Регистрация    Войти
Авторизация

ДЕПУТАТ СЎРОВИ

Категория: Сиёсат

Ўзбекистон Республикасининг "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатларининг мақоми тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён этиб, депутат сўрови юборишга ҳақлидир.

Хўш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари бу ваколатдан қандай фойдаланишаяпти? Мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарларининг депутат сўровига муносабатлари талаб даражасидами? "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Жиззах вилоятидаги ижроси Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ўрганиб чиқилганида ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама этилганида юқоридаги саволларга батафсил жавоб изланди.

Сенат комиссиясининг ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиши ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида таъкидлаб ўтилганидек, 2016 йил мобайнида бу борада муайян натижаларга эришилган. Хусусан, ўтган йили вилоят Кенгаши депутатлари томонидан мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларига 215 та депутатлик сўрови юборилган. Уларнинг 194 таси юзасидан депутатларга ўз муддатида жавоб берилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган вилоят Кенгаши депутатларининг бу борадаги кўрсаткичлари салмоқли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Хусусан, ўтган йили мазкур партия томонидан вилоят Кенгашига сайланган депутатлар жойларда 192 та депутатлик сўрови билан мурожаат этишган. Шу ўринда Эркин Холматов, Элёр Тўрақулов, Бозоргул Тўраева сингари депутатларимиз фаолияти ҳар қачонгидан кўра таҳсинга лойиқ эканлигини фахр билан қайд қилиб ўтиш зарур. Шунингдек, Акрам Иномов, Гулбаҳор Абдулҳакимова, Мўътабар Каримова сингари вилоят Кенгаши депутатлари ҳам депутатлик сўровлари билан халқ муаммоларини бартараф этишга муносиб ҳиссаларини қўшиб келишаяпти.

Афсуски, орамизда йил мобайнида юқори ташкилотларга депутатлик сўрови юбормаган депутатлар ҳам бор. Уларга халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатлари Марди Худойбердиев, Эсон Норматов, Қурақбой Эргашев, Лола Эгамова, Шавкат Ортиқбоев, Абдумутал Ҳусановларни мисол қилиб келтириш мумкин. Савол туғилади. Уларга юксак ишонч билдириб, депутатликка сайлаган шу халқ бўлса, нега юқорида номлари зикр этилган кишилар сайловчиларнинг ўй-қизиқишлари, муаммоларидан ўзларини олиб қочишаяпти? Эндиликда улар бу аччиқ ҳақиқатдан хулоса чиқариб олишлари зарур.

Мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари депутат сўровига ўз муддатида жавоб беришлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бироқ, вилоятимиздаги айрим ташкилотларнинг мансабдор шахслари бу оддий ҳақиқатни унутиб қўйишмоқда.

Шу ўринда яна мисолларга мурожаат этамиз. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати Эрмамат Ражабов ўтган йилнинг 16 декабрида "Жиззах кўмир етказувчи” унитар корхонаси раҳбари Акмал Шодиевга Арнасой туманидаги "Янгибўстон” ҚФЙ аҳолисига 450-500 тонна кўмир етказиб бериш ҳақида сўров юборган эди. Афсуски, депутат сўрови ижросиз қолди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати Акрам Иномов ўтган йилнинг 18 июлида Шароф Рашидов (собиқ Жиззах) туманининг "Қулписар” МФЙ ҳудудидаги маданият масканини таъмирлашни 2017 йил дастурига киритиш юзасидан вилоят маданият бошқармасига депутатлик сўрови юборган эди. Бироқ, мазкур сўров вилоят маданият бошқармаси раҳбариятининг лоқайдлиги билан ижросиз қолди. Шу депутат томонидан вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги, халқ таълими бошқармалари, "Марказгазтаъминот” унитар корхонаси вилоят газ таъминот бошқармасига жўнатилган депутатлик сўровлари ҳам ўз ижросини топмаганлигини қандай тушуниш мумкин?

Депутат сўровига эътиборсизлик, лоқайдлик сайловчи кайфиятига таъсир кўрсатиши мумкинлигини наҳотки мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари унутиб қўйишган бўлса. Бир нарсани унутмаслик керак: депутат сўрови — халқ сўрови. Унга ўз муддатида холисона жавоб беришга ким бўлишимиздан, қайси лавозимда ишлашимиздан қатъий назар масъулмиз. Буни зинҳор унутмайлик.

 

Хидир ШУКУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи вилоят Кенгаши ишчи гуруҳи раисининг ўринбосари.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.