Регистрация    Войти
Авторизация

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ... ҚАРМОҚМИ?

Категория: Сиёсат

Ёш журналист сифатида глобал тармоққа энди кирган пайтларим. Бир ижтимоий тармоқда дўстларим кўпайди. Турли гуруҳларга таклиф қилишади. Дам олиш кунларидан бирида эринмай уларни кўриб чиқа бошладим. Кулиб турган бир қозоқ йигитининг сурати қўйилган гуруҳ эътиборимни тортди. Яхшилаб ўқиб кўриб, очиғи қўрқувга тушдим. Бу суиқасдликни тарғиб қилувчилар гуруҳи бўлиб, унда мана шу суратдаги йигит 20 ёшли Нуржаннинг "мард"лик билан ўз жонига қасд қилгани, бошқалар ҳам шу ишни қила олиши мумкинлиги даъват этилганди. Буни қўя туринг, у ерда ҳатто қандай қилиб суиқасдни амалга оширишнинг турлари ёзилганди! Бу гуруҳга 2 мингдан зиёд ёшлар, айниқса, 30 га тўлмаган турли миллат ёшларининг аъзо бўлганини кўрдим. Қўрқувим ҳам шу важдан эди. Дарҳол у гуруҳдан чиқиб кетдим. Буларнинг ёшларимиз учун қанчалик хавф туғдиришини сиз бир тасаввур қилиб кўринг! Ҳали мустақил ҳаётнинг аччиқ-чучукларини тотиб кўрмаган, яхши ва ёмонни ажрата олмайдиган қизиқувчан ёки дунёқараши етарлича шаклланиб улгурмаган ёшларимизнинг ижтимоий тармоқларда бундай гуруҳларга кириб қолишлари уларнинг дунёқарашига қанчалар салбий таъсир ўтказади!

....Футболга қизиқишим ортидан бир футбол гуруҳига аъзо бўлгандим. Мен "Реал Мадрид" мухлисиман. Бу гуруҳ иккига бўлиниб олган эди: "бар-са"чилар ва «реал»чилар. Ўзи Ўзбекистон чемпионати муҳокама қилинсада, ҳар куни жанжал бўлар ва икки гуруҳ бир-бирини ҳақорат қилишгача етарди. Ишқибозлик ҳам эви биланда, ахир!..

Компьютер ва телефон ўйинларини кимдир вақт ўтказиш учун ўйнаса, яна кимдир ғолиб бўлиш, очко тўплаш учун ўйнайди. Бир танишим яна бир воқеани сўзлаб берди: "Ўйинга қизиқиб қолдим ва уни телефонда ўйнай бошладим. Унда турли шартларни бажариш керак эди, шулардан бирини бажараётиб, йўлимда бир китоб пайдо бўлди, кўрсаткич менга мана шу китобни босиб ўтишни кўрсатди. Нақшли аллақандай китоб. Энди буни амалга оширмоқчи бўлиб турсам, бу китоб Қуръоннинг нусхасига ўхшашини сезиб қолдим! Вужудимда совуқ титроқ турди, ўйин муаллифларидан шу қадар нафратландимки! Дарров буни бошқа танишларимга ҳам айтдим".

Глобал тармоқда бундай ўзлигимизга путур етказувчи, миллийлигимиз ва қадриятларимизга зид ғоялар талайгина. Яна бир фикр. Бу тармоқнинг ёқимсиз ҳолатларидан бири шуки, кимдир илгари сурган нотўғри ғоялар унга ўхшаб фикрловчилар томонидан "урҳо ур" тарзида илгари сурилишидир, бу эса кўпчиликда нотўғри фикр уйғотиши мумкин. Оддий туюлган ғоя қарабсизки, оммавий тус олиб кетган бўлади.

Ҳар биримиз ҳушёр бўлишимиз, айниқса, ёшлар юртимиз фаровонлиги, тинчлигига рахна солувчи нохуш ҳолатлардан ҳар қандай вазиятда ўзини тута олиши, адашмаслиги керак.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.