DataLife Engine > Янгиликлар / Иқтисодиёт > ФАРОВОНЛИК ХОНАДОНЛАРДАН БОШЛАНАДИ

ФАРОВОНЛИК ХОНАДОНЛАРДАН БОШЛАНАДИ


28-12-2020, 14:59. Разместил: User

   Ўзбекистон Республикасининг "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ Жиззах шаҳрида эксперимент ўтказилди. Уй-жой ширкатлари тўлиқ ислоҳ қилиниб, улар ўрнига учта бошқарув сервис ташкилотлари ташкил этилди. Шаҳардаги "Заргарлик" МФЙдаги ширкатлар асосида 54 та кўпқаватли уйлардаги 2533 та хонадонга хизмат кўрсатувчи "Jizzax ta'mirlash kommunal servis" МЧЖ ташкил этилди.

   "Маданият" ва Бобур МФЙларида "Махсускомхизматлар" МЧЖ, "Сайилжойи" ва "Тошлоқ" МФЙларида эса "Ta'mirlash tiklash servis" МЧЖ ташкиллаштирилди. Аҳолига сифатли ва тезкор хизматлар кўрсатиш мақсадида рақамли технологиялар асосида диспетчерлик хизмати йўлга қўйилди.

   Оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ходимлари учун Уй-жой коммунал бошқармаси ташкил этган "PRESS — TOUR"да бошқарма бошлиғининг ўринбосари Турсунбой Эргашев бошқарув сервис ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

   —Илк иш кунлари жуда қийналгандик,—дейди "Jizzax ta'mirlash kommunal servis" МЧЖ раҳбари Алишер Садиков. —Барча уйларнинг ертўлалари сув босган, одамлар ўзбошимчалик билан қазноқлар қуриб олган эди. Ҳозирги пайтда тўлиқ тартиб ўрнатилди. Энг зарур соҳалар бўйича усталар ишга қабул қилинди. Айни пайтда ташкилотимизда 25 нафар турли хизмат соҳалари бўйича малакали ходимлар иш билан таъминланган.

"PRESS—TOUR" давомида бошқарма тасарруфидаги "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонасига қарашли янгидан қурилиб, илғор техника ускуналари билан жиҳозланган қозонхона намойиш этилди. У табиий газ ва электр энергиясини иқтисод қилишга мосланган бўлиб, ҳатто унда ишлатиладиган сув ҳам "юмшатилади", яъни турли минераллардан тозаланади. Ҳозирги пайтда "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонаси тасарруфида 19 та қозонхона бўлиб, уларга 48 та сув иситиш қозонлари ўрнатилган.

  —Бундай ўзгаришлар вилоятимизнинг барча туманларида ҳам амалга оширилади, — дея изоҳ берди уй-жой коммунал бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Алишер Оқилов.

   Матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ ходимлари бошқарманинг масъул ходимларини саволларга кўмиб ташлади дейиш мумкин. Чунки, уй-жой коммунал хизмати доим оғриқли соҳа бўлиб келган. Зеро, ҳамма ўз хонадонида барча қулайликлардан фойдаланиб, фаровон яшашни хоҳлайди.скачать dle 12.0
Вернуться назад