Регистрация    Войти
Авторизация

Профилактика кунлари

Категория: Сиёсат

Мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ички ишлар тизимида ҳам катта ўзгариш ва янгиланишлар бўлмоқда. Айниқса, профилактика инспекторлари ишини такомилаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вилоятимизда ички ишлар идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идораларнинг масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактика кунлари ўтказиб келинаяпти. Хўш, 6 ойлик натижалар қандай бўлди? Профилактик тадбирларнинг самараси борми? Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлисхонасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу масалалар муҳокама этилди. Йиғилишни вилоят ҳокими Улуғбек Узаков бошқариб борди.

Ўтказилаётган профилактика кунлари натижасида вилоятимиз ҳудудида умумий жиноятлар сони камайишига эришилди. Афсуски, қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, ўғрилик, фирибгарлик, оилавий можаро каби жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳамон содир этилаяпти.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Жўрабек Авазовнинг профилактика кунлари ўтказиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан 6 ойлик ҳисоботи эшитилди. Нотиқ вилоятимиз ҳудудидаги 74 та маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятлар содир этилмаганини мамнуният билан қайд этди. Лекин ҳали жойларда профилактик тадбирлар ўтказиш борасида камчиликлар борлигини айтиб ўтди. Жумладан, у жиноят ва ҳуқуқбузарликларни туманлар кесимида таҳлил қилиб, қотиллик жинояти Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Зарбдор, Зомин, Мирзачўл ва Ш.Рашидов туманларида, баданга тан жароҳати етказиш Жиззах шаҳри, Бахмал, Ш.Рашидов, Пахтакор туманларида, ўғирлик жинояти Жиззах шаҳри, Ш.Рашидов, Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Зафаробод, Зомин ва Зарбдор туманларида кўп содир этилганини қайд этди. Қотиллик ҳамда оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг аксарияти оилавий келишмовчиликлар туфайли эр-хотин, яқин қариндошлар ва қўни-қўшнилар ўртасида содир этилаётганини, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаётгани, ҳайдовчиларнинг тезликни ошириб юбораётгани сабаб бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг сўзга чиққан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг масъул котиби Гулнора Ҳамроева йиғилганлар эътиборини вилоят ташкилотлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликларининг масъул раҳбарлари вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳисоботларни кечиктираётганликларини, зарур ҳужжатларни расмийлаштирмаётганлигини, туманларда уй таълими ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларга қаратди. Бундай камчиликлар Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин туманларида кўплаб учраётганлиги қайд қилинди.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Тўраева оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, оилавий можаро ва ажримларнинг олдини олиш, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги яраштирув комиссиялари ҳамда шаҳар ва туманлардаги "Аёллар маслаҳат марказ”лари фаолиятини янада жонлантириш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини айтди.

Йиғилишда шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан профилактика инспекторларини уй-жой билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жиззах шаҳри ва Бахмал, Ш.Рашидов,Дўстлик, Зомин, Пахтакор, Арнасой туманларида бундай уй-жойлар қурилишида сусткашликка йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинди ва зудлик билан зарур чоралар кўрилиши белгиланди.

Йиғилиш якунида вилоятимиз раҳбари шаҳар ва туманларда профилактика ишлари самарадорлигини ошириш учун таъсирчан чоралар кўриш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар билан ишлаш тизимини ўзгартириб, янгичасига иш олиб бориш, муаммо ва камчиликларни ҳал этиш юзасидан шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда вилоят корхона, ташкилотларининг раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юклади.

В.ИЛЁСОВ.

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.