Регистрация    Войти
Авторизация

ЧИН МАНЗАРАЛАРИ

Категория: Сиёсат
 

Суҳбатдошим — "Микрокредитбанк" АТБ вилоят бошқармасининг умумий бўлим бошлиғи Актам ЯКУБОВ Хитой сафари таассуротлари ҳақида сўзлаб берар экан, асосий урғуни давлатни дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторидан ўрин олишига хизмат қилган асосий омил — фуқароларнинг қонунларга итоаткорлиги ва меҳнатсеварлигига боғлади. У Хитой тижорат вазирлиги ҳамда Пекин университети ҳамкорлигида ташкил этилган "Реформы и инновация в общественном обслуживании в 2017-ом году" деб номланган ўқув-семинарининг тингловчиси сифатида 9-30 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлди.

— МДҲ давлатлари учун ташкил этилган ушбу семинарда юртимиз делегациясидан ташқари Қирғизистон, Беларусь ва Арманистон давлатларининг вакиллари ишти-рок этишди, — дейди Актам Якубов (суратда биринчи қатор чапдан учинчи). — Ўзбекистондан банк, юридик хизмат, савдо, лизинг, саноат соҳасининг 7 нафар вакили иштирок этди. (Суҳбатдошимиз улар орасида Жиззах вилоятининг ягона вакили (таҳр.) Ҳар кунги ўқув машғулотлари давомида Хитой иқтисодиёти, саноати, ташқи алоқалари, давлат бошқаруви ва тузилиши, шунингдек, тарихи, маданияти, миллий анъаналари хусусида маълумотлар олдик.

Семинар доирасида, шунингдек, Шандун провинциясининг Янтай шаҳрида бўлиб, денгиз савдо йўли ва балиқчилик тармоғи ҳолати, Чангью вино заводи, "Huawey" уяли алоқа телефонлари ишлаб чиқариш заводи, боғдорчилик, ипакчилик марказларида бўлдик. Саёҳат мазмунида Пекин олимпия миллий боғи, мураккаб конструкцияси жиҳатидан дунёда биринчи ўринда турувчи "Қуш уяси" стадиони, императорлар истиқомат қилган "Тақиқлан-ган шаҳар", миллий ҳайвонот боғи, "Хитойга келиб бу ерга чиқмаган одам қаҳрамон бўлолмайди" деб ёзиб қўйилган маҳобатли Буюк Хитой деворига бордик. Албатта, ўз соҳам бўйича тажриба ва билим ал-машиш мақсадида банклар фаолияти билан ҳам танишдим.

— Сиз учун бу соҳада нималар янгилик бўлди?

— Тўлов ва валюта эркин конвертациясининг тўлиқ банкомат орқали амалга ошиши, албатта, биз учун ҳайратланарли янгилик эмас. Банкларда махсус ходим ҳар бир хизмат ва бўлим фаолияти ҳақида мижозларга тўлиқ маълумот бера олар экан. Бундай имконият юртимиз банкларида, масалан "Ҳамкорбанк" да мавжуд. Банк хизматларининг тўлиқ онлайн тизимда юритилиши мижозларнинг муассасага келмай туриб, турли банк операцияларини амалга оширишига имкон яратади.

— Электрон ҳукуматнинг яна қандай кўринишларига гувоҳ бўлдингиз?

— Аввало интернет хизматининг арзонлиги ахборотлашган жамият талабларига тўла мос келади. Эътиборимни тортган ҳолат — уч машина қатори сиғадиган йўлларнинг бир қаторидан фойдаланиш пуллик бўлиб, тирбандлик ва бошқа ҳолларда ҳайдовчи йўлнинг шу қисмидан электрон пул тўловини тўлаб фойдаланиши мумкин. Бунда автомашиналарга ўрнатилган чип орқали босиб ўтилган масофа учун махсус тўлов пунктларида пул тўланади.

— Хитойликлар турмуш тарзининг қайси жиҳатлари сизда ижобий таассурот қолдирди?

— Ушу ва кун-фу халқ оммавий шуғулланадиган спорт турлари ҳисобланади. Ҳар бир офис ва ишлаб чиқариш корхоналарида эрталаб соат 8 да ходимлар 15 дақиқа мана шу спорт машғулотларини бажарар экан. Пенсионерлар ёки давлат ташкилотларида ишламайдиган аҳоли ҳам ҳар куни эрталаб ва кечқурун оммавий равишда кўпқаватли уйлар яқинидаги спорт майдонларида ушу ва кун-фу машқларини бажаришига гувоҳ бўлдим. Ишчи-ходимлар интизом, тартибга шу даражада одатланишганки, оилада оила бошлиғи, корхонада директор, провинцияда мэр, давлат миқёсида давлат раҳбарига бўйсуниш, итоат, қонунларга ҳурмат олий қадрият даражасига етган. Коррупцияга йўл қўйган мансабдор шахслар бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши боис мамлакат миқёсида мансабни суиистеъмол қилиш ва умуман жиноятчилик кўрсаткичлари жуда паст экан. Коммунал тўловлар, солиқ қарздорлиги оддий хитойликларга умуман бегона тушунчалар. Аҳолининг 30 фоизи қашшоқ ҳисобланиб, уларнинг яшаш дара-жасини ўрта ва юқори поғоналарга кўтариш бўйича миллий давлат дастурла-ри ишлаб чиқилган.

— Юртимиз аҳолиси сонига тенг одам яшайдиган биргина Пекин шаҳри мисолида ҳам рақобатнинг юқори бўлиши табиий...

— Ҳа, аҳолиси сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгалловчи бу давлатда 22 кун мобайнида Ўзбекистон халқининг фаровонлик учун имконияти нисбатан устун эканлигига амин бўлдим. Хитой компанияларига фаррош бўлиб ишга ўтиш учун ҳам олий маълумот талаб қилинар экан. Ҳар бир иш ўрни ниҳоятда талабгир, рақобат жуда кучли. Бизнинг ўрта-махсус маълумотли кадрларимиз учун махсус иш ўринлари яратиб берилаётганидан фақат қувониш керак. Пекин шаҳрида лоторея натижаларига кўра ҳар йили атиги 100 киши автомобиль сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритар экан. Ўзбекистонда эса бир хонадонда иккитадан ортиқ машина бўлиши оддий ҳолга айланди.

Шандун провинциясида боғдорчилик соҳаси билан қизиққанимизда, деҳқон ва боғбонларнинг миришкорлигига қойил қолдик. Гилос ва олма етиштирилувчи гектар-гектар боғларда ҳар бир мевага махсус қоғоз қопча кийдириб чиқилган. Бу мевани ҳашарот ва қушлардан асрашдан ташқари, табиий тоза ҳолда етилишига сабаб бўлади. Хитойликларнинг меҳнатсе-варлиги, ўз вазифасини сидқидилдан бажариши ва ички хотиржамлигидан ўрнак олса арзийди.

— Хитойнинг стратегик ҳамкори — Ўзбекистон ҳақида нималарни билишар экан?

— Ўқув-семинар якунида ҳар бир давлат вакиллари тақдимот ўтказдилар. Ўзбекис-тоннинг етакчи ишлаб чиқариш қувватлари — GM Uzbekiston, MAN, ISUZI, эркин иқтисодий зоналар, ер ости ва ер усти бой-ликлари тўғрисидаги презентациямизни туризм йўналишига келганда тўхтатиб, саволларга кўмиб ташлашди. Барча иш-тирокчилар тарихий шаҳарларимиз, ай-ниқса, Самарқанддаги тарихий обидаларимизга, хусусан, Регистон ансамблига катта қизиқиш билдиришди. Жуда кўпчилик кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида етакчи эканлиги тақдимот давомида яна бир бор исбот топди.

— Ушбу семинар давомида ўрганган билим ва орттирган тажрибаларингизни юртимизда татбиқ қилишга имкон борми?

— Албатта. Семинар иштирокчилари халқаро сертификат билан тақдирланиб, ўз мамлакатларида ривожланишнинг Хитой тажрибаси билан ўртоқлашиш, уни оммалаштириш ҳуқуқига эга бўлишди. Эндиликда ўзлаштирилган маълумот ва материаллардан фойдаланган ҳолда юртимизда ҳам семинар-тренинглар ташкил этиш, материаллар тарқатиш, вазирлик ва бошқармаларга таклиф ва лойиҳалар киритиш, уларни my.gov.uz га жойлаштириши мумкин. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси бизнинг кейинги тарақиёт йўлимизни белгилаб беради. Аммо "Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр" дея ўзгариш ва янгиликларга бефарқ бўлмайдиган халқимиз ўз имкониятларидан янада унумли фойдаланишни ўрганиши керак.

 

Суҳбатдош Муқаддас САПАРОВА.


скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.