Телефонлар:
(0372) 226-22-50
(0372) 222-23-50
» » ЛИБОС СУРАТИМИЗ, лекин у сийратимизнинг ўзига хос аксидир

ЛИБОС СУРАТИМИЗ, лекин у сийратимизнинг ўзига хос аксидир

23 сентябрь 2018, Воскресенье
44
0

Бир танишим мени телеграмдаги интернет дўконнинг гуруҳига аъзо қилиб қўйибди. Гуруҳдошлар асосан кийим-кечак савдоси билан машғул экан. Хитой, Туркия ва бошқа юртдан келтирилган уст, оёқ ва бош кийимлар ҳақида ҳар куни янги эълонлар. Гуруҳ аъзолари буюмнинг ранги, ўлчамини айтиб, буюртма беришади. Телефон хотирасини тўлдириб юборган кийим-кечаклар суратидан безор бўлиб, гуруҳни тарк этдим. Аммо мени ахборот технологияларининг сўнгги ютуқлари инсонга бахш этаётган имкониятлардан ёшлар қандай фойдаланаётгани ўйлантириб қўйди.

"Очиқроғи йўқми?", "Калтароғи йўқми?" каби саволлар ва бунга жавобан янада калта, янада ҳарир, янада очиқ кийимларни таклиф этаётган интернет-дўкондорларга ҳам қойил қолмадим. Аммо на илож, даромад тадбиркорнинг бирламчи мақсади.

Авваллари кийим олиш учун бозорга атай чиқиш, уни соатлаб айланиш, сотувчи билан тортишиш керак эди. Бугун уйдан чиқмай туриб ҳам нафақат кийим, бошқа нарсалар ҳам харид қилиш мумкин. Ҳаммаси ўша қурмағур интернетнинг шарофатида.

Бундан ўн йиллар муқаддам, айниқса, янги аср остонасида пайтимиз ёшларнинг кийиниш ҳақидаги тасаввур ва талаблари шу қадар бачканалашиб кетгандики, бугун туппа-тузук юрган қиз эртага ўта калта юбка кийиши, йигитларнинг кийинишда металл буюмларга мурожаат қилишига ҳам тез-тез дуч келардик. Аммо таълим даргоҳлари, ОАВда олиб борилган кенг қамровли тарғибот натижаларига кўра, бугун жамиятда, айниқса,ёшлар қатламида оломон (оммавий) маданияти намуналарини кийишга ҳавас юқори эмасдек.

Айниқса, мактаб ва айрим олий таълим даргоҳларида ҳам ягона форма жорий этилгани айни муддао бўлди. Жумладан, Жиззах давлат педагогика институтида кийиниш бобида асосий муаммо яратувчи қизларнинг оқ кофта ва қора юбка кийиши институт ички тартиби асосида жорий қилинган. Аммо негадир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори талабларига тўла риоя этилмаётгандай. Мен тасдиқланган мактаб формасининг бу йил ихтиёрий, келгуси ўқув йилидан бошлабмажбурий кийилишини назарда тутмаяпман. Балки Низомга кўра, қизларнинг юбкаси тиззадан паст бўлиши, пошна баландлиги 2 см.дан ошмаслиги лозимлигини айтаяпман. Аммо ҳамма ёқда калта юбкалар, баланд пошналар...

Демак, бир йил сабр қилсак, мактаб формаси бобидаги қолган-қутган муаммолар ҳам жойига тушиши мумкин. Аммо жамиятимизда тобора урчиб бораётган яна бир муаммо борки, унинг чорасини тақиқ билан топиб бўлмайди.

Юқорида "оммавий маданият"га хос кийинишга тарғибот тадбирлари орқали таъсир ўтказилгани ҳақида айтдик. Аммо яна бир омил борки, уни тан олмаслик инсофдан эмас. Жамиятимизда исломий қадриятларнинг қадр топаётгани, диний савод борасида янги авлод шаклланаётганини эътироф этиш лозим. Бугун кўплаб юртдошларимиз Ислом давлатларида, юртимизда диний соҳа бўйича ташкил этилган ўқув юртларида таҳсил олиш имконига эга бўлишди. Диний амаллар эмин-эркин адо этила бошланди. Бу эса ўз-ўзидан жамиятга янги бир ҳаво оқими кириб келишига, хусусан, интернетнинг ўзбек сегментида ҳам диний-маърифий сайтлар, манзиллар кўпайишига олиб келди. Ҳамда ўзини муслим деб англаётган юртдошларимиз кийиниш бобидаги ислоҳотларни аввало ўз оилаларидан бошлагани ҳақиқат.

Таассуфки, ҳижобли хотин-қизлар кўпайиб бормоқда. Афсус билдираётганимда бугун рўмол ўраб, эртага уни ечаётган аёлларни назарда тутаяпман. Бундай мисолларни ўз маҳаллангиздан ҳам топа оласиз. (Йигити талаб қилгани учун ҳижобга кириб, у билан уришиб қолгач, рўмолни тарк этган қиз ҳақида эшитиб лол қолгандим). Шу билан бирга замонавий ҳижобли аёлларга ҳам кўз тушади. Либос ва рўмол ранги бир-бирига мос, юзидаги пардозини кўриб, турк ёки араб аёли деб ўйлайсан. Яна қоматга ёпишиб турган либос унинг риёкорлигидан даракми дейсиз. Исломий билим ва тасаввурларим уларникидан қолоқдир балки.

Либос нафақат ташқи ҳимоя ва зеб воситаси, балки ички оламнинг ҳам инъикосидир. Номаҳрамлардан пана қилиш мақсадида ҳижоб ўраган аёлнинг меъёридан ортиқ пардоз қилиши ва тор, ранг-баранг кийим кийиши қанчалик тўғри?

Ғарбга тақлид "оммавий маданият"ни бошлаб келган бўлса, бугун жамиятда кузатилаётган Шарқнинг илғор давлатларига кўр-кўрона тақлид ўз миллий қиёфамиздан узоқлаштиришда давом этаяпти.

Масалан, шаҳримизда янги очилган хусусий мактаблардан бири япон ўқувчи қизларнинг мактаб формасини ўзлаштирибди. Калта юбка ва гольф пайпоқ кийиш оммалашаяпти. Хусусий мактабга Вазирлар Маҳкамасининг қарори тегишли эмасми?

Гап кийиниш ҳақида кетар экан, унга аллақачон одамларнинг меъдасига теккан мавзу эмас, балки танамизни иссиқ-совуқдан асровчи, шу билан бирга кимнинг ким эканлигини кўрсатувчи восита сифатида қараш лозим.

Муқаддас динимизда ҳам мўминларнинг либоси тоза, оҳорли, покиза бўлиши лозимлиги рағбатлантирилади. Яхши кийимлар кийишга қурби етадиган одам албатта, Оллоҳга шукрона сифатида, ғариб аҳволда кийиниб юрмаслиги кераклиги уқтирилади.

Юқорида айтганимдек, ўз фикрига эга бўлмаган киши шамол қаёққа эсса, ўша ёққа оғиб кетиши аниқ. Ип ҳам ингичка еридан узилади. Қачонки, энг оддий туюлган кийиниш масаласига ҳам ўз миллий қадриятларимиз, тарбия ва эътиқодимиздан келиб чиқиб ёндошсак, маданиятлараро аросатда қолмаймиз.

Сароймулкхонимнинг либосларидан андоза олган испан элчилари ҳақидаги ҳикояларни эслаб мақтаниш билан чегараланмаймиз. Миллий либос фақат атлас ва беқасам эмас, балки ёшига, жамиятдаги ўрнига, касбига мос, қараганда киши кўзини олиб қочмайдиган бўлади.

Узоқ сўзладим, сиз нима дейсиз?


Муқаддас САПАРОВАскачать dle 12.0
Обсудить

Читайте также:

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧДА
23 сентябрь 2018, Воскресенье
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧДА
“БИЗ ОИТСГА ҚАРШИМИЗ!”
23 сентябрь 2018, Воскресенье
“БИЗ ОИТСГА ҚАРШИМИЗ!”
УЛУҒМУРОД ОТАНИНГ ҲИММАТИ
23 сентябрь 2018, Воскресенье
УЛУҒМУРОД ОТАНИНГ ҲИММАТИ
ҲУЖРАДАГИ  МУЛЛА  САВОДСИЗ  ЧИҚДИ
23 сентябрь 2018, Воскресенье
ҲУЖРАДАГИ МУЛЛА САВОДСИЗ ЧИҚДИ
Добавить комментарий
Комментарии (0)
Прокомментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар