Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » Телетомошабиннинг «кўзи»

Телетомошабиннинг «кўзи»

26-06-2019, 09:53
Автор: User
Просмотров: 39
Комментариев: 0
Версия для печати
Вилоятимиз телерадиокомпаниясида 10 нафар телеоператор ишлайди. Ўнта бўлса ўрни бошқа дей-дилар. Улар орасида Аъзам ҚОСИМОВнинг алмаштириб бўлмайдиган, мустаҳкам ўрни бор. Аъзам Қосимов (суратда) деганда, ходимларнинг юзида табассум пайдо бўлади. Уни ҳам моҳир оператор, ҳам ажойиб инсон сифатида яхши кўрадилар, у билан бирга съёмкага чиқиш учун керак бўлса талашиб-тортишадилар.
— Аъзам 2004 йилда улкан жамоамизга келиб қўшилган эди, — дейди вилоят радиосининг бош муҳаррири, тажрибали журналист, "Шуҳрат" медали соҳиби Сайёра БЎРОНОВА. — Биласизми, оператор тележурналистнинг иккинчи қаноти. У ифодаламоқчи бўлган фикрни илғаб олиб, уни ривожлантирувчи кадрларни суратга олиши керак. Шу маънода ҳамманинг яхши оператор билан ишлагиси келади.
Энди иш бошлаган Аъзам билан съёмкага кетаяпмиз. Бошида унча ёқинқирамади. Қорагина, оддий йигит, камерани кўтариб ёнимда жимгина кетаётувди. Манзилимиз узоқроқ, шу сабаб "Нимада кетарканмиз?" деб истеҳзоли савол ташладим. Шунда у "Ярмигача пешком, қолганини пиёда" деганида ўзимни тутолмай, қаҳ-қаҳ кулиб юбордим. Шу-шу Аъзамга меҳрим тушиб қолди. Қайси маънодаки, у ўзига билдирилган ишончни оқлай олгани учун. Узоқ манзилларга, иссиқ ва қаҳратон кунларда съёмкага боришга тўғри келса, кўпроқ Аъзамжон билан бирга боришни сўрайман. У одамнинг кайфиятини кўтарадиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, оғир-босиқ бўлиши билан бирга ҳазил-мутоиба билан иш унумдорлигини оширадиган ходим.
Аъзам Қосимов муаллифнинг фикрини, мақсадини илғаб, унга мос кадрлар топишга уста. Масалан, ҳалол меҳнати билан меҳнат зафарларига эришган киши ҳақидаги ҳикоямга дон ортмоқлаб, дарахтга жонжаҳди билан тирмашаётган чумолини тасвирга туширибди. Ўша кадр менга жудаям асқотган эдики...
Бир вақтлар раҳматли устозим Акрам Иномов мени газетага ишга таклиф қилганида, шу даргоҳдан кўнгил узиб кета олмаганим боис рад жавобини берганман. Ўйлаб қарасам, телевидениенинг иши оғир, бир вақтлар ойлик маоши жуда кам бўлганда ҳамаҳилиноқ жамоамиз, Аъзамжон, Ўткир Холбеков каби ажойиб ҳамкасбларимни кўзим қиймай, бошқа жойга ишга ўтиб кета олмаган эканман...
Шу интервьюнинг ўзиёқ қаҳрамонимизни тасвирлашга етарли бўлди, менимча. Аъзам Қосимов ўрта мактабни тугаллагач, уни телевидениега амакиси Нурмат Қосимов етаклади. У Жиззах шаҳар телеканалида оператор бўлиб ишлар, ёш Аъзамжонамакисининг олдига кўп бориб, вақтини камера билан танишишга сарфларди. Мана, 15 йилдирки, Аъзам Қосимов оғиргина бўлса ҳам қадрдон бўлиб қолган телекамераси билан тоғу боғ-ларда, чўлу кўлларда, муаммоли ҳудудларда, яхши инсонларнинг сиймоларини тасвирлашдан толмайди.
Аъзам Қосимов 2010 йилда республика телевидение ва радио коллежини биринчи қалдирғочлари сафида тамомлади. Журналистдан кам бўлмаган машаққатли ва қизиқарли касби ҳақида қаҳрамонимизнинг ўзи шундай дейди:
— Телеоператорнинг нигоҳи оддий одамнинг қарашидан фарқ қилади. У оғир-босиқ бўлиши шарт. Кунига ҳар хил одамлар билан, вазиятлар билан ишлаймиз. Асаблар мустаҳкам бўлмаса, кўнгилдагидек тасвирларни ололмаймиз. Оператор спортчи бўлиши ҳам керак. Баъзан тезкорлик билан ишлаш, спорт мусобақалари, байрам тадбирларини тасвирга олишда спортчидек ҳаракатланиш талаб этилади. Бир тадбирдан иккинчисига борамиз, иш кунимиз саҳардан тунги 11 гача давом этган кунлар ҳам бўлади. Шундай бўлса-да, ишимни жуда яхши кўраман, жамоадошларим қариндошларимдек бўлиб кетган.
Ўзим гувоҳ бўлгандим: кечгача давом этган тасвирга олиш ишлари тугай деб қолганда бир амалдорнинг оғзаки топшириғи билан Аъзам Қосимов Ғаллаорол туманига воқеаларнинг кейинги ривожини тасвирга олиш учун жўнаб кетганди. Ваҳоланки, Учтепада, шундоққина уйига яқин жойда съёмка бўлаётган эди. Шунақа, агар Сизга қайсидир кўрсатув жудаям ёққан бўлса, ширинсухан, латофатли сухандон билан бирга асаблари метин, интервью берувчининг оғзини пойлаб толмайдиган операторнинг ҳам катта ҳиссаси борлигини унутманг.
Аъзам ака Марҳабо янгамиз билан Жавоҳир ва Дурбек исмли ўғилларни вояга етказишмоқда. Ҳамкасблари унинг оилапарварлиги, яхши ота эканини ҳам эътибордан четда қолдиришмайди. "Фарзандларимнинг тележурналист бўлишини истардим", дейди моҳир оператор суҳбатимиз якунида. Камтарлиги-ю ҳазиллариўзига ярашган, креатив фикрловчи тасвирчи, ижодкорлар орасида ўз ўрнини топган Аъзам Қосимов ва операторлар гуруҳини байрамона ижодий руҳ ҳеч қачон тарк этмасин!
Муқаддас САПАРОВА.
(«Жиззах ҳақиқати»)
Б.ҚУДРАТОВ олган сурат.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.