DataLife Engine > Воқеалар > ЯХШИЛАНИШ ЙЎЛИ

ЯХШИЛАНИШ ЙЎЛИ


6-02-2018, 15:20. Разместил: Admin

Хизмат сафари билан Дўстлик туманига борганимда бир мўъжазгина китоб дўконига кўзим тушди. Шошилинч ишимни қолдириб, ўйлаб ҳам ўтирмай дўконга кирдим. Рости, бу ерда янги, мен ҳали билмаган китоблар жавонни безаб турарди. Албатта, кўзларим чақнаб кетди. Секин қаторлар оралаб юра бошладим, севимли адибларим: Жюль Верннинг янги таржимаси, Аҳмад Лутфий Қозончи, Рашод Нури Гунтекиннинг янги асарлари бор, нархлари ҳам ёмон эмасди, назаримда. Дўконда икки қиз ҳам китоб кўриб юришар, танлай олмаётган эди чоғи, гоҳ униси, гоҳ бунисини қўлга олиб маслаҳат қилишарди. Шунда бири "бозор адабиёти"га тегишли бир китобни қўлига олди, номининг ўзиёқ унинг олди-қочдидан иборат эканини кўрсатиб турарди. Уларнинг беҳуда ўтадиган вақтига ачиниб, дарҳол "уни ўқиманг", деб юбордим. Қизлар жилмайишди. "Онамга китоб совға қилмоқчи эдим", деди бири. Уларнинг қаерда ўқишлари билан қизиқдим. Мактабда, юқори синфда ўқишаркан, қайси китобни олишларини маслаҳат беришимни сў-рашди. "Мана бу китобни олинг", дея машҳур турк ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончининг "Ўгай она" китобини кўрсатдим. Ўзим шу ёзувчининг мухлиси эдим, унинг "Бир виждон уйғонур", "Саодат асри қиссалари" асарларини ўқиб бир олам завқ туйганим ёдимда. "Бир виждон уйғонур" қаҳрамони Тумай яхши она ва қалби кўр, ароқхўр ота қўлида тарбия топади, афсус, отасига тортиб, ароқхўр бўлиб улғаяди. Шўрлик она ўғлига инсоф тилаб, дунёдан кўз юмади. Кун келиб йигит ўзлигини топади, қайта дунёга кел-гандек бўлади. Ана шу кураш йўли ёритилган асардан анча таъсирлангандим.

Қизлардан бири "Ўгай она"ни олиб варақлаётганини кўрдим. Дўконни айланиб кейинги гал албатта, бу ердан икки уч китоб олиб кетишни мўлжал қилиб чиқарканман, сотувчига яқинлашаётган қизларни кўз қирим билан кузатдим, "шу китобни олармикан, унисиними...". Ўша китобни харид қилаётганларини кўриб қувондим. Чунки битта оила кутубхонаси битта яхши китобга бойиди, уни нафақат бутун оила, қўни-қўшни, дўст-биродарлар ўқиб чиқиши мумкин. Ажабмаски, асар қаҳрамони Фотимахонимдек инсоний фазилатларга бой оқила аёллар сони ҳеч қурса, биттага кўпайса, эзгулик қалбларда тантана қилса, бизга ибрат бўлса, деб ўйладим.

Келгуси гал яна ўша дўконга кириб ўтдим. Эссиз, тузукроқ кўрмаган эканман, ўзбек адабиёти дурдоналари ҳам кўп экан. Мазза қилиб ўқиладиган, руҳий озуқа берадиган, бизни инсонийликка чорловчи, руҳимизни уйғотувчи китоблар талайгина. Фақат уларни аввал ўзимиз олиб ўқишимиз, сўнг яқинларимизга мазмунини улашишимиз мумкин. Яхшиликдан яхшилик туғилиши шубҳасиз. Ҳа, яна бир гап, инсон китобларни фақатгина маънавиятли бўлганлиги учунгина эмас, янада маънавиятини бойитиб бориш учун, яхшиланиш учун ҳам ўқийди. Бу яхшиланиш йўлида китоблар энг тўғри йўл кўрсатувчидир.

 

Х.НУРУЛЛАЕВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Вернуться назад