камолга етиши, умумқабул қилинган кадриятлар руҳида тарбияланишига хизмат қиладиган фанлар бўйича имтиҳонлардан ўтиши ёки "йиқилиши" муҳим бўлиши зарур. Ҳозир эса келгусида давлат стипендиялари ёки Ёшлар иттифоқининг 35 фоизли гранти учун ҳаракат қилаётган талабалар сунъий равишда бўлса ҳам аъло баҳо олишга ҳаракат қилишади ва бу йўлда ҳамма воситалар ишга солинади. Бизнинг асосий вазифамиз имтиҳонларни очиқ-шаффоф ва ахборот коммуникациялари воситасида олиш тизимини яратишдир.
—Ойлик маошнинг оширилиши ҳам коррупцияга қарши кураш воситаси бўлиши мумкин...
—Албатта. Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги билан олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг ойлик маоши жорий йилнинг 1 июнидан 25 фоизга, 1 сентябрдан фан номзоди ёки PhD илмий даражасига эга педагоглар учун 60 фоизга оширилади. Демак, олийгоҳ ўқитувчиси 4 миллион сўм атрофида,лавозимдаги фан докторлари 10 миллион сўмгача маош олишади. Жиззах шароитида бу жуда ҳам яхши маош ҳисобланади. Бундай ғамхўрлик билан қуршаб олинган ўқитувчининг таъмагирлик, порахўрлик қилиши жуда ҳам уят. Аммо ойлик маошни ошириш билан чекланиб қолиш керак эмас.
— Якунига етаётган ўқув йилида ўқитувчилар учун яна қандай шароитлар яратилди?
— Институтимиз ректори, социология фанлари доктори, профессор Абдуғани Холбеков бошчилигида ўқитувчиларнинг самарали иш фаолияти учун талай ишлар бажарилмоқда.Бошқарув тизимини соддалаштириш, шу билан бирга такомиллаштириш мақсадида мавжуд 24 та кафедра 31 тага етказилди. Бу билан 40-45 тагача штат бирлиги бўлган кафедраларда интизом ва таълим сифатини назорат қилиш осонлашди. Натижада, институт бўйича 110 та янги иш ўрни яратилди. Таълимда сифат ошди.Профессор-ўқитувчилар сони 529 нафарга етди. Яна бир бор таъкидлайман: давлатимиз ва институт маъмурияти ўқитувчиларга муносиб шароит яратиб турган пайтда ўқитувчи қўлини булғамаслиги керак.
— Янги ўқув йилида талабаларни қандай янгиликлар кутмоқда?
— Шубҳасиз, янги ўқув йилининг энг муҳим воқеаси институт биносининг капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилиши бўлади. Қурилиш-таъмирлаш ишларининг узоғи билан октябрь ойида ниҳоясига етиши кутилмоқда. Қабул квоталарида ҳам ўзгаришлар катта. Бакалавр йўналишлари сони 20 тадан 27 тага оширилади. Яқин йилларда археология, экотуризм, иқтисодиёт йўналишлари очилади.
Магистратурада 5 та янги йўналиш очилиб, уларнинг умумий сони 18 тага етади. Бу билан яна 25 та янги иш ўрни яратилади. Кўпроқ ёш, изланувчан ўқитувчиларни жалб қилишга эътибор қаратганмиз.
— Институт раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган илғор ғояларни кенг ёйишда институт нашри "Зиё чашмаси" газетасининг ўрни қандай бўлмоқда?
— Айнан шу газета ва унинг телеграмдаги расмий канали орқали таълим тизимидаги муаммо ва камчиликлар, эътирозларни тезкорлик билан эгаларига етказиш, талабаларнинг фаоллигини ошириш, нияти бузуқ ўқитувчиларни тийиб қўйишга эришиляпти десам бўлади. Талабалар "Зиё чашмаси" телеграм канали орқали мен ва ёшлар билан ишлаш бўйича проректорнинг телеграм рақамларидан бохабар бўлишган. Талаба ва ўқитувчи муносабатларини тартибга солишда нимаики чоралар бўлса, кўришга мажбурмиз. Талаба бор экан, институт бор, ўқитувчи бор, иш бор. Замонавий, илмга чанқоқ, фаол талабанинг қиёфасини яратишга ҳисса қўшиш бурчимиздир.
Бу борада бизга халқ депутатлари вилоят Кенгашининг таълим сифатига масъул доимий комиссияси аъзолари ҳам яқиндан кўмак беришларини кутгандим. Аммо улар ўтган муддат ичида бор-йўғи бир маротаба ўрганиш олиб боришди ҳамда бизнинг ўзаро ҳамкорлик борасидаги аҳдларимиз қоғозда қолиб кетди. Аммо вилоят ҳокими, сенатор, техника фанлари номзоди Эргаш Салиев ҳар доим олий таълим муаммолари билан қизиқиб, бизга амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Сўзим якунида олийгоҳимизда коррупцияга қарши кескин кураш бораётгани ва бу жараёндан икки томоннинг манфаатдорлигига йўл қўймаслик ҳамда республикамизнинг энг яхши олийгоҳлари рўйхатига кириш учун ҳаракат кетаётганини билдираман. Коррупциясиз таълим ҳаммамизнинг мақсадимиздир.
Суҳбатдош Муқаддас САПАРОВА.
(«Жиззах ҳақиқати»)

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.