DataLife Engine > Янгиликлар / Вилоят ҳокимлигида > ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ БЕШИНЧИ СЕССИЯСИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ БЕШИНЧИ СЕССИЯСИ


7-05-2020, 10:07. Разместил: User

   Жорий йилнинг 29 апрель куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни вилоят Кенгашининг раиси, вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошқариб борди.

   Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бешинчи сессиясида вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудирлари, гуруҳ раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этишди. Сессияда депутатлар кун тартибидаги 3 та масалани кўриб чиқдилар.

   Дастлаб кун тартибидаги — "Вилоятда секторлар кесимида шакллантирилган ишсиз ва кам таъминланган аҳолининг рўйхатини кўриб чиқиш, уларга ихтиёрий тарзда тадбиркорларни бириктириш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ушбу жараёнларда фаол иштирок этган тадбиркорларга давлат томонидан имтиёзлар берилишини ташкил этиш тўғрисида"ги масала юзасидан вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари Эргаш Салиев, вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари Исломжон Эргашходжаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Ғайрат Қодиров ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Юнус Насимджановларнинг ахбороти тингланди.

   Сессияда вилоятимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ва "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашиш ҳақида гапириб, карантин муносабати билан вилоятимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди. Вилоятимизда коронавирусга чалинган 3 нафар беморнинг соғайгани маълум қилинди. Коронавирус пандемияси даврида 16 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, вақтинча ишсиз бўлиб қолган фуқаролар, ёлғиз кексалар керакли дори-дармонлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлиги айтилди. Айни пайтда шаҳар ва туманлардаги эҳтиёжманд оилалар сони 34 мингдан зиёд эканлиги аниқланган. Уларга 1 миллиард 254 миллион сўмлик керакли дори-дармонлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга вилоят ҳокими аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида гапирди.

   Жумладан, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича 109 минг 775 та иш ўрни яратилиши мўлжалланаяпти. Вилоятимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жорий қилиш бўйича 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу кунгача 115 миллион доллар инвестиция жалб этилган. Пандемия шароитида 94 та экспортёр корхоналарнинг экспортни амалга оширишига ёрдам берилди. Айни пайтда бу корхоналар 23 та давлатга 38 турдаги маҳсулотларни экспорт қилаяпти. 2020 йилги инвестиция дастурига мувофиқ 97 та объектнинг қурилиши давом этмоқда. Бу йўналишда биргина ижтимоий соҳа объектларининг ишга туширилиши билан 9 мингта иш ўрни вужудга келади.Вилоят ҳудудида 59 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилаётир. 38 та уй-жой тадбикорлик субъектлари томонидан қурилмоқда. Бу ишда кўплаб қурилиш ташкилотлари фаол қатнашаяпти. Биргина ҳунармандчиликка кўрсатилаётган амалий ёрдам натижасида 580 та иш ўрни яратилган. 12 та агрокластерда 11565 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Бундан ташқари, ишсиз фуқаролар жамоат ишларига жалб этилаяпти.

   Вилоятимиз раҳбари аҳоли билан кооперацияни ташкил этиш, вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида кластерларни ташкил этиш, балиқчилик, асаларичилик, ипакчилик, боғдорчилик, паррандачилик, чорвачиликни ривожлантириш юзасидан истиқболли лойиҳаларни тезроқ амалга ошириб, янги иш ўринлари яратиш лозимлигини таъкидлади.

Сессияда секторлар кесимида коронавирус пандемияси натижасида ишсиз қолган, кам таъминланган оилаларнинг рўйхатини доимий равишда шавкллантириб бориш, уларга тадбиркор ва фермерларни ихтиёрий равишда бириктириш таклиф этилди. "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатида иштирок этган тадбиркорларга, фермер хўжаликларига давлат томонидан имтиёз ва преференциялар берилиши, депутатларнинг ўзлари сайланган ҳудудларда умумхалқ ҳаракатининг қўллаб-қувватланишини таъминлаш, пандемияга қарши курашиш ишларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилиш зарурлиги айтиб ўтилди.

   Шундан сўнг вилоят ҳокими Эргаш Салиев кун тартибидаги иккинчи масала — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 29/1-86-сонли хати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган Евроосиё иқтисодий иттифоқига интеграцияси тўғрисидаги таклифлари ҳамда ушбу масалага оид бошқа маълумотларни кўриб чиқиш тўғрисида маълумот берди.

   Юқорида зикр этилган масалалар юзасидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят Кенгаши депутати Эркин Холматов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Назира Мухторованинг чиқишлари тингланди.

   Шунингдек, сессия якунида вилоят ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилган қарорларини тасдиқлаш тўғрисида вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Ўткир Рахмонов маълумот берди.

   Сессия карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Яъни мажлислар залига кириш қисмида барча сессия иштирокчиларининг қўллари ва кийимлари дезинфекция қилинди, ҳар бир қатнашчининг белгиланган масофани сақлаган ҳолда ўтириши таъминланди.

   Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегиши қарорлар қабул қилинди.скачать dle 12.0
Вернуться назад