Регистрация    Войти
Авторизация

«ЁШ ТАДБИРКОРЛАР» УЮШМАСИ ТУЗИЛАДИ

Категория: Тафсилотлар

Жиззах шаҳар ҳокимлигида вилоят ҳокими ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах шаҳар кенгаши аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда, шунингдек, турли бошқарма ва ташкилотларнинг вакиллари, уюшмаган ёшлар ва бу йилги битирувчилар иштирок этишди.

Учрашувни Жиззах шаҳар ҳокими Акрам Раҳмонқулов кириш сўзи билан очди. Вилоят ҳокими У.Узаков маърузаси аввалида Жиззах шаҳри аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этиши, бошқа туманларга нисбатан вилоят маркази ёшларининг санъат, спорт ва илм-фан билан шуғулланишларида имкониятлари нисбатан юқори эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу боис Жиззах шаҳри ёшлари ҳар жиҳатдан тенгдошларига намуна бўлиб, фаоллик кўрсатишлари зарур. Шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига йил давомида 1819 нафар йигит-қиз иш сўраб мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 1000 дан ортиғи иш билан таъминланган. 97 нафар ёш хорижга ишлаш учун чиқиб кетган бўлиб, уларнинг атиги 7 нафари қонуний меҳнат шартномасини расмийлаштирган.

—Юқоридагиларни инобатга олсак, ёшларни иш билан таъминлаш долзарблигича қолаяпти, — деди вилоят ҳокими. — Боғдорчиликка ихтисослашган туманларда ёш боғбонлар, чорва ва деҳқончиликка қулай бўлган туманларда ёш фермерлар уюшмаларини тузиш ва уларнинг Ёшлар иттифоқи сафида ўз ўрнига эга бўлиши таклиф қилинди. Мен Жиззах шаҳри ёшларининг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда "Ёш тадбиркорлар" уюшмасини тузиш ва мутасадди идораларга тадбиркорликка қизиқиш ва лаёқати бор ёшларни маълумот ва кредит маблағи, фаолият учун жой ва зарур дастгоҳлар билан таъминлаш вазифасини топшираман.

Вилоят ҳокими Улуғбек Узаков маърузаси давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майда қабул қилинган "Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндошувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳиятини ёшларга таништирди. Тадбиркорлик, сервис борасида хориж тажрибасидан мисоллар келтирди. Шундан сўнг Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Нигина Абдуразоқова, ёш тадбиркорлар Сабоҳат Узоқова, Шаҳзод Абдуллаев, ёшлар етакчиси Гулноза Жабборова, Гулноза Поччаева ва бошқалар ўзларини қизиқтирган савол ва муаммолар юзасидан вилоят ҳокими ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг раиси Азиз Эгамбердиевга мурожаат қилдилар.

Тадбир якунида "Сиз қонунни биласизми?", "Камолот кубоги" каби мусобақа ва кўрик-танловларнинг республика босқичида совринли ўринларни эгаллаган ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари жамоаларига ташаккурномалар топширилди.

 

Муқаддас САПАРОВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.