DataLife Engine > Янгиликлар / Жамият > ЮЗ ҲУНАР ОРТИДАН ҚУВАЁТГАН ҚИЗ

ЮЗ ҲУНАР ОРТИДАН ҚУВАЁТГАН ҚИЗ


10-03-2023, 10:56. Разместил: Admin gazeta “Йигитга қирқ ҳунар ҳам оз” деган нақл бор. Қизлар ҳақида қандай гаплар айтилган, бу тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ўзгариб, янгиланиб бораётган жамиятда хотин-қизларнинг ўрни қаерда? Биз қизларнинг улғайиб, оила қуриши, фарзандларини тарбиялаб вояга етказишига ўрганиб қолган эдик. Бола тарбияси, рўзғор ишлари билан “тўрт девор” ичида ҳаётини ўтказишни ўз тақдири деб қабул қилишга хотин-қизлар ҳам кўникишган эди.

Кейинги пайтларда ўз олдиларига юксак мақсадлар қўйиб, келажагини яратишга ҳаракат қилаётган хотин-қизлар сафи кенгайиб бораётганини сезиш қийин эмас. Кимдир Зулфияхоним изидан бориб ижодда, бошқаси илм йўлидан бориб янгиликка интилмоқда, илмий даражаларга эришмоқда.
Дилчеҳра Эргашева ҳам Пахтакор тумани, Мингчинор маҳалласида вояга етди, тумандаги 5-умумтаълим мактабида саводини чиқарди. У мактабдаги устозларига ҳаваси келарди. Айниқса, болалигидан муаллима онасига ўхшашга ҳаракат қиларди. Ўқитувчи нафақат билимли, балки жамиятнинг етук инсони, зиёли одами эканлигини ҳис этганди. Ўзи ҳам устозларидай ораста кийимлар кийиб, ўқувчиларга дарс беришни орзу қиларди. Шунинг учун мактабни тугаллаши билан ҳужжатларини Жиззах давлат педагогика университетининг хорижий тиллар факультетига топширди.
Орзусини рости билан амалга оширишни истаган одам ҳаракат қилиши лозимлигини Дилчеҳра яхши биларди.
— “Олма пиш, оғзимга туш” дейдиганларни ёқтирмайман. Улардан нарироқ юришни афзал кўраман. Чунки, ундай кимсаларга қанча яқинлашсанг одати, эринчоқлик “касаллиги” юқиб қолади, -дейди Дилчеҳра.
У имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўрганлиги учун олий ўқув юрти талабасига айланди. Ўқиб юрган кезлари уйга борганида янги ташкил этилган “Silverleafe” қўшма корхонасига механизаторларни ишга қабул қилишаётгани ҳақида эшитиб қолди. Аслида Дилчеҳра болалигидан техникага қизиқарди. Дадаси Ўролбой Фармонов автомобиль устаси бўлганлиги учун у машиналарни таъмирлаётганда Дилчеҳра бориб унга “ёрдам” берарди. Ишига халақит қилгани учун гоҳида дадасидан гап эшитса, кийимларига қорамой теккизгани учун онасидан танбеҳ оларди. Аммо устахонада куйманиб юриб анча-мунча нарсаларни ўрганиб олганди. Шу сабабли компания раҳбари Дэн Паттерсонга учрашиб, дарсдан бўш вақтларида ишламоқчи эканлигини билдирди.
Муаммони гоҳида муомила, тил билан ҳам ҳал этиш мумкин экан. Айниқса, Дилчеҳранинг техника “жинниси” эканлиги ва ингилиз тилини билиши компания раҳбарига маъқул бўлди.
— АҚШдан келтирилган техникаларнинг ҳаммаси компьютерлаштирилган, бошқаришни чидам билан ўргандим. Компаниямиздаги мутахассислар яқиндан ёрдам беришди. Шу билан бирга Техникаларни ишлаб чиқарган компаниялардан муҳандислар келиб “маҳорат мактаби” дарслари ўтишди. Шундай қилиб аста-секин хориж техникасини бошқаришни ўрганиб олдим, -дейди Дилчеҳра.
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида эсдан чиқмайдиган лаҳзалар бўлади. Дилчеҳра Эргашева ҳали ёш бўлишига қарамай бундай қувончли кунларни кўп бошидан ўтказди. Олий ўқув юртига ўқишга ўтганини билган сонияларда ўзини дунёдаги энг бахтли инсон эканлигини ҳис этганди. Кейин илк бор техника ўриндиғига ўтириб, бошқариб бошлаган дамлари ҳам ўта ҳаяжонли бўлганди. Лекин, 2023 йилнинг 10 февраль куни Дилчеҳранинг хотирасида ўчмас из қолдирди. Шу куни у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташриф буюрганида, ҳузурида сўзга чиқди.
Дилчеҳра давлатимиз раҳбарига ўзи ишлаётган компанияда қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариб, 50-60 тонна пахта тераётганини, университетда таҳсил олаётгани ва келажакда магистратура йўналишида ўқиб, илм билан машғул бўлишни олдига мақсад қилиб қўйганини сўзлаб берди. Дилчеҳранинг азму-қарори, унидаги иштиёқни кўриб Президентимиз “Сизлардай ёшларни кўриб мен фахрланаман!” деган эди.
— Одам фақат яхши ният қилиши ва мақсади сари интилиб яшаши лозим деган хулосага келдим. Давлатимиз раҳбари билан учрашишни, қалбимдаги тилакларни айтишни ният қилгандим. Шу орзуйим ҳам рўёбга чиқди, -дейди Дилчеҳра. — Мен давлатимиз раҳбарига илм ортидан қувишга ваъда бердим. Энди ўша сўзимнинг устидан чиқиш учун олға юришим керак.
Ҳа, Дилчеҳрадаги шижоатни кўриб, “Қизларга юз ҳунар ҳам оз!” дегинг келади.
Асад МУСТАФОЕВскачать dle 12.0
Вернуться назад