DataLife Engine > Янгиликлар > МАМЛАКАТ ТАРИХИНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ

МАМЛАКАТ ТАРИХИНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ


29-11-2018, 12:47. Разместил: User

2018 йил мамлакатимиз янги тарихида кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган йил сифатида алоҳида саҳифа бўлиб қолиши шубҳасиз.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан олис ва чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимиз ҳаётига янги мазмун бахш этган "Обод қишлоқ" дастури борасида амалга оширилган ишлар чиндан унутилмас воқеа бўлди.

Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида "Обод қишлоқ" дастурибажарилишига бағишланган катта байрам тадбирида мингдан зиёд мирзачўлликлар, меҳмонлар иштирок этди.

"Обод қишлоқ" дастури асосида тубдан янгиланган Гагарин шаҳрида янги қурилган иншоотларни топширишга бағишлаб Бош Қомусимиз қабул қилинган куннинг 26 йиллиги арафасида ўтказилган тантаналимаросим катта байрамга айланди. Республика ҳукумати, ҳокимлик, маҳалла аҳли, "Обод қишлоқ" қурувчилари важамоат ташкилотлари вакиллари, қўшни республикалардан келган меҳмонлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти томониданмамлакатимизда аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, оғирини енгил қилиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Бу дастур бўйича Мирзачўл туманида тарихий аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йил апрель-октябрь ойларида Гагарин шаҳри ва Ғалаба, Ўзбекистон, Мустақиллик, Мирзадала, Дўстлик, Боғбон маҳаллаларида катта бунёдкорлик ишлари бажарилди.

Гагарин шаҳридаги эски барак типида қурилган уйларда яшовчи 380 та оиланинг арзон баҳоли, намунавий, барча қулайликларга эга бўлган уй-жойларга кўчиб кириши таъминланмоқда. Шу куни шаҳарнинг Ғалаба маҳалласида 36 та, Боғбон маҳалласида 10 та оилага янги қуриб битказилган намунавий кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг калитлари топширилди.

Давлатимиз томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш учун барча соҳаларда амалга оширилаётганислоҳотлар заминида мамлакатимиз фуқароларининг Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини таъминлаш ўз ифодасини топаётир. Бу ҳаётий муштаракликни "Обод қишлоқ" дастури асосида амалга оширилган бунёдкорлик ишларида ўзгалар кўмагига муҳтож ёлғиз қарияларга, ногиронларга, кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганида ҳам кўриш мумкин.

Ғалаба маҳалласида айнан шу мақсадда икки қаватли замонавий уй қуриб битказилиши бу эзгу мақсаддаги ишнинг амалий ифодаси бўлди. Бу уйнинг 19 хонадонигаалоҳида ғамхўрликка муҳтож фуқаролар кўчиб киришди.

—Мен бу заминга Мирзачўлни ўзлаштириш бошланган дастлабки даврларда келганман, —дейди янги уйга кўчиб кирганлардан бири Турди Хўжамбердиев. — Тақдир экан, ёлғиз ўғлим вафот этиб, оилада набираларим билан эски барак уйда яшаб келаётган эдим. Президентимизга, халқимизга раҳмат, кексайганимда мушкулим осон бўлиб, янги қурилган уй билан таъминландим. Ночорига, кексасига ғамхўр шундай улуғ мамлакатнинг фуқароси эканлигимдан бахтиёрман.

Байрам тадбирлари доирасида миллий ва байналмилал маданият марказларининг кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада туманда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзларининг амалий санъат, ҳунармандчилик намуналарини, миллий либосларини, анъаналарини,таомларини намойиш этди.

Пойтахтимиздан келган таниқли санъаткорларнинг концерт дастурлари байрам тадбирига катта хурсандчилик бағишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойберганов иштирок этди.

Тантанали маросимда вилоят, туман ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари барчага ўзларининг самимий табрикларини изҳор этишди. Жумладан, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси Назира Мухторова мазкур бунёдкорлик ишлари замирида аҳолининг ярим асрлик сабр-матонати, меҳр-оқибатини алоҳида таъкидлади.

"Боғбон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида кам таъминланган, бугунга қадар уй-жойига эга бўлмаган ҳолда яшаб келаётган 10 нафар хотин-қизларга республика хотин-қизлар қўмитасининг 25 фоиз бошланғич бадал тўлови асосида (47,5 млн. сўм) намунали уйлар калити топширилди. 19 нафар фуқароларга янгидан барпо этилган "Ногиронлар уйи" ҳадя этилди.

Шу куни туман ҳокимлиги ташаббуси билан шаҳар марказидаги "Садаф" тўй ва тантаналар мажмуасида       9 нафар болажонларнинг суннат тўйлари ҳам ўтказилди.

—Фарзандимизга бу қадар қувонч бахш этиш оиламизга ҳавас эди, — дейди тўй боланинг отаси Шерзод Зокиров. — Ўғлим Шахзоджон учун ҳадя этишимиз лозим бўлган фарзимизни адо этишда оталик қилган ҳукуматимизга раҳмат.

—Менинг қувончим бугун қалбимга сиғмайди, — дейди иккинчи гуруҳ ногирони Шавкат Мадраҳимов. — Мен янги қурилганшинам уйда ўз хонадонимга эга бўлдим. Бу менинг бир умрлик орзуим эди. Қувонч устига қувонч — фарзандларим Ҳасан ва Ҳусаннинг суннат тўйлари ўтказиб берилгани эса ўксик дилимни тоғдек кўтарди. Меҳр меҳрни уйғотади, яхшилик яхшилик бўлиб қайтади. Давлатимизнинг бу ғамхўрлигини болаларим ўзларининг Ватанга ҳалол хизматлари билан қайтаради, албатта.

Туман ҳокими Комил Холмуродов ҳамда тожик миллий-маданий маркази раҳбари Абдукарим Шариповнинг табрик сўзларидан сўнг тўй болаларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Манас қишлоғида орттирилган тажриба Мирзачўлнинг Ғалаба маҳалласида янада бойиди. Сабаби, Манас бошқа қишлоқлар билан туташмагани боис бу ерда амалга оширилган ишлар фақат шу ҳудуднинг ўзи билан чегараланди. Ғалаба маҳалласи туман марказида жойлашгани туфайли бу ерда амалга оширилган ишлар унга туташ Мустақиллик, Ўзбекистон, Мирзадала, Дўстлик, Ержар, Боғбон маҳаллаларини, Гагарин шаҳрини тўлиқ ва бирмунча олисдаги Ўзбекистон қишлоғини ҳам қамраб олди.

Дастурни амалга оширишда Ғалабанинг ўзига хос яна бир жиҳати — 2 мингга яқин аҳоли яшайдиган барак уйлардан иборат каттагина массив бузи-либ, замонавий турар жой бинолари барпо этилди. Шунинг учун бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам кўлами Манасдагидан бир неча бор катта, суръати юқори, сифати чинакам шаҳармонанд бўлиши керак эди. Амалда шундай ҳам бўлди. Қисқа фурсатда намунавий лойиҳа асосида 4 сотихли 2-3 хонали 223 та намунали уй, 94 та кўп қаватли уй май-октябрь ойлари давомида қуриб битказилди.

Кўп қаватли уйлар атрофидаги ноқонуний иншоотлар олиб ташлангани, йўл ёқасидаги уй деворлари ичкарига кўчирилиши натижасида кўчалар, йўллар кенгайтирилди. Кўп йиллар таъмирланмаган уйлар таъмирланиб, бир хил рангдаги турар жойлар шаҳарга шинамлик, кенглик ва кўркамлик бағишлади.

Ҳудуддаги давлат идоралари ҳам туман марказида кечаётган ўзгаришларга монанд таъмирланиб, шаҳарнинг умумий меъморий қиёфасига мослаштирилди. Бу ўзгаришлар шаҳарга янада ҳашамат, ҳайбат ва кўркам қиёфа бағишлади. 100 дан ортиқ хотин-қиз ишлайдиган тикувчилик цехи, аҳолининг қорамол ва қўй-эчкиси боқиладиган чорвачилик мажмуаси барпо этилди.

Шундай янгиланиш туман марказидан 20 километр узоқдаги "Ўзбекистон" қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳам амалга оширилди. Бу қишлоқда ноқонуний бино ва иншоотлар туфайли машина қайрила олмайдиган кўчалар беш метрга кенгайтирилди. Айни шу бузилишлар сабаб қишлоқдаги 148 та оила истиқомат қилаётган 12 та кўп қаватли уй замонавий қиёфа касб этди.

Турар жойларга алюминий профилли ромлар ўрнатилиб, ташқи қисми, йўлаклар таъмирдан чиқарилди. Болалар майдончалари, тандирхона ва ўтинхоналар қурилди. Мавжуд 24 та кўчанинг барчасига ичимлик суви тармоғи тортилди. 28,8 километрлик ички йўлларга шағал ва асфальт ётқизилди.

Дастур доирасида тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланиши ободликка, фаровонликка ҳисса қўшувчиларни кўпайтирди. 20 нафар тадбиркор имтиёзли шартлар асосида кредит олиб, ўз ишини кенгайтирмоқда. 2 нафар кам таъминланган оила вакилига 4 фоизлик кредит ажратилди.

Қишлоқ тадбиркорлари томонидан мини-маркет, йирик савдо мажмуаси, ҳаммом, тўйхона, спорт зали, сартарошхона, гўзаллик салони, фитобарга эга маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилди. Тадбиркорлар қишлоқ марказидаги бўш турган бинони реконструкция қилиб, савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасига айлантирди. Бу ерда кунига 2 мингта қолипли нон пишириш цехи, озиқ-овқат, газлама ва пойабзал дўконлари фаолияти йўлга қўйилди. 100 ўринли тикувчилик цехи, 180 ўринли тўй ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган чойхона қурилди.

"Обод қишлоқ" дастури асосида "Баҳор" мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинаётир. Бу ишга 2 мил-лиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Муассаса 6 бинодан иборат бўлади. Бинолар ойнаванд йўлаклар билан боғланади. Ҳовлида эса 1 сотихлик иссиқхона, сузиш ҳавзаси қурилади.

—Муассасамизда болаларни замонавий талаблар асосида улғайтириш учун барча шароит муҳайё қилинади, — дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Зулфия Маматова. — Инглиз ва рус тиллари, жисмоний тарбия ва мусиқа, ўқиш ва ёзишни ўргатиш учун замонавий шароит яратилади. Шу мақсадда барча зарурий жиҳоз, асбоб-ускуна, 40 миллион сўмлик стол-стул ва китоблар олиб келинди.

Қишлоқ оилавий поликлиникаси 800 миллион сўм эвазига таъмирдан чиқарилди. Бу ерда терапевт, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог каби шифокорлар хизматидан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, муолажа, автоклав, рўйхатхона ҳамда 4 ўринли кундузги бўлим, шошилинч тиббий ёрдам шохобчаси аҳоли хизматида.

"Обод қишлоқ" дастури вилоятнинг ҳар бир туманида иккитадан қишлоқда амалга оширилаётир. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида ва кўп ёзиш мумкин, ёзиляпти ҳам. Бироқ, бу дастур ижроси доирасидаги ишлар оммавий ахборот воситалари мавзусига сиғмаслиги ҳам кўриниб қолди. Давлатимизнинг аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга ошираётган "Обод қишлоқ" дастури илмий-амалий жиҳатдан ўрганишга молик тарихий мавзуга айланди. Шундай бўлиши ҳам шубҳасиз.


Тошқул БЕКНАЗАРОВ.

Гулчеҳра ХИДИРОВА.



скачать dle 12.0
Вернуться назад