Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

3-01-2020, 08:38
Автор: User
Просмотров: 68
Комментариев: 0
Версия для печати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
   2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг масъулиятини янада ошириш, маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эркинлигини таъминлашга қаратилган янги бюджет тизими жорий этилмоқда.
   Илк бор, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан республика бюджети харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар харажатлари эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган ҳамда тўлиқ маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириладиган даромад турлари кенгайтирилди.
   2020 йилдан бошлаб барча давлат мақсадли жамғармалари ва четдан жалб қилинган ташқи қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган давлат харажатлари консолидациялашган давлат бюджетида акс эттирилиб, бюджет қамрови ва очиқлиги даражаси кучайтирилди. Халқаро стандартларга мувофиқ умумий фискал балансининг ҳисобини юритиш йўлга қўйилди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларни ортиқча ундирганлик учун давлат солиқ хизмати органларининг жавобгарлиги кучайтирилди, замонавий усулларни қўллаган ҳолда хорижий амалиётда синалган солиқ назорати шакллари жорий этилди, шунингдек, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари соддалаштирилди.
   Ўз навбатида, амалга оширилаётган ислоҳотлар вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг биринчи даражали харажатларни, давлат дастурлари ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш борасида жавобгарлигини оширишни, манбаси аниқ бўлмаган тадбирларни амалга оширмасликни ҳамда бюджет интизомини янада қатъийлаштиришни талаб этади.
   Давлат молиясини тизими ва бюджет интизомини янада мустаҳкамлаш, солиқ-бюджет тизимининг шаффофлигини ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичлари бажарилишида манфаатдорлигини кучайтириш, шунингдек, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш мақсадида:
   1. Қуйидагилар 2020-2024 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:солиқ-бюджет сиёсатига стратегик ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги “натижага йўналтирилган бюджет” тизимини жорий этиш;макрофискал прогнозлар ишончлилигини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш;
   бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш;
   фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш;
   бюджет ҳисоби стандартларини унификация қилиш, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш;
   бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш;
   бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш.
   Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда халқаро молиявий институтларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда 2020-2024 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.2. Қуйидагилар Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бюджет-молия соҳасидаги асосий вазифаси этиб белгилансин:солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш, солиқлар йиғилиши даражасини ошириш, мавжуд захираларни сафарбар этиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали тегишли бюджет даромадлари прогнозининг бажарилишини таъминлаш;
   бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш ҳамда уни тежаш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан фойдаланишнинг натижадорлиги бўйича ҳисобдорлик тизимини кучайтириш;
   биринчи навбатда молиялаштириладиган (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар) харажатларни ўз вақтида молиялаштириш ва кредитор қарздорликка йўл қўймаслик;
   объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларни амалга ошириш учун назарда тутилган маблағларни, биринчи навбатда, олдинги йиллардан ўтувчи объектларни ишга туширишга йўналтириш;
   Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинадиган ташқи қарз маблағларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш орқали натижадорликни таъминлаш.
   3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилда:
консолидациялашган бюджет дефицитини ялпи ички маҳсулотнинг 0,5 фоизидан ошмаслигини;
   Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромад ва харажатлари баланслаштирилган ҳолда ижро этилишини;
   Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 млрд АҚШ долларидан ошмаслигини;
   Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чекланган ҳажми 1,5 млрд АҚШ долларидан ошмаслигини таъминласин.
   4. Белгилансинки, давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа ва дастурларнинг натижадорлигини баҳолаш жараёни қуйидагиларни назарда тутади:
   якунланган лойиҳа ва дастурларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси аудитдан ўтказиб, аудит натижалари бўйича ахборотни ҳар чорак якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига юборади;
   тегишли вазирлик ва идоралар якунланган лойиҳа ва дастурлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига 3 ой ичида тақдимотлар ўтказади;
   Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги лойиҳа ва дастурларнинг ишлаб чиқилиши, танлаб олиниши, мониторинги ва аудит натижаларига оид маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларда жойлаштирилишини таъминлайди.
   5. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:
   ходимлар умумий чекланган сони доирасида бошқарув ходимларининг сони 3 та штат бирлигидан иборат давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурларни аудит қилиш секторини ташкил этсин;
   уч ой муддатда давлат қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурларни баҳолаш ва аудитдан ўтказиш ҳамда уларни хатарлар бўйича гуруҳлаштириш масалаларини ўз ичига олувчи тартибни тасдиқласин.
   6. 2020 йилда иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
   7. 2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 1,07 баробарга оширилсин.2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
   меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 679 330 сўм;
   пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 238 610 сўм;
   энг кам ёшга доир пенсиялар – ойига 466 680 сўм;
   болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 466 680 сўм;
   зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 286 390 сўм;
   14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари 2-иловага мувофиқ белгилансин;
   солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари ва кўрсатилаётган давлат хизматлари, тадбиркорлик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун патент (лицензия) тўловлари ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлар миқдорини аниқлашда қўлланиладиган базавий ҳисоблаш миқдори – 223 000 сўм ўзгаришсиз қолдирилсин.8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлиги:
   мазкур қарорнинг 3-иловасида кўрсатилган 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилиши юзасидан барча зарур чораларни кўрсин;
   икки ҳафта муддатда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун ва моҳиятини солиқ тўловчиларга тушунтириш ҳамда амалиётга жорий қилишни кўзда тутувчи чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва амалга оширсин.
   9. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан қўшилган қиймати солиғининг салбий суммасини солиқ тўловчининг аризасига кўра қоплаш тартиби 2020 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:
   Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда электрон ҳисобварақ-фактура тизими операторлари сонини кўпайтириш ҳамда операторлар билан ҳамкорликда 2020 йил 1 апрелгача электрон ҳисобварақ-фактуралар алмашиш тизимини тўлақонли жорий қилиш чораларини кўрсин;
   электрон ҳисобварақ-фактуралар юритишга ўтган солиқ тўловчилар учун солиқ ҳисоботларини топшириш тартибини соддалаштириш, шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат-касса машиналар юритишдан бош тортганлик учун жавобгарлик чораларини жорий этиш бўйича таклифларни 2020 йил 1 июлгача Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
   10. 2020 йилда солиқ юкининг кескин ўсишига йўл қўймаслик мақсадида, жисмоний шахслар мулкига кадастр қиймати асосида белгиланган мол-мулк солиғи суммаси 2019 йилда ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 баробаридан ортиқ оширилмаслиги белгилансин.
   11. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий солиқ тушумлари қуйидагича тақсимланади:
   а) бюджет ташкилотлари бўйича:
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига – 99,2 фоиз;
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига – 0,4 фоиз;
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига – 0,4 фоиз;
   б) бошқа тўловчилар бўйича:
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига – 98,4 фоиз;
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига – 0,8 фоиз;
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига – 0,8 фоиз.
   12. 2020 йил 1 январдан бошлаб:
рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ учун фойда солиғи ставкалари 4-иловага мувофиқ;
“Навоий кон-металлургия комбинати” ДК ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси олтин, палладий ва кумуш учун 20 фоиз ва мис бўйича 15 фоиз миқдорида тасдиқлансин.
   13. Махфий.
  14. Белгилансинки, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларига қонунчиликда олий таълим муассасалари учун назарда тутилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилади ва 2020 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий солиқнинг 12 фоиз миқдордаги ставкаси қўлланилади.
   15. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари бўлган юридик шахслар томонидан ер солиғи қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси:
2020 йил 1 апрелга қадар “Ўздаверлойиҳа” илмий-лойиҳа институти, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари бўлган барча юридик шахсларга ер солиғини ҳисоблаш учун қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини етказсин;
   2020 йил 1 июлга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, 2021 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини белгилашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
   16. Белгилансинки, мобиль алоқа хизматлари кўрсатиш ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғи бўйича:
   Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджети ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетларига ажратиладиган маблағлар ҳар ойда (ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар, йил якуни бўйича охирги иш кунига қадар) ўтказилади;
даромадлар прогнозининг бажарилмаган қисми Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади, прогнознинг ошириб бажарилган қисми Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ихтиёрида қолдирилади.
  17. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бюджет даромади прогноз кўрсаткичларини ортиқча тўланган ва ундирилган солиқ суммалари ҳисобига бажарилишига йўл қўймасликлари бўйича қатъий огоҳлантирилсин.2020 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра ортиқча ундирилган солиқ суммаларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган ставкада фоизлар тўлаган ҳолда қайтариш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда:
  Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилган солиқлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан;
  Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, туман ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилган солиқлар бўйича – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан;
бюджет тизими бюджетлари ўртасида тақсимланган солиқлар бўйича – тегишли бюджетлар ҳисобидан уларга ажратмалар меъёрига мутаносиб равишда амалга оширилади.
   18. Фойда солиғи тўлиқлигича Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
   Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига мазкур қарорнинг 5-иловасида кўрсатилган давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан дивидендлар (соф фойдадан ажратмалар) тўлаш миқдорлари ва даврийлигини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали тегишли масалаларни ушбу юридик шахсларнинг бошқарув органларида кўриб чиқиш учун киритиш йўли билан аниқлаш ҳуқуқи берилсин.
   19. Қуйидаги солиқ турлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисмини тўлиқ ҳажмда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджети ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига қолдирилсин:
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
   қўшилган қиймат солиғи (мазкур қарорнинг 5-иловасида кўрсатилган йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно);
   фойда солиғи (мазкур қарорнинг 5-иловасида кўрсатилган йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек, норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғи бундан мустасно).
   Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нархлар (тарифлар) ва қонунчилик ҳужжатлари ўзгаришидан келиб чиқиб, қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар прогнозини тасдиқланган кўрсаткичлар доирасида ҳудудлар кесимида қайта тақсимлаш ҳуқуқи берилсин.
   20. 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.21. 2020 йилда бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш қуйидаги ҳолларда тақиқлансин:
   молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаса;
   белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари)сиз ёки лойиҳа ҳужжатларини қурилиш-монтаж ишлари билан бир вақтда тайёрлаш, яъни параллел равишда олиб бориш;
   пудратчи (лойиҳачи) ташкилотларни тендер (конкурс) ўтказмасдан (“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларида назарда тутилган бўлмаса) танлаб олиш асосида.
Мазкур банда кўрсатилган бюджет интизоми қоидаларига риоя қилиниши устидан Бош вазирнинг тегишли соҳалар бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
   22. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, қурилиш меъёрлари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш, қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, ёлланма ишчиларнинг норасмий фаолиятини легаллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
   23. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар сув тежовчи технологияларни жорий этишга давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг ҳосилдорлик ошишига, сув ва моддий (электроэнергия, минерал ўғитлар ва бошқалар) ресурслар иқтисод қилинишига таъсирини мустақил консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда ўргансин ва 2020 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига сув тежовчи технологияларни жорий этишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.
   Мустақил консалтинг компанияларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан қоплансин.
   24. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг:
давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда зарар етказилмаслигини таъминлаш;
Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича ҳудудий жамғармалар маблағларидан фойдаланиш юзасидан чиқариладиган қарорларини мажбурий тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари билан келишилиши ҳамда зарарларни қоплашда уларнинг давлат бюджети ва маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланиши юзасидан масъуллиги белгилаб қўйилсин.
   25. Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий ва молиявий жарималардан ажратмалар миқдорини бюджетдан ташқари маблағлардан тўлаб келинаётган иш ҳақи ва рағбатлантириш тўловларини унификациялаштирган ҳолда Давлат бюджети орқали амалга ошириш ҳисобигамақбуллаштириш бўйича таклиф киритсин.Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан уларнинг ходимларига уй-жой ва автомашиналар хариди учун имтиёзли кредитларни ва фоизсиз ссудаларни ажратиш бекор қилинсин.
   26. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотлари, вазирлик, идоралар ва давлат мақсадли жамғармаларининг:
миллий валютадаги бюджетдан ташқари маблағлари ҳисоби фақат Ягона ғазна ҳисобварағида юритилади;
   вақтинча бўш турган миллий валютадаги маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш, уларнинг сўровлари асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Марказий банк билан келишилган ҳолда электрон аукцион орқали амалга оширилади;
   тижорат банклари депозитларига 2020 йилгача жойлаштирилган миллий валютадаги маблағлари депозит муддати тугагандан сўнг, муддат узайтирилмасдан Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилади. Бунда тижорат банклари депозитларига кредит ресурси сифатида мақсадли жойлаштирилган маблағлар мазкур ресурс ҳисобига берилган кредитлар сўндирилгандан сўнг Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилади.
   Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги бюджет ташкилотлари ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг тижорат банклардаги ҳисобварақларининг ҳаракати бўйича маълумотлар алмашинувини йўлга қўйсин.
   27. Махфий.
   28. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда даволаш ва профилактика муассасаларида, “баркамол авлод” марказларида, болалар мусиқа ва санъат мактабларида, спорт муассасаларида, давлат маданият муассасаларида, ветеренария бўлинмаларида, шунингдек, адлия органларида пуллик хизматлар кўрсатиш амалиётини ўрганиб чиққан ҳолда аҳолига янада қулайлик яратиш, пул тушумларининг шаффофлигини ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.
   29. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар давлат ташкилотларида енгил хизмат автомашиналари чекланган сонини белгилаш, шунингдек, раҳбар ходимларга хизмат автомашиналарини классига қараб бириктириш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
   30. Мактабгача таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда ўз тасарруфидаги муассасаларда овқатлантириш бўйича жорий этилган аутсорсинг тизимининг самарадорлигини ўрганиб чиқсин ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.
   31. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги марказий аппаратида таълим муассасаларида иш хақини режалаштириш ва молиялаштириш бўлимларини ташкил этиш учун ҳудудий ғазначилик органларининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига қўшимча 4 тадан штат бирликлари ажратилсин.
   Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда умумтаълим мактабларининг ўқув биноларидан самарали фойдаланишга ҳамда синфларни комплектлаш жараёнининг шаффофлигини оширишга қаратилган умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низомни ўрнатилган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
   32. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга, ҳудудий молия органлари томонидан эса ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга келгуси уч йил учун ажратиладиган бюджет маблағлари чегараланган миқдорларини ва бюджетлараро трансфертлар миқдорларини ҳар йили 15 июнга қадар етказиш тартиби жорий этилсин.
   Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий ривожланишининг кейинги йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнози аниқлаштирилган кўрсаткичларини, ҳар йили 15 августга қадар эса ўрта муддатли (келгуси уч йилга) даврга мўлжалланган прогнозларини тақдим қилсин.
   33. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ўртасида бюджетлараро трансфертларнинг миқдорини аниқлаш ва ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
34. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат бюджети харажатларини самарадорлигини баҳолашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартибини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
   2020 йил давомида соғлиқни сақлаш, халқ таълими, автомобиль йўллари ва сув хўжалиги соҳаларида 2018–2019 йиллардаги тадбирларга йўналтирилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг натижадорлигини халқаро молия институтлари экспертларини жалб қилган ҳолда таҳлил этиб, баҳолаш;
   баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси ва Сув хўжалиги вазирлиги харажатларининг сифат ва миқдор кўрсаткичларини белгилаш ҳамда, тажриба тариқасида, уларни баҳолаш тизиминижорий этиш, шу асосда кўрсатилган вазирлик ва идораларнинг 2021 йил учун бюджетларини шакллантириш;
   2021 йилдан бошлаб барча вазирлик ва идораларнинг бюджетлари харажатларининг самарадорлик индикаторларини белгилаган ҳолда мақсадли режалаштириш тизимига ўтказиш ва мазкур тизимни 2022 йил бюджетини шакллантиришда татбиқ этиш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида белгиланган штат бирликлари доирасида 5 та штат бирлигидан иборат Бюджет харажатлари самарадорлигини баҳолаш ва бюджетни режалаштиришнинг дастурий-мақсадли услубларини жорий этиш бўлими ташкил этилсин.
   35. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини тасдиқласин.
   36. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлар маблағларининг сарфланиши, шунингдек, республика бюджетидан маблағ олувчи бюджет маблағлари тақсимловчилари томонидан уларга ажратилган бюджет маблағларидан манзилли ва самарали фойдаланилиши юзасидан доимий назорат ўрнатсинлар;
   2020 йил 1 сентябрга қадар етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар, бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ва жавобгарлигини оширишни назарда тутувчи Ички назорат ва ички аудитни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
   Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ижроси тўғрисидаги ҳисоботидан бошлаб молиявий активлар ва мажбуриятларнинг ўзгариши билан боғлиқ молиявий ўтказмаларни Давлат молияси статистикасининг халқаро стандартларидан келиб чиқиб, ҳисоботда акс эттирсин.
   37-39. Махфий.
   40. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг харажатларини қуйидаги ҳажмларда аниқлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
   Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари 113 500,0 млрд сўм миқдорида;
   бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатлари 26 260,0 млрд сўм миқдорида;
   Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг харажатлари 426,0 млрд сўм миқдорида.
   41. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат молиясини бошқариш, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш, шунингдек, бюджет муассасаларида ишловчи ишчи ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳисобини тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш бўйича ахборот дастурларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобига сервер ва телекоммуникацион қурилмаларини янгиласин.
   42. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
   43. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

                                           Ўзбекистон Республикаси
                                           Президенти                                           Ш.Мирзиёев
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.