Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ХОРИЖГА ПАРВОЗ ЧИПТАЛАРИ НЕГА ҚИММАТ?

ХОРИЖГА ПАРВОЗ ЧИПТАЛАРИ НЕГА ҚИММАТ?

3-02-2020, 09:56
Автор: User
Просмотров: 225
Комментариев: 0
Версия для печати

   

   Ҳамма нарсани ҳам қарорлар билан тартибга солиб бўлмайди. Бу фуқароларнинг дунёқараши,оддий, лекин муҳим азалий одатларга риоя қилиш билан ҳам боғлиқдир.

   Бугунги кунда жаҳон туризм бозори ҳажми қарийб 9 триллион долларни ташкил этмоқда. Дунёда иш билан банд аҳолининг ҳар ўнинчиси ушбу соҳада фаолият юритади. Таҳлилларга кўра, туристлар ҳаво транспортида учиш вақти 5 соатгача бўлган ўлкаларга энг кўп саёҳат қилади. Мамлакатимиз атрофида бундай масофада 60 га яқин давлат, 3 миллиард аҳоли бор. Йилига уларнинг қарийб 360 миллиони ўз юртидан хорижга саёҳат қилади.

   Президентимиз эътиборида турган масалалардан бири ҳам сайёҳликнинг анъанавий турлари қамровини кенгайтириш билан бирга янги кўринишларини кўпайтиришга эришишдир. Бу борада самолёт ва поездларимизда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги йўловчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кўпчилик хорижий ташувчилар хизматини танламоқда. Темир йўл ва авиа йўналишларимиз кенг қамровли ва рақобатбардош эмаслиги мамлакат раҳбари томонидан яқинда ўтказилган йиғилишда ҳам танқидий таҳлил қилинди.

   Дарҳақиқат, авиабилетлар жуда қиммат. Бу эса жамиятнинг ривожланишигаям таъсир қиладиган жиҳат.Чунки аҳоли дунё кўришни истайди. Ўрта ҳол оилалар ҳам йилда бир маротаба Америкага, Европага, Австралияга эмас, ҳеч бўлмаганда, Туркия, Корея, Хитой ва бошқақўшни давлатларга борадиган бўлишса...

   — Авиабилетларни сотиш хизматини амалдаги қонунларга асосан амалга оширамиз, — деди "OLT TRAFORD" МЧЖга қарашли авиакасса сотувчиси Расул Усмонов. — Бизнинг мақсадимиз авиабилет харидорларига юқори даражада хизмат кўрсатиш ва барча турдаги авиақатновларга авиабилетлар сотиш. Чипталар нархи "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг талаб ва таклифига биноан ўзгариб туради.

   Қиш саёҳат ҳамда дам олиш мавсуми эмас. Бу сайёҳлик агентликлари учун ҳам бироз тин олиш пайти. Шу сабаб улар сайёҳларга арзон, қулай йўлланмалар, авиачипталар ва комплексли дам олиш масканларини тавсия эта олишмайди. Аммо "Ўзбекистон ҳаво йўллари"да Туркия, Россия, Миср ёки Дубайга учиш нархи худди шу юртларга Қозоғистондан ёки Қирғизистондан учишга қараганда икки баробар қиммат, Истанбулдан Чимкентга учаётган хорижий компания самолёти Истанбулдан Тошкентгача ҳам шунча масофада учади, шунга яраша ёнилғи сарфлайди, ўшанча одам олади. Табиийки, зарар қилса, учмасди. Самолётлари ҳам ўша самолёт  — Airbus ёки Boeing. Аммо нархларда тафовут даражаси катта.

   — Жаҳондаги кўплаб давлатларга бориб, одам маданият ўрганади, — дедиЯпония давлат университетининг магистри Шароф Ҳасанов. — Турли хил одатларни кўрасиз, замонавий ўзгаришларни ҳис қиласиз ва ўзингиз ҳам секин тарбияланиб борасиз. Мен кўпгина хориж давлатларда бўлганман. Бизга яратилган имкониятлардан бири хорижда ўқийдиган талабалар учун йўлкира олий таълим даргоҳининг бюджетмаблағлари ҳисобидан қопланади. Агар чиптага кетадиган маблағни шахсий сармоямдан сарфлаганимда ҳеч қачон дунё кўрмаган бўлардим.

   Авиачипталар нархи нималарга боғлиқ?

   Юртимизда 11 та аэропорт мавжуд бўлиб, улар халқаро мақомга эга. Ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятлар аэропортларидан 9302 та қатнов амалга оширилиб, 969 427 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Баъзан чартер қатновлар ҳақида тушунмовчиликлар келиб чиқади. Чартер нима ўзи? Чартер қатновлари сайёҳлик операторлари томонидан сайёҳлик мавсуми давомида ташкил этиладиганқўшимча қатнов жараёни. Мунтазам қатновлар эса авиакомпаниялар томонидан ташкиллаштирилади. Фуқаро қанча вақтлироқ, яъни олдинроқ авиачипта сотиб олса, билет шунча арзонга тушади. Қатнов куни яқинлашгани сари тарифлар қимматлашади. Ҳар бир класс учун авиачипталар нархи, қоидага кўра, олдиндан тасдиқланади ва нарх кейинчалик ўзгармайди.

   — Миллий авиакомпанияда мавсумий чегирмалар йўқ, деган тушунча нотўғри, — деди биз билан телефон орқали суҳбатда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг матбуот хизмати мутахассиси Феруза Қурбонова. — Муайян даврларда (парвоз йўналиши, талаб ва қатновнинг мавсумийлигига қараб), авиакомпания қиммат классларни бронлашнинг маълум бир қисмини арзонроқ тарифга ўзгартиради ва бу уларнинг нархи пасайишига олиб келади. Жорий йилда шунингдек, ички туризмни ривожлантириш учун маҳаллий йўналишларда "Индивидуал йўловчилар" — 30 фоиз, "Оила" — 50 фоиз, "Талаба" ва "Турист" 40 фоизли чегирмаларини тақдим этиш тизими қўлланилмоқда.

Хулоса ўрнида

   Авиакомпания ўзининг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида қанчалик тушунтиришга уринмасин, мавжуд камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Авиачипталар нархи аҳоли орасида норозиликларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун жаҳон андозаларига таяниб, рақобат асосида ишлаш даври келгани яққол кўриниб турибди. Шундагина фуқароларимиз ва хорижлик сайёҳлар учун парвоз қилиш, чўнтакбоп саёҳатларга чиқиш муаммога айланиб қолмасмиди?!

Шаҳноза ФАРҲОД қизи.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.