Регистрация    Войти
Авторизация

ТАДБИРКОРЛАРГА КЎМАКЛАШАМИЗ

Категория: Тафсилотлар

Жиззах шаҳридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказида навбатдаги ўқув уюштирилди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, молия муассасалари вакиллари ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар иштирокида бўлиб ўтган тадбир аввалида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Чунончи, республика Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги "Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 5 июндаги "Жиззах вилоятининг ишламай турган ва кам қувватли корхоналари фаолиятини тиклаш ва улардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг мазмун-моҳияти тилга олинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида вилоятимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид 212 миллиард сўмлик 174 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилаяпти. Айтганча, мазкур ўқув ҳам юқорида номлари келтирилган ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида уюштирилди.

Семинар-тренинг давомида "Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг вакиллари томонидан республикамиз озиқ-овқат тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, илғор технологияларни қўллаш ҳамда амалга оширилаётган самарали лойиҳалар тўғрисида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, соҳага ажратилаётган маблағлар, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш, халқаро молия муассасаларининг кредит линиялари, тўловларнинг имтиёзли даври, муддатлари ва фоизлари тўғрисида маърузалар тингланди. Тадбирда бу йўналишдаги лойиҳаларнинг ҳаётга жадал татбиқ этилишига ҳисса қўшаётган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳақида ахборот берилди.

— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш музлаткичларини барпо этиш фаолияти билан шуғулланамиз, — дейди "IFT” компаниясининг молиявий директори Мурод Файзиходжаев. — Бугунгача республикамизда 20 мингдан ошиқ ана шундай музлаткичларни ишга туширдик. Биз томонимиздан тақдим этилаётган сиғими 500 тоннадан 1000 тоннагача бўлган музлаткичларда маҳсулотларни 4 ойдан 12 ойгача сақлаш мумкин. Бундан ташқари тадбиркор ва фермерларга хориждан иссиқхоналар, маҳсулотларни сақлаш қутилари тайёрлаш ҳамда мева ва сабзавотларни саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш ускуналарини келтириб бераяпмиз. Бу технологиялар ресурс тежамкорлиги билан ажралиб туради. Жумладан, бир русумдаги иссиқхонамиз ҳар метр квадрат жойдан 45 килограммдан помидор олиш имконини беради. Бугунги каби тадбирлар эса юртимизда энг самарадор технологияларнинг жорий этилишига хизмат қилади.

Ўқув давомида озиқ-овқат соҳасида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган бир қатор ишбилармонлар йиғилганларга ўз тажрибалари, режа ва имкониятлари ҳақида сўзлаб бердилар. Тадбир якунида семинар-тренинг қатнашчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Дарвоқе, вилоятимиз тадбиркорларини ўқитиш жорий йилнинг 11 августига қадар давом этади. Ушбу семинар-теренинглар "Ўзвинсаноат-холдинг”, "Ўзқурилишматериаллари”, "Ўзфармсаноат” каби 9 та ташкилот ташаббуси билан уюштирилаяпти.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.