ЗАМОНАВИЙ ВА РАҚОБАТБАРДОШ МАҲСУЛОТЛАР
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташрифи доирасида Жиззах вилояти саноати ривожида муҳим аҳамият касб этадиган 3 та янги корхона иш бошлади. Жиззах саноат зонасидаги “Mono Electric корхонаси шулардан биридир.
![]() “Mono Electric” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси йилига 1,5 минг турдаги 20 миллион дона электр техника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Киритилган 15 миллион долларлик инвестиция эвазига ишлаб чиқариш, йиғиш ва ғилофлаш цехларига сўнгги русумдаги дастгоҳлар ўрнатилган. Пластмассадан тайёрланадиган турли электр қисмлари ишлаб чиқариладиган цех учун гранула хомашёси Жанубий Кореядан, металл, яъни темир ва мисдан тайёрланадиган электр қисмлари ишлаб чиқариш цехи учун хомашёлар Туркия ва Россиядан олиб келинади. – Лойиҳанинг илк босқичида 50 нафар хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлиги таъминланди, – дейди корхона раҳбари Фарҳод Тожибоев. – Кейинги босқичда иш ўринларини 350 нафарга етказамиз. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга, бир қисмини ички бозорга чиқарамиз. Бугунги кунгача ишлаб чиқарган маҳсулотимизни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари буюртма асосида сотиб олди. Бундан ташқари, Туркманистон ва тожикистонлик ҳамкорлар билан ҳам шартнома имзоланиб, буюртма олинди. Бошқа ҳамкорларимиз билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда. – Мен “Аёллар дафтари” рўйхатида турардим, – дейди мазкур корхона ишчиси Эътибор Акромова. – Бу ерда самарали меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар яратилган. Махсус кийим-бош, иссиқ овқат, 150 ўринли ошхона, дам олиш хоналари хизматимизда. Бу ерда меҳнат қилаётганимдан ўзим ҳам оила аъзоларимиз ҳам жуда бахтиёр. Чунки “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқдим ва бундан жуда ҳам хурсандман. – Жорий йилнинг 10 февраль куни корхонамиз тарихида ва жамоамиз аъзолари хотирасида унутилмас кун сифатида бир умрга муҳирланди, – дейди корхона раҳбари Ф.Тожибоев. – Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, “Mono Electric” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонамиз – нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган йирик саноат корхонасига айланади. Абдужалол ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбири Рейтинг статьи:
|
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.