Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » РУҲИ ШОДДУР АЛПОМИШГА АЛЛА АЙТГАН МОМОЛАРНИНГ

РУҲИ ШОДДУР АЛПОМИШГА АЛЛА АЙТГАН МОМОЛАРНИНГ

12-04-2019, 10:24
Автор: User
Просмотров: 62
Комментариев: 0
Версия для печати
Қулон юрмас ерлардан,
Қувиб ўтиб бораман.
Булон юрмас ерлардан,
Боғиб ўтиб бораман.
Қарсоқ юрмас ерлардан,
Қалқиб ўтиб бораман.
Бўри юрмас ерлардан,
Бўзлаб кетиб бораман.
Бугун Алпомишнинг Ватани бўлмиш кўҳна Сурхон юртида бахшичилик санъати ўзининг умри боқийлиги, чегара ва тўсиқларни писанд қилмаслиги, халқ яшар экан, у ҳам мангу эканлиги ҳақида ана шундай куйлаётир. Ўзи ҳақида тўлиб-тошиб, қайнар булоқдек биқирлаб, шамолдек шовуллаб, ёмғирдек дувиллаб сўйлаётир. Белини маҳкам боғлаган, ўзини зўр ишга чоғлаган бахшиларнинг термаларидан дил яйрайди. Чунки бахшичиликда кенглик бор — Ватан кенгликларидир у. Ватанини севмаган одам бахшининг айтганларидан завқ ололмайди. Бир туки қилт этмайди.
Барчинойнинг:
Бегим ўлса — бекчам бор,
Журтим эгасиз бўлмайди.
Норим ўлса — норчам бор,
Жуким жерда қолмайди.
Бундай айтишларингга,
Бобо, кўнглим тўлмайди...
​деган мардона хитобидан бежиз товонигача зириллаб кетмайди. Бахши куйлаганда юракка қўл солади: унда юрт васфи, адолат ва ҳурлик тантанаси борми дея. Бежизга боболаримиз "Бахшиси бор юртнинг ботири кўп бўлади", дейишмаган.
Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб юртимизда ўтказилаётган халқаро бахшичилик санъати фестивалини кузатиб борар эканмиз, халқ оғзаки ижодининг мазкур ноёб ва қимматбаҳо дурдонасига мангу ҳайкал қўйилганидан мамнунлик туямиз. Бахшилар тилида айтганда "Журагимда жонган чўққа кабоб лахта бўларов"...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдагиқарорига асосан, 5 апрелдан Термиз шаҳрида халқаро бахшичилик санъати фестивали бошланганидан хабарингиз бор. Унда дунёнинг 76 давлатидан 100 нафардан зиёд бахшилар иштирок этишмоқда.
Фестивалнинг очилишидан бир кун аввал мезбон шаҳарда "Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни" мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилди. Унда нутқ сўзлаган жанубий кореялик олим Сеонг Йонг Пакнинг фикрлари эътиборга молик:
— Бахшичилик — Одам авлодлари ерда тарқалган замонлардан бошланган. Кўчманчилар маданияти сифатида элдан элга, юртдан юртга кўчиб юрган. Инсониятнинг маданий меросига айланган бахшичилик ер юзига айнан Марказий Осиёдан тарқалган, — деди нотиқ ўз сўзида.
Бунга қўшимча равишда келтириш мумкинки, юртимиз достончилик мактаби милоддан аввалги 4-5 асрлардаёқ тараққий топган. Юртимизнинг турли ҳудудларида ўзига хос достончилик мактаблари шаклланган. Фарғонада достонлар ҳикоягўйлик услубида куйланса, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд томонларда томоқ билан куйланади. Хоразм томонларда эса муайян куйга солинган ҳолда очиқ овоз билан ижро этилади.
Жиззах бахшилари Самарқанд достончилик мактаби анъаналари асосида ижод қилган дейиш мумкин. Мазкур фестивалда иштирок этаётган вилоятимиз делегацияси аъзолари сафига воҳамизда яшаб, ижод қилаётган бахшиларни ҳам киритишга катта эътибор берилди. Хусусан, Зомин, Зарбдор, Фориш, Ғаллаорол, Зафаробод ва Шароф Рашидов туманларидан халқ достонлари ижрочилиги вакилларини топиш, янги асарлар устида ишлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро фестивалда Ўзбекистоннинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бўлинмаси ўз ҳунармандчилик, ошпазлик, фольклор, маданий мерос намуналарини намойиш қилмоқда. Хусусан, Термиздаги Жиззах қўрғони ҳам фестиваль иштирокчилари, сайёҳлар, меҳмонлар билан доим гавжум. Уларни Жиззах павильонида нималар ўзига жалб этмоқда?
— Вилоятимиз учун ажратилган ҳудудда худди Жиззахнинг кичик моделини кўргандек бўласиз, — дейди вилоят ҳокимлигининг ижтимоий котибияти мутахассиси Баҳром Қўшбоқов.— Павильон учун ажратилган саҳна безаклари Ўзбек миллий академик драма театрининг бош рассоми, санъат арбоби Бахтиёр Тўраев томонидан тайёрланган. Жумладан, шаҳ-римиз рамзларидан бири собиқ "Ўзбекистон" меҳмонхонаси, Хўжа Нуриддин мадрасаси ҳамда маълуму машҳур "Зомин" санаторийсининг ихчам макети тайёрланган. Амир Темур дарвозасининг кичик масштабдаги макети воҳамизнинг рамзий дарвозаси эканлигини англатади.
"Welcome to Jizzakh". Бу ёзув Ўзбекистон гулдастасида ўз ўрнига эга Жиззах вилояти павильонига келганингизни англатади. Улкан ҳудудда Жиззахнинг донгдор ва қадимий иморатларидан ташқари лойсувоқ қишлоқ ҳовлиси, тандир каби экспозициялар бор. Дутор, доира, дўмбира каби чолғу асбобларининг улкан модели фестиваль мавзусига уйғунлик касб этган.
Тадбирда воҳамизнинг 10 нафар энг маҳоратли ҳунармандлари иштирок этиб, мато, гилам тўқиш, тақинчоқлар, ёғочдан ошхона анжомларини ясаш каби ҳунарларини намойиш этишаяпти. 5 нафар қўли ширин ошпазлар машҳур Жиззах сомсаси, жизи ва паловини тайёрлаб, фестиваль иштирокчиларининг иштаҳасини "карнай" қилмоқда.
— Фестиваль худди эртаклар, афсоналар оламига ўхшайди, — дейди вилоятимиз ҳунармандларидан Муқаддас Қозоқбоева. — Бу ерда ўз соҳам бўйича бошқа вилоятлар вакилларидан анча нарсалар ўрганяпман. Мен кўп йиллардан буён оддий металлардан миллий услубда тақинчоқлар ясаш билан шуғулланаман. Айтиш мумкинки, аёл кишини оддий металл ҳам жозибали қила олади. Гап унинг қийматида эмас, аёлнинг, аёлликнинг маънисида... Муқаддас опанинг интервьюсидан бахшилар айтимларидан қониб сув ичгани кўриниб турибди.
Вилоятимизда фольклор-этнографик халқ ансамбли унвонига эга ҳаваскорлик жамоалари 21 тани ташкил этади. Улар орасидан энг муносиб иштирокчиларни танлаб олиш мақсадида март ойида "Баҳор тароналари" кўрик-танлови ўтказилган эди. Ғолиблар орасидан Шароф Рашидов туман маданият маркази қошидаги "Зебомхон" ва Зарбдор туман маданият маркази қошидаги"Ойпари" фольклор-этнографик халқ ансамбллари вилоятимиз вакиллари сифатида халқаро бахшичилик фестивалида иштирок этадиган бў-лишди. Улар томонидан Жиззахнинг ўзига хос миллий удумлари, урф-одат ва анъаналари асосида тайёрланган концерт дастури намойиш этилмоқда. "Етти қарсак", "Ёзикал" қўшиқларини бахшилар дарҳол импровизация қилиб, қайта куйлашаяпти. 6 апрель — Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимида иштирок этган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам Жиззах воҳасига тегишли павильонни алоҳида қизиқиш ва мамнуният билан томоша қилди.
Умуман, фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳолининг қадимий анъана ва қадриятлари кенг намойиш этилмоқда. Улар орасида вилоятимиз вакилларининг ҳам муносиб қатнашаётганлиги димоқни чоғ қилади.
Термиз шаҳридаги Алпомиш ёдгорлиги пойида ўтаётган халқаро бахшичилик санъати фестивали бутун дунё этнограф олимлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан юксак баҳоланмоқда. Бахшилар туркий тилга мансуб халқларнинг деярли барида бор. Аммо уларга бу қадар юксак эътибор, эътироф жуда камёб. Буни фестиваль иштирокчиларинингОАВ вакилларига бераётган интервьюларидан ҳам билиб олиш мумкин.
Халқаро бахшичилик фестивали бежиз этнографик макон — Сурхондарёда ўтказилмаяпти. Ўзбек достончилигининг шоҳ асари бўлмиш "Алпомиш" достони ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон маънавий мулки деб тан олинган. Достоннинг 1000 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Унинг умрбоқийлиги эса айнан бахшиларнинг меҳнати, санъатига содиқлиги, юрагида Ватан кенгликларининг бепоёнлигидандир. Достоннинг 40 дан ортиқ варианти маълум. Қувонарлиси, маълуму машҳур ушбу достоннинг илк тўлиқ нусхаси 1939 йилда ҳамюртимиз, баҳор ва муҳаббат куйчиси Ҳамид Олимжон томонидан ёзиб олинган.
Маълумот учун: I халқаро бахшичилик фестивали бугун ниҳоясига етади. Мазкур фестивалнинг ҳар икки йилда бир маротаба ўтиши белгиланган.
PS. Глобаллашаётган дунёнинг рангбаранглигини сақлаб қолишда ўзига хос вазифани бажараётган мазкур фестиваль ёшларимиз орасида ҳам миллий достончилик санъатига қизиқиш уйғотишига умид қиламиз. Бахшиларнинг концертлари учун эстрада хонандаларининг концертлари сингари билет талаш бўлиб сотилишига ҳам.
Муқаддас САПАРОВА.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.