Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » Ермек ОЛПИСОВ: МИРЗАЧЎЛДАГИ БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ ЎРГАНИШГА, ҚЎЛЛАШГА ЛОЙИҚ АЖОЙИБ ТАЖРИБА

Ермек ОЛПИСОВ: МИРЗАЧЎЛДАГИ БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ ЎРГАНИШГА, ҚЎЛЛАШГА ЛОЙИҚ АЖОЙИБ ТАЖРИБА

12-04-2019, 10:07
Автор: User
Просмотров: 22
Комментариев: 0
Версия для печати
Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Ермек Олписов бошчилигида бир қатор давлат қўмиталари, департаментлари раҳбарлари, вилоят хокимларининг ўринбосарлари ва туман ҳокимларидан иборат делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, яхши кунларда ҳам, қийинчилик дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бундай дўстлик ва аҳиллик бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги алоқаларга мустаҳкам асос бўлмоқда.
Мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, кўп қиррали сермаҳсул ҳамкорлик кенгаймоқда. Бугунги кунда икки давлат компаниялари, ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида мамлакатларимиз корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Меҳмонлар дастлаб Мирзачўл туманида “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Қозоғистон делегациясини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Мирзачўл тумани ҳокими Комил Холмуродов ва кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олди.
Меҳмонларнинг туман билан танишуви шаҳардаги ёдгорликларни зиёрат қилишдан бошланди, Хотира хиёбонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Шундан сўнг меҳмонлар шаҳардаги ижтимоий-маданий муассасалар, маҳаллалар ҳаёти билан танишди.
Гагарин шаҳри марказида яшовчи 2 мингга яқин аҳоли учун қисқа муддатда 317 та, жумладан, 4 сотихли 223 та намунали уй, 94 та кўп қаватли уй, маҳаллаларда 38 та болалар майдончаси, 2 та сунъий қопламали стадион қуриб битказилгани меҳмонларда ҳайрат ва ҳавас уйғотди.
Янгиланган шаҳар маркази, замонавий иншоотлар, турар жой бинолари, баҳорий либосга бурканган манзарали ва мевали дарахтлар, яшил майдонларни меҳмонлар катта қизиқиш билан томоша қилди. Фақат ижтимоий соҳа объектлари қурилишида қарийб 50 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилгани, жумладан, оилавий поликлиника, туман санитария-эпидемиология назорати маркази, Давлат хизматлари маркази бинолари янгидан қурилгани, 3 та мактаб мукаммал таъмирланиб, 7 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилингани алоҳида эътироф этилди.
Делегация аъзолари “Бахт уйи”, Давлат хизматлари агентлиги туман филиали, кўп тармоқли туман поликлиникаси каби муассасаларнинг янги қурилган, реконструкция қилинган иншоотларини кўздан кечирди. Янги уйларда яратилган қулайликлар, капитал таъмирланган Қозоқ миллий драма театри фаолияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Театр биносида жойлашган Ўзбек – Қозоқ миллий маданий маркази фаоллари билан учрашув кўтаринки руҳда ўтди.
Айни пайтда фақат ижтимоий соҳа эмас, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, аҳолини иш билан таъминлаш муҳим йўналиш сифатида изчил амалга оширилгани ҳам меҳмонлар эътиборини тортди. Дастур доирасида Мирзачўл тикувчилик мажмуаси, Мирзачўл чорва комплекси, “Мирзачўл текс” МЧЖ, нон цехи, мини-маркет, ҳаммом ташкил этилиши натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Қозоғистон делегацияси сафар давомида Кўктерак қабристонини зиёрат қилди. Ўтганлар хотираси ёдга олинди.
– Ушбу сафардан мақсадимиз Ўзбекистоннинг “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш борасидаги тажрибасини ўрганишдир, – дейди делегация раҳбари Ермек Олписов. – Ўзбекистондаги ўзига хос бу бунёдкорлик ўрганишга, қўллашга лойиқ ажойиб тажриба эканини кўрдик. Энг муҳими, бундай эзгу ташаббусдан одамлар мамнун эканига гувоҳ бўлдик. Катта куч, катта маблағ талаб қиладиган бу ишнинг қисқа муддатда бажарилгани давлатингизнинг алоҳида эътибори ва одамларга ғамхўрлигидан далолатдир.
Туман ҳокимлиги биносида делегация аъзоларининг туман фаоллари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Т.БЕКНАЗАРОВ.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.