Регистрация    Войти
Авторизация

ЎРИКЛИСОЙ ИЛҲОМЛАРИ

Категория: Тафсилотлар
 

ҚАНОТ ЁЗГАНЛАР

 

ЎзбекистонЁзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, "Ижод" жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари иштирокчилари туман марка-зида кутиб олинди. Анжуманнинг очилиш маросими Ўриклисой оромгоҳида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, вилоят ҳокими Улуғбек Узаков, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов, адабиётшунос Бахтиёр Назаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Иқбол Мирзо ва бошқа бир қатор ижодкорлар сўзга чиқишди.

Нотиқлар мамлакатимизда адабиёт ва санъатни ривожлантириш ҳамда ёшларга қаратилаётган эътибор хусусида тўлқинланиб гапирдилар. Чунончи, ёш ижодкорларнинг Зомин анжумани юртимиз адабиёти таомилига айлангани, ёшлар учун сабоқ ва маҳорат мактаби вазифасини ўтаётганлиги, кўплаб йирик шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар айнан Зоминда ижод қаноти-ни ёзганлиги таъкидланди. Шунингдек, Президентимиз бошчилигидаги халқимиз қалбида китобхонликни кучайтириш, адабиёт ва санъат вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти тўғрисида фикр юритилди. Ўтаётган анжуманда ҳам кўплаб ёш истеъдод соҳибларининг кашф этилишига умид ва ишонч билдирилди. Қисқаси, юракдан чиқиб, тўғри юракка қуйиладиган эзгудан эзгу сўзлар айтилди, ора-сира заковат ва ҳислардан тўйинган шеърий сатрлар тилларга кўчди. Вилоят ҳокими Улуғбек Узаков томонидан эълон қилинган «Энг яхши асарлар учун» мукофоти ҳам ёш ижодкорлар меҳнатига берилган юксак баҳо ва рағбат бўлди.

Республикамиз Мустақиллигининг 26 йиллига муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон" шиори остида ўтган анжуман мушоираларга бой бўлди. Жумладан, анжуманнинг биринчи куни Ўриклисойни тун ўз бағрига олганида шеър баҳси бошланди. Шу тариқа, юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 60 нафардан ошиқ ёш ижодкорлар ва адабиётимизнинг улуғлари бир муддат бадииятнинг сеҳрли олами мафтунига айландилар.

Дунёдаги энг гўзал юртни, энг қадрли халқни куйловчи жумлалар кўнгиллардаги ғурур булоғини тоширди. Табиийки, инсон қалбидаги энг кўркли туйғулардан бири ҳисобланган муҳаббат ҳам мушоиранинг бош мавзуларидан бири бўлди: кимдир Бойсун томонлардан шаҳд ва ши-жоатнинг нафасин ҳис эттирган бўлса, кимдир водийнинг ширин ва эрка ҳавосин туюшга ундади. Яна кимдир Қорақалпоқ кенгликларининг тафтини сездирган бўлса, бошқа биров Тошкентнинг Қурамасини юракларда жонлан-тирди.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида тийран қалбли, элнинг юрагидагини айта оладиган истеъдоди чўнг ёшларнинг, бахшиларнинг борлиги дилларга қувонч солди. Зомин тоғларига суяниб турган кўкни юлдузлар тўлдирганда мушоира якунланди. Аммо қароқларни уйқу асир этмагунча шеърий сатрлар тафаккурга тинчлик бермади, қулоқлар узра ёш қалблардан отилиб чиққан оташин сўзлар жаранглаб турди.

 

АДАБИЁТ ТОҒЛАРИ

Зоминда тонг отди. Ўриклисой тошларига минг йиллардан буён урилиб оқаётган сувларнинг шарқираши қалбларга ҳузур бахш этади. Тонгнинг салқини этни жунжиктиради. Узоқдан булбулларнинг овози эшитилади. Беихтиёр тикликлар бағридаги абадиятдан дарак бергувчи арчалар эътиборингизни тортади, уларнинг ёшликка эш яшиллиги кўнгилларни сокинлик сўқмоқларига етаклайди. Қуёш ҳали тоғлар панасида. Фақат нурларгина осмон ҳукмдори тез орада ўз жойини эгаллашини сез-диради. Эрталабки еллар сариқбошларни оҳиста силкитади.

Ана шундайин табиатнинг сеҳрли қучоғида ёш ижодкорларнинг адабий беллашуви, сабоғи бошланди. Назм ихлосмандлари Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир каби Ўзбекистон халқ шоирларидан шеърият сирларини ўзлаштириб, ижодларига баҳо олдилар. Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон каби ёзувчилар ёшларни насрнинг нафис жиҳатларидан хабардор этдилар. Тайёр ишлар баҳоланиши билан бирдек ижодкорлар шу жойда янги асар битиш имконига эга бўлдилар. Ёш драматурглар "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевдан соҳанинг ўзига хосликларини ўргандилар. Худди шундай адабий танқид, бадиий таржима, болалар адабиёти, бадиий публицистика йўналишларида ҳам юртимизнинг таниқли адабиётшунослари, ёзувчи, шоир ва журналистларидан ўрганиш имконияти яратилди.

Йўналиш ва мавзудан келиб чиқиб, турли жанрлардаги ижод намуналари ўқилди. Соҳаларда эришилаётган натижалар, кузатилаётган камчиликлар, эътибордан четда қолаётган масала ва мавзулар, қисқаси, сабаблар, оқибатлар ижод нуқтаи назаридан таҳлил этилди. Фикрлаш, тафаккурда уйғонган ғояларни баён этиш, мавжудларини такомиллаштириш, йўқларини юзага келтириш бўйича таклифлар билдириш мумкин бўлди давраларда.

Бадиий публицистика йўналишида жанрлар рангбаранглигини таъминлаш, болалар адабиёти йўналишидаги асарларни кўпайтириш, ижодий ишларда ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш, драматурглар сафини кенгайтириш масалалари муҳокамада бўлди. Улуғ шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларини чет тилларга ўгириш, мазкур соҳада мутахассислар тайёрлаш юзасидан ҳам фикрлар юритилди. Янги сўз, янги фикр айтмоқ ҳамда мукаммал асарлар яратмоқ орқали халқимизга хизмат қилиш иштирокчиларнинг муштарак мақсадига айланди, десак адашмаймиз.

Бу жараёнда ёшлар ўз ишларига муносиб баҳо ва рағбат — руҳий қувват олдилар. Дарвоқе, рағбат борасида. Шу куни ёш ижодкорларнинг барчасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси — планшет топширилди. Худди шундай адабиётимиз дарғалари ҳам Юртбошимиз тортиғини қабул қилиб олдилар. Бу эътибордан тўлқинланган ёш ижодкорлар, ёзувчилар, шоирлар ва адабиётшуносларнинг мамнунлик ва миннатдорчиликка йўғрилган мулоҳазалари янгради. Чунончи, 1997 йилда Жиззах вилояти ҳокими бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган мазкур тадбир юртимиз адабиёти равнақи йўлида улкан қадам вазифасини ўтаётганлиги билдирилди.

Шундан сўнг семинар иштирокчиларининг табиат қўйнига, хусусан, Зомин шаршарасига саёҳати уюштирилди. Қуёш уфққа бош қўйганда навбат яна мушоирага етди. Бу сафар ижодий намойишни устозлар бошлаб бердилар. Теран ва кескир, маъно ва моҳиятдан илдиз олган сатрлар тилларга кўчганда ҳиссиётлар мавжланди. Ёш шоирларнинг ўқиш услублари, қиёфалари, мазмундор шеърлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби улуғ сиймоларни кўз ўнгимизда жонлантиргандек бўлди.

Ўзбек, қорақалпоқ ва инглиз тилларида янграган шеърлар ижод аҳли борлиқни ўзгача ҳис этажагини яна бир бор намоён этди. Улар ўй ва туйғуларини тиниқ ва бадиий ифодалаб, ҳаёт ҳақиқатларидан сўзлаб чарчамадилар. Устозлар ҳар бир шеърга ўз муносабатларини билдиришди. "Мен Зомин тоғларини кўришга келган эдим, бу ерда адабиётимизнинг тоғларини ҳам учратиш насиб этди", дея анжуман ижодий муҳитига, устозлар билан мулоқотга ўзига хос баҳо берди ёшлардан бири.

 

ЯКУН ЁХУД

ИЖОД СОҒИНЧИ

 

Анжуманнинг учинчи куни қайсидир маънода ишларни сарҳисоб қилишга хизмат қилди. Бу жараёнда долзарб масалалар муҳокама қилинди, таклифлар билдирилди. Чунончи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ёш ижодкорларнинг Зоминда ёзилган шеърларини тўплам шаклида нашр этиш, мазкур анжуманда кашф қилинган иқтидорли ижодкорларни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш фикрини баён этган бўлса, уюшманинг драматургия ижодий кенгаши раҳбари Шуҳрат Ризаев се-минарда иштирок этган икки нафар ёш ижодкорнинг асарларини республикамиз театрларида саҳналаштириш ҳамда Зоминда Дўрмон каби ижодкорлар уйини очиш бўйича мулоҳаза юритди. Шоира ва таржимон Бегойим Холбекова Ёзувчилар уюшмаси қошида бадиий таржима маркази фаолиятини йўлга қўйиш ғоясини илгари сурди. Қисқаси, адабиётимиз тараққиётига хизмат қилгувчи кўплаб мулоҳазалар баён қилинди.

Шу куни ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин анжумани тикланиши муносабати билан тадбир қатнашчиларининг Президентимизга миннатдорлик хати йўлланди. Анжуман давомида ёш ижодкорларнинг барчасига иштирокчи сертификати ҳамда назм, наср, бадиий публицистика каби йўналишлардаги асарларни ўз ичига олган беш томли "Озод Ватан саодати" китоблари топширилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Ижод" жамоат фонди ҳамкорлигида "Биринчи кито-бим" рукни остида ёш иқтидор эгаларининг асарларини чоп этиш анъанага айланган. Зоминда ана шу рукн билан нашр қилинган 19 та китобнинг тақдимоти уюштирилди. Энг сўнгида иштирокчилар Жиззах вилояти ҳокимининг совғаларига эга бўлишди. Дарвоқе, ёш таржимонлар инглиз тилида анжуман мадҳини тайёрладилар. Унда "Зомин сенинг илҳомларингни Ўриклисойдан кетмасдан туриб соғина бошладик" деган жумлалар бор эди.

Бу йил кузда Жиззах шаҳрида атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан бир қатор тадбирлар уюштирилади. Шу маънода, Шароф Рашидовнинг қутлуғ номи билан аталувчи хиёбон янгидан барпо этилаяпти, ёдгорлик ўрнатилади. Бундан ташқари хиёбонга ёндош ҳудудда Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғлари барпо қилинаётир. Она тили ва адабиёт фанларига ихтисослашган интернат-мактаб, ахборот-ресурс маркази қурилмоқда. Келгусида Зоминда ўтажак ёш ижодкорлар анжумани қатнашчилари ушбу жойларни ҳам зиёрат қиладилар. Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида ҳам бўлишади.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ.


скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.