Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ДУНЁТЕПАГА ҚУЛФЛАНГАН ХАЗИНА

ДУНЁТЕПАГА ҚУЛФЛАНГАН ХАЗИНА

25-11-2019, 13:41
Автор: User
Просмотров: 30
Комментариев: 0
Версия для печати

     

   Яшиллик билан бурканган бу масканда оппоқ ва узун қабр бор. Тепасига пирлар туморига ўхшаш белги, оқ мато тикиб қўйилган. Бу қадамжо минг йилликлардан овоз беради, ундан авлиёлар назар солиб тургандек туюлади.

    Азалдан одамлар мушкулларини енгил қилишига ишонадиган, ҳаётдан нажот топишга ундайдиган ва уларга таскин бера оладиган, ўша миллатгагина хос бўлган қадриятлар бор. Улар халқнинг руҳий маънавий бойлиги, боболардан қолган мероси ва уларни бирлаштирадиган муқаддас масканлардир. Ш.Рашидов туманининг Шароф Рашидов Ҳудудий фермерлар уюшмаси ҳудудида жойлашган “Қулфсар” зиёратгоҳи ана шундай тарихга дахлдор макон.

     -Мазкур зиёратгоҳ икки қардош халқлар яъни ўзбек ва қозоқ халқларининг муқаддас қадамжоларидан бири ҳисобланиб, ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги билан бошқа зиёратгоҳлардан ажралиб туради, - дейди ЖДПИ тарихшунос олими Фаррух АКЧАЕВ. - Ҳозирги кунда ушбу қадамжога зиёратга келувчилар орасида икки миллат вакилларини учратиш мумкин. Бу ерга зиёратга келувчилар асосан аждодлар руҳини хотирлаш, баҳор фаслида чорвадорлар учун йилнинг яхши келиши ва йил давомида оила аъзоларининг соғ-саломат бўлиши учун қурбонлик қилиб, яратгандан мадад истаб келадилар.

    Бу зиёратгоҳнинг тарихи жуда қадимларга бориб тақалади. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида Жиззах шаҳри яқинидаги Қулфсар қадимий қабристонида дольмен топилгани ёзилган. Унинг икки томони очиқ, атрофи тош териб ўраб қўйилган, тепасидаги тоштахтада қурбонлик қилинган ҳайвон қони изи бор. Дольменлар бу — сўнгги неолит ва илк жез даврига оид дафн иншоотларидир. Марҳумларни «доимий уй» билан таъминлаш мақсадида ҳар бири бир неча тонна оғирликдаги катта тош бўлаклари ва тоштахталар тик ҳолда ерга ўрнатилиб, усти катта ҳажмдаги бир ёки бир неча массив тоштахталар билан ёпилган. Дольменларнинг ичига алоҳида бўлмалар ясаб, марҳум ўтирган ҳолда дафн этилган. Уларнинг ички деворларига ва шипларига қабартириб нақшлар ва бўёқ билан суратлар ишланган. Қулфсар қабристонидаги дольмен жез даврига оид, деган хулосага келинган.


    Тарихчи археолог олим Яҳё Ғуломов 1936 йилдан Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғонадаги бир неча археологик экспедицияларга раҳбарлик қилган. 1956 йилда унинг раҳбарлигидаги ЎзР ФА Тарих ва археология институтининг Мохандарё экспедицияси Жиззах воҳасининг археологик ёдгорликларини ўрганади. ИшжараёнидаЖиззах шаҳридан 30 км шимол томонда, яъни зиёратгоҳ ҳудудида жойлашган қадимда кўчманчилар дашти билан чегарада қурилган IX-X асрларга оид Қулписар рабоди ва илк қурилиш даври милодий I-II асрларга оид Дунётепа қалъасини очиб ўрганганини ўз китобида келтиради.

     Фаррух АКЧАЕВнинг изоҳ беришича, ушбу объектни ўрганиш мобайнида Дунётепадан 100-120 м шарқ томонда жойлашган “Қулписар ота” зиёратгоҳининг асосий сиғиниш ва қурбонлик учун жонлиқ сўйиладиган, ўлчами 180 см х 150 см ва баландлиги 120 см бўлган бир нечта тош бўлакларидан тикланган ва усти тош плита билан ёпилган, қон излари сақланиб қолган тош иншооти ҳам ўрганилган. Я.Ғ.Ғуломов “Қулфисар қабристони” китобида “Қулписар ота” ёдгорлиги муқаддас ҳисобланиб, бу ерга келган шифо ёки мадад талаблар дольмен ва узун сағанага сиғинишганлигини ёзади. Қурбонлик учун олиб келинган жонлиқлар шу ерда сўйилган. Бу ерга келганлар иншоотнинг юқорисидаги туйнукдан ўтишган. Бундай дольменлар дафн иншооти сифатида бронза давридан то ислом дини оммалашгунча кенг ёйилган.

    Оға Бургутлининг “Жиззах вилояти зиёратгоҳлари” китобида “Қулписар ота” зиёратгоҳи, зиёратгоҳ ҳудудида хонақоҳ, масжид, археологик ёдгорликлар ўрни, қалъалар қолдиқлари ва кўҳна қабристон мавжудлиги келтирилган. Зиёратгоҳдаги қабр 12-13 метрни ташкил этиб, маҳаллий аҳоли “Қулписар” атамасини “қулфлаб кўмилган бош” деган маънони англатишини таъкидлайди. Маҳаллий аҳоли ўртасида тарқалган ривоятларга кўра, Авлиёнинг танаси Фориш туманининг Можурум қишлоғида дафн қилинган бўлиб, уни маҳаллий аҳоли Ҳазрати Зайнулобиддин номи билан боғлаб зиёрат қилишади.

    Ривоятларга кўра, қадимда бир подшо ўз аскарларига биравлиёнинг бошини олиб келишни буюрибди. Аскарлар топшириқни бажариб қайтаётиб, бир қишлоқдаги йўлда тунамоқчи бўлишибди. Шу атрофда эътиқоди бутун бир кекса момо бўлиб, у тунда аскарлар туғида санчилиб турган бошга нур ёғилиб тургани ва бошнинг калима қайтараётганини кўриб қолибди. У ўғилларига бу биркароматли авлиёнинг боши эканини ва уни олиб қолиш кераклигини айтади. Ўғилларидан бири шаҳид бўлиб ўз бошини беришга рози бўлади. Шунда момо бошни алмаштириб, сандиққа солиб қулфлаб қўяди. Аскарлар кетгач, у авлиёнинг бошини ўғлининг танасига яқинлаштирганида тана бирлашиб қолади ва уни шу ерга дафн этишади.

    - Фориш тумани Можурум қишлоғидаги Ҳазрати Зайнулобиддин зиёратгоҳи ҳақида ҳам “Қулписар ота” зиёратгоҳи каби ривоят мавжуд, - дейди Фаррух АКЧАЕВ. - Халқ орасида тарқалган ривоятларга кўра, ҳазрати Зайнулобиддинни душманлари ўлдиради ва у кишининг таналари Можурум қабристонида қолади, бошлари эса Чустга олиб кетилади. Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги ШарқшуносликИнститутининг қўлёзмалар фондида сақланаётган “Хазинат ул-асфиё” китобида келтирилишича, мусулмон оламида икки зот Зайнулобиддин деган лақаб олган. Бу лақабни биринчи бўлиб ҳазрати Али ибн Ҳусайн ибн Али Муртазо олганлар. Ул зотнинг кунялари Абулҳасан, лақаблари Зайнулобиддин бўлиб, 36 ёки 38 ҳижрий йилда Мадинада туғилганлар. Иккинчи бир Зайнулобиддин деган лақабни олган зот исмлари – Аловуддин, лақаблари Зайнулобиддин (тахминан 895 йилда туғилган), Ҳазрати Алининг 25-авлодлари ҳисобланадилар. Ҳазрати Зайнулобиддин айни йигитлик чоғларида Ногур йўлида отаси Саййид Абдулқодир Соний кўзўнгида йўлтўсарлар қўлида (тахминан 915 йилда) шаҳид бўлганлар.

    “Ушбулардан келиб чиқиб, Фориш туманидаги Ҳазрати Зайнулобиддин зиёратгоҳи ва Қулписар ота зиёратгоҳлари битта шахсга тегишлидир, деган тахминий хулосага келиш мумкин”, дейди тарихшунос. Мовароуннаҳрда ислом дини ва маданияти тарқалиб, ҳудуд халифаликка қўшиб олингач, Жиззах воҳасидаги Саъд ибн Ваққос, Новқаота, Хўжаи Сероб каби исломгача бўлган зиёратгоҳ(ибодатхона)лар кейинчалик ҳудуддаги ислом динига эътиқод қилувчиларнинг ибодат марказларига айлантирилган.

    -Таниқли уструшонашунос олим М.Ҳ. Пардаевнинг таъкидлашича, “Қулписар ота” зиёратгоҳи мил.авв. II-I асрлардан бошлаб асосан чорвадор дашт аҳолиси сиғинадиган улкан тош санами мавжуд бўлган мажусийлар маркази сифатида фаолият кўрсатган, - маълум қилади Фаррух АКЧАЕВ. - Кейинчалик Қанғ давлати билан Суғд чегараларида жойлашган Кабудон рустоқининг марказий ибодатхонасига айлантирилган. Кабудон тарихи ва унинг “локализацияси” фанда ҳануз ечимини кутаётган илмий муаммодир.

   Унинг таъкидига кўра, Кабудон рустоқининг исломгача бўлган марказий ибодатхонаси ҳокимлик марказидан алоҳида ҳудудда яъни, ҳозирги “Қулписар ота” зиёратгоҳи ўрнида бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Тадқиқотчи олим Қ.Ҳакимов қадимий қишлоқ номининг асл шакли “Худийсар” бўлган дея таъкидлайди. “Унинг илмий этимологияси ҳозирча аниқланмаган бўлса ҳам, аммо қишлоқнинг географик ўрни, яъни тоғ ва чўлни туташган чегарасида жойлашганини ҳисобга олиб, қишлоқ номи “чекка ҳудуддаги қалъа” маъносини беради, деб таҳлил қилишимиз мумкин”, дейди Фаррух.

   Шароф Рашидов туманидаги Янгиобод қишлоғи, “Янгидиёр” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кексалар Қулфисар отанинг беш ака-укалардан бири бўлиб, уларнинг қабрлари Сўлиқли ота, Ойна ота каби зиёратгоҳларга айлантирилганини айтишади. Бу масканларга маҳаллий аҳоли соғлиги, ишларининг ривожи учун ниятлар қилиб, кўнгил хотиржамлигини топиш учун боришади. Авлиёлар руҳларига осойишталик тилаб, қурбонлик қиладилар.

    Қадимий зиёратгоҳлар ҳақида кўҳна ва сирли нақллар юради. Улар тўғрисида тарихий фактлардан тортиб афсонаю ривоятларгача мавжуд. Оғиздан оғизга кўчиб юрадиган, ушбу масканларни янада мўъжизакор кўрсатувчи бу ривоятларда халқнинг жасорати, фидойилиги ва ватанпарварлиги акс этади... Дунётепадан бўйлаётган бу хазина ҳам халқимиз бирдамлиги, маънавий бойлиги ва жасоратининг тимсолидир.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.