Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » «ЎТИН» ОРТГАН АВТОБУСЛАР ёки Абдураҳмон полвон нега ғазабланди?

«ЎТИН» ОРТГАН АВТОБУСЛАР ёки Абдураҳмон полвон нега ғазабланди?

7-06-2021, 08:56
Автор: User
Просмотров: 217
Комментариев: 0
Версия для печати

  Абдураҳмон полвон шу набирасини бошқачароқ кўрарди. Хонадонида илк туғилган ўғил набира бўлгани учун у деярли чол-кампирнинг ҳовлисида улғайди. Набирасининг хархашаю-эркаликларини ҳам кўтаришарди улар. Вақт ўтаверар экан. Кечагина калта иштон кийиб юрган болакай бир думалаб келбатли йигитга айланди қўйди. Уни барвақт уйлантириш тўғрисидаги гап ҳам Абдураҳмон полвондан чиқди.

   — Кўча чангитиб юравергандан фойда йўқ. Бола-чақа қилса, тез қуйилади, уйим-жойим дейдиган бўлади, — деб туриб олди. — Тўй харажатлари мендан, шу бола туғилғондан бери кампир билан йиғинамиз.

   Ота шундай деб турганидан кейин бошқалар нимаям дерди. Чол-кампир ярим тунгача тўйга зарур бўлган нарсалар рўйхатини қилишди. Азонлаб полвон Жиззахга жўнаганида кампири ҳам ялтир-юлтир кўйлаги билан бахмал нимчасини кийиб чиқиб, "Мен ҳам бораман" деб туриб олди.

   — Неча йилдан буён Тошкентга олиб бориб, айлантириб келаман деб ваъда берасиз. Ҳеч бўлмаса Жиззахга бориб, бозорни кўрай, келин сепига қўшадиган матолардан олишим керак! — деди кампири хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам бораман деган оҳангда.

   — Худди Жиззахга бормагандай гапирасан-а, ўтган ҳафта аммангни қизи тўй қилганида бориб келдинг-ку, — эътироз билдирди полвон.

   — Тўйда бозор айланиб бўладими? Ҳамма пул сизда қолганди, фақат йўлга ва тўёна пули деб арзимаган ақча бердингиз ўшанда. Ундан кейин бир ўзим борсам шаҳарда адашиб кетаман, — Жиззах ўзгариб кетган дейишаяпти.

   — Ҳа бўпти, борсанг ивирсимай бўлақол..., — ниҳоят рози бўлди Абдураҳмон полвон кампирини йўлдан қайтариб бўлмаслигини сезиб.

   Абдураҳмон полвон "Ором" бозорига бориш учун такси тўхтатмоқчи бўлиб йўлда келаётган сариқ машинага қўл кўтарди.

   — Бовой, абтамобусга чиғайиқ, ойнасидан шаҳарни томоша қилиб борамиз, — деди кампири. — Ҳам арзонгина экан...

   Кампирининг "арзонгина" деган сўзи полвонни йўлдан урди. Сочи узун бўлса ҳам шу бирор нарсани билар, деган ўй билан келаётган автобусга қўл силтади. Автобус "чийиллаб" келиб, уларнинг ёнида тўхтади. Чолу-кампир одамлар билан лиқ тўла автобуснинг орқа эшиги-дан бир амаллаб чиқиб олишди. Орқа ўриндиқда ўтирган ёшроқ аёл туриб полвоннинг кампирига жой берди. Қолган ўриндиқларни кайвонилар ва кексалар ўтирганлари сабаб Абдураҳмон полвон тик турган йўловчилар қаторига қўшилди.

   "Қуш тилини қуш билади" деганларидай кампири ойнадан шаҳарни томоша қилиб кетиш ўрнига бир пасда ўзига ўхшаш кекса аёллар билан гапга тушиб кетди. Автобус ҳар қадамда тўхтаб, одам туширар ва одам оларди. Полвон маст туядай чайқалиб кетаётган автобусда йиқилиб тушмаслик учун ушлагичга маҳкам ёпишиб олди. Аммо кампирларнинг матоларнинг нархи ҳақида сўзлашиб бошлаганларида ҳушёрликни унитди ва ушлагични қўйиб юбориб, беихтиёр уларнинг гапларини тинглай бошлади.

   Автобус навбатдаги йўловчиларни олиш учун кескин тўхтаганида орқада типпатик турган Абдураҳмон полвон физиканинг инерция кучи ҳақидаги қоидасига тўлиқ риоя этган ҳолда тиқилинч одамлар орасини ёриб ўтиб, нақ ҳайдовчининг ёнига бориб йиқилай деди. Хайриятки, 2-3 нафар ёш-яланг полвонни ушлаб қолишди, бўлмаса ўттиз йил от минган, кўпкари чопиб йиқилмаган полвон автобусда "чалпак" бўлиб шармандаси чиқарди. Қишлоқдагилар нақ бир йил унинг устидан кулиб юришарди. Автобусда йиқилганини бегоналар эмас, ўз кампири етказарди қишлоқдагиларга. Полвоннинг ниҳоятда жаҳли чиқди:

   — Ҳўв баччағар, нима автобусга ўтин ортганмисан?! Қараб ҳайдасанг ўласан-ми? Автобус ичи лиқ тўла бўлса, яна одам олишга бало бормиди?!

   Абдураҳмон полвон бепарво ўз жойида ўтирган ҳайдовчини яна анча-мунча нордон сўзлар билан сийлади. Бу орада турган чолини бирдан йўқотиб қўйган кампири ёнига келмаганида, Худо билади жаҳл устида ҳайдовчини ёқасидан тутиб, ўтирган жойидан суғуриб олармиди...

   — Ҳе абтамобусга чиқмай ўл сенам! Тинчгина таксада кетганимизда, аллақачон етган бўлардик бозорга. Туш, енгил машинада кетамиз! — заҳарини кампирига сочди полвон.

Чол-кампир ярим йўлда тушиб қолишди.

   Ҳар биримиз ҳар куни транспорт хизматидан фойдаланамиз. Кимдир ишга, бошқа биров эса Абдураҳмон полвонга ўхшаб бозорга ошиқади. Шунинг учун юқоридаги воқеаларга тез-тез гувоҳ бўламиз. Жиззах шаҳридаги йўналишлар бўйича қатнаётган автобуслар таксилардан фарқи қолмаган, кўчанинг хоҳлаган жойида тўхтаб одам тушириб, янги йўловчиларни ўз "бағри"га олади, гўё бекатлар йўқдай. Бунга йўловчилар ҳам ўрганиб қолишган. Уларку ўрганишган, лекин транспорт воситалари кўп кўчаларда автобусларнинг истаган жойида тўхташлари йўл ҳаракатига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатмоқда. Айрим жойларда "пробка" ҳосил бўлишига олиб келаяпти бундай тартибсизлик. Нега автобуслар бекатга тўхтамаяпти?

   — Шаҳар кўчаларига қурилган бекатларнинг 20 фоизигина талабга жавоб беради. Бекатлар тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган. Уларнинг 30 фоиз майдонидан тадбиркорлар ўз фаолиятлари учун фойдаланишлари мумкин. Қолган 70 фоизидан бекат сифатида жамоатчилик фойдаланиши лозим. Аммо бекатларни кўриб чиқсангиз бунинг тескарисига гувоҳ бўласиз. Автобус кириб тўхтайдиган жойни бизнинг тилда "чўнтак" дейилади. Бу жойлар шунчалик торки, автобус сиғмайди. Қолаверса, бекатлар аҳоли турар жойлари, йирик ташкилот, корхона ва муассасалардан узоқда қурилган. У бекатларга одамлар бормайди, — дейди вилоят транспорт бошқармаси раҳбари Илҳом Боқиев.

   Дарҳақиқат, шаҳарнинг собиқ раҳбарлари тадбиркорлик субъектларига бекат қуришга рухсат берган-у, аммо қурилиш қай тартибда амалга оширилаётгани билан ҳатто қизиқмаган. Нимага ҳам қизиқсин, ахир уларнинг тагига давлатимиз шоҳона машиналар бериб қўйган бўлса, автобусда юрармиди?! Уларнинг субутсизлиги оқибатида бугун оддий халқ жабр кўраяпти, шаҳарда транспорт хизмати кўрсатиш маданияти ниҳоятда паст даражага тушиб кетган.

   Айниқса, матбуотда бир неча марта танқид қилинганига қарамай Буюм бозори ва Марказий деҳқон бозорлари ҳудудидаги бошбошдоқлик ҳануз бартараф этилмаётир. Бу ерлардаги йўловчи "ови"га автобуслар ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда. Шу бекатларда айрим автобуслар ярим соатгача туриб йўловчи олади. Ҳолбуки, автобуслар бекатда узоғи билан 5 дақиқа туриши лозим.

   Пандемия карантини енгиллашганда автобуслар салонлари дезинфекция қилиняпти, деб рекламани қойиллатдик. Балки шундай бўлгандир ҳам. Лекин битта автобусга неча киши чиқиши керак, уларнинг ниқоби борми ёки йўқми, бу билан ҳайдовчининг иши йўқ! Уларга эътироз билдирсангиз касса планини рўкач қилишади. Айниқса, 212, 246-автобуслардаги йўловчиларга раҳмингиз келади. Йўловчининг кўплигидан танга ташласангиз ерга тушмайди. Ҳолбуки, бу масалалар билан ўз автобусларини йўналишларга қўйган тадбиркорлик субъектлари ҳам қизиқиб кўришлари лозим.

   Шаҳарда транспорт хизмати кўрсатишнинг аҳволини ўрганиш чоғида яна бир қизиқ ҳолатга эътибор бердик. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари телефонда гаплашиб кетаётган енгил машина ҳайдовчисини тўхтатиб, баённома тузади. Аммо истаган жойда тўхтаб йўл ҳаракатини издан чиқараётган автобусларни кўриб туриб кўрмасликка олишади. Нега? Балки улар ўртасида "Сен менга тегма, мен сенга тегмайман" деган мазмунда меморандум имзолангандир...

  — Айни пайтда вилоятимизда 141 та автотранспорт корхоналари мавжуд бўлиб, улардаги транспорт воситалари сони 2901 тани ташкил этади. Шундан 340 та автобус, 60 та микроавтобус, 2501 та енгил машиналар бўлиб, аҳолига арзон хизмат кўрсатиш мақсадида автобуслар сонини янада кўпайтириш, кўпайтирганда ҳам барча қулайликларга эга хорижий автобуслар олиб келиниши кутилмоқда, — дейди Илҳом Боқиев. — Улар ҳозирги автобуслардан тубдан фарқ қилиб, узунроқ ишлаб чиқарилган.Бекатлар талаб даражасида тартибга келтирилмас экан, транспорт хизмати маданияти ҳақида гапириш ортиқча. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилганмиз.

   Бошқарма бошлиғи билан қилган суҳбатимиз давомида шу нарса маълум бўлдики, энди шаҳар ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобус йўналишлари йилдан-йилга ортиб боради. Шунинг учун бекатлар, бекат оралиғи узоқ бўлган жойларни қайта кўриб чиқиб, автобусларнинг тўхташ жойлари аниқ белгилаб чиқилиши лозим. Акс ҳолда тартибсизлик ва бошбошдоқликка барҳам берилмайди.

   Вилоят транспорт бошқармасидан берилган ҳисоботларга кўз югуртириб, 2020 йил мобайнида шаҳар ичида учта янги йўналиш очилгани ва улар 23 та автобус билан таъминлангани, шаҳар атрофи ва вилоят ички шаҳарлараро йўналишлар ташкил этилганлиги ва 5 та автобус қатнаётгани ҳақида маълумот кўрсатилган.

   2021 йилда йўналишлар сони янада кўпаяди. Жорий йилнинг август ойига қадар 13 та қишлоқ жамоат транспорти билан таъминланади ва бу ерларда 6 та оралиқ бекатлари қурилади. Ноябрь ойигача 18 та маҳаллага жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилади. Йил давомида 162 та автобус ва микроавтобуслар сотиб олинади. 8 та янги ички автобус йўналишлари очилади.

   Мавжуд шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ичи автобус йўналишларини аҳоли сони, зичлиги, шаҳар ва туман марказидан узоқлиги, бозорлар ва ижтимоий соҳа объектлари жойлашиши каби омиллардан келиб чиққан ҳолда рентабелли, паст рентабелли ва норентабелли тоифаларга ажратилиб, улар электрон савдога қўйилиши кўзда тутилмоқда.

   Ҳамма соҳа каби транспорт хизмати кўрсатишда ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шаҳарда автобуслар қатновини тартибли йўлга қўядиган автостанциялар (Марказий деҳқон бозори ва Буюм бозори ҳудудларида) қурилиб фойдаланишга топширилиши лозим. Шунда йўловчиларга қулайлик яратилади. Ҳозирча транспорт воситалари бу ҳудуддаги одамлар, харидорларнинг эркин ҳаракатига ҳалал бермоқда, холос. Бу ҳудудлар тартибга олинсагина ислоҳотлар самара бера бошлайди. Ислоҳотлар натижадорлиги юртдошларимиз фаровонлиги, уларга яратилаётган шароитлар билан ўлчанади, шундай эмасми?

Асад МУСТАФОЕВ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.