Регистрация    Войти
Авторизация

ДЕПУТАТ ЗИММАСИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Категория: Сиёсат

Ўтган шанба куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма биринчи сессияси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган сессияни вилоят Кенгаши раиси Улуғбек Узаков борди.

Сессия аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузаси видеолавҳа намойиш этилди.

Шундан сўнг депутатлар Юртбошимизнинг ушбу маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларнинг Жиззах вилоятида ижросини ташкил этиш тўғрисидаги масалани муҳокама этдилар.

Сессия иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърузасида юклатилган вазифаларни жойларда ижро этилишини таъминлаш мақсадида тузилган республика ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Борий Алихоновнинг маърузасини тингладилар.

— Президентимиз маърузасининг асосий ғояси ўта муҳим жараёнларда, сиёсий партияларнинг, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролини, энг асосийси, масъулиятини сифат нуқтаи назаридан янги поғонага кўтаришдир,—деди маърузаси. —Масала сиёсий партиялар, депутат ва сенаторлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишини, бошқаларга намуна кўрсатишини таъминлаш ҳақида кетаётганини барчамиз англаб турибмиз. Шундай экан, маърузада таъкидланган муаммоларнинг сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрмас эканмиз, Президентимиз кўрсатиб берган устувор йўналишларнинг қанчалик муҳим ва тарихий эканлигини англаб етмаймиз. Ваколатларимиздан тўлиқ ва самарали фойдалана олмаймиз.

Ишчи гуруҳининг вилоятда ўтказган ўрганишлари шуни кўрсатдики, аксарият ҳудудий партия ташкилотлари аъзолик бадалларидан келган тушумлар, ўтказилган тадбирлар ва ундаги иштирокчилар сони каби рақамлар ортидан қувиш кайфиятидаги ҳисоботларга боғланиб қолган. Партиянинг асосий ишлари эса ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Партия ташкилотлари ҳудуддаги муаммоларни баратараф этишга доир аниқ таҳлилларга асосланган иш режаларига эга эмас. Ана шунинг натижасида сиёсий партиялар тегишли кенгашларга ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни киритиш юзасидан ташаббускорлик кўрсата олмаяпти.

Масалан, партияларнинг вилоят кенгашлари томонидан жорий йилнинг 14 июнь кунига қадар халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларига бор йўғи биттадан масала киритилган. Ҳудудий партия ташкилотлари ва тегишли депутатлик гуруҳлари ўртасида етарли ҳамкорлик йўқ. Афсуски, сиёсий партиялар томонидан тавсия этилган номзодлар депутат бўлиб сайлангунга қадар сайловчиларга ваъдалар берган эдилар. Сайлангандан сўнг эса, ўзини тавсия қилган сиёсий партия билан ҳам, сайловчилар билан ҳам алоқани бутунлай узиб қўйди.

Ўрганишлар жараёнида Миллий тикланиш демократик партияси Ғаллаорол туман кенгашининг бу соҳадаги фаолияти қониқарсиз эканлиги маълум бўлди. Туман кенгаши депутатлари ва партия ўртасида ўзаро алоқа йўқ. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилояти кенгашининг Арнасой, Пахтакор, Дўстлик туман кенгашлари иш фаолияти ҳам қониқарсизлиги, партиянинг депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳудудий партия ташкилотларининг низомлари ва дастурларида назарда тутилган ишлар бўйича етарли фаолият олиб бормаган. Иш шундай ташкил этилгач, қандай қилиб, жойлардаги халқ муаммоларини ҳал қилиш тўғрисида гапириш мумкин.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳудудий партия кенгашларининг аксарияти ижарага олинган биноларда фаолият кўрсатаяпти. Ўрганишлар натижасида Адолат СДПнинг айрим туман кенгашлари "илтимос асосида” туман ташкилотлари биноларида жойлашганлиги маълум бўлди. Бу ҳол партиянинг самарали фаолият олиб боришига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Айрим сиёсий партиялар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиёти нотўғри йўлга қўйилганлиги оқибатида жойларда депутатлик гуруҳлари ташкил этилмаган.

Ҳудудий партия ташкилотларининг ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар билан олиб бораётган ишлари талаб даражасида эмас. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, партиялар фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар партиялар бунга эришолмаса, бу бўшлиқни ғаразли ниятли кучлар тўлдиришга ҳаракат қилиши, шубҳасиз. Айрим ҳолларда тўлдиряпти ҳам. Буни яширишнинг ҳожати йўқ.

Ўтказилган ўрганиш якуни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида ҳам қатор тизимли хато-камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Айрим туманларда маҳаллий кенгашларининг ҳатто хонаси ҳам йўқлиги (масалан, Зафаробод ва Пахтакор туманларида), борлари ҳам кичик жиҳозланмаган хоналарда жойлашганлигини қандай изоҳласа бўлади?

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, айрим депутатлик сўровларига тумандаги маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ўз вақтида (ёки умуман) жавоб бермаган. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутатлари томонидан 2016 йил давомида йўлланган депутатлик сўровларининг ўндан ортиғига масъул органлар раҳбарлари умуман жавоб бермаган ёки кечиктириб жавоб берган.

Шу ўринда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакилларини Президентимизнинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратишларини истардик: "Депутатга беписандлик – халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради”.

Кун тартибидаги масала юзасидан бўлган музокараларда Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши раиси Эркин Холматов, Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси Ўрол Ўрозбоев, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Ғайрат Қодиров, Ўзбекистон Адолат социал демократик партияси вилоят кенгаши раиси Рустам Тўйчиевлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рустам Турсуновнинг "Вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисида”ги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Норқўзиевнинг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиётни ислоҳ қилишга доир Фармон ва қарорлари ижроси юзасидан 2017 йилнинг ярим йиллигида Жиззах вилоятида амалга оширилган ишлар, юзага келган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.

Сессияда "Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этиш бўйича белгилаб берган устувор вазифаларига асосан Жиззах вилоятида экологик муаммоларнинг ечими тўғрисида”ги масала ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг дастури тасдиқланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Бекпўлат ТОҒАЕВ.

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.