Регистрация    Войти
Авторизация

ЎЗБЕК СЎМИ

Категория: Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, бундан 23 йил муқаддам июль ойининг дастлабки кунида сўм муомалага киритилди. Тадбиркорлик, савдо, хизмат кўрсатиш, банк хизматларининг ягона молиявий тизимга бирлашиши, самарали пул-кредит сиёсатининг амалга ошиши бевосита мана шу тарихий ҳужжат билан боғлиқ. Юртимизда тадбиркорлик учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнеси ва фаровон ҳаётини яратаётган юртдошларимиз талай. Самара Бурҳонова зар қадрини биладиган заргарлардан. 80 ёшни қаршилаган бўлса-да, жисман ва руҳан тетик Самара опа Фориш туман ободонлаштириш бошқармасининг бош ҳисобчиси. Бу вазифада 52 йилдан буён бирорта хатога йўл қўймай ишлаб келаётган Самара Бурҳонова ўзбек сўмининг мустақиллигимиз иқтисодий асосларини мустаҳкамлашдаги ўрин ҳақида ўз фикрларини билдирди:

- Сўм – юртимизда самарали пул-кредит тизимини яратиш ва иқтисодий мустақилликка эришишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Миллий валютанинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигига рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш, пул айланмаси барқарорлигини таъминлаш орқали эришилади. Аҳолининг моддий фаровонлигини ошириш мақсадида иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори доимий равишда ошириб борилмоқда. Иқтисодий ночор корхоналар танг вазиятдан чиқиб олиши учун фоизсиз кредитлар ажратилмоқда. Ёш оилалар учун, шунингдек, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш учун имтиёзли кредитлар берилаяпти. Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизга кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу нархлар даражасининг ўсишига йўл қўймаслик, барқарор паст инфляцион кутилмаларни шакллантиришга қаратилган мақсадли чора-тадбирлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Бугунги кунда қизғин баҳс-мунозара бўлаётган ўзбек сўмининг эркин конвертацияланиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар хусусида мутахассисларнинг фикр билдиргани маъқул. Аммо 52 йилдан буён давлат бюджети маблағининг ҳар бир тийинигача жой-жойига қўйиб сарфлаб, ҳисоб-китобини юритаётган амалиётчи ходим сифатида ишонч билан айтаманки, ўзбек сўмининг қадрини кўтариш, уни бақувват валюталар қаторига киритишда давлат билан бирга ҳар бир фуқаронинг ҳам ҳиссаси бор. Мисол учун, савдо ва маиший хизмат нуқталарида терминаллар бўлиши ва харид учун чек талаб қилиш, ҳар бир фуқаронинг хусусий тадбиркорлик билан машғул бўлиши, тадбиркорларнинг яширин иқтисодиёт билан шуғулланмаслиги, коррупцияга йўл қўймаслик каби омиллар миллий пул бирлигининг қадри ўсиб боришига хизмат қилади. Хўш, бугун ушбу мезонларга ҳамма ҳам амал қиладими? Нега "пулнинг қадри қолмаяпти” деб нолувчи одамлар аслида уни ўзлари тўйларда бошдан сочиб қадрсиз қилаётганини ўйлашмайди? Банклардан кредит олиб, уни мақсадли ишлатмаётган, ҳаттоки тўй ўтказиш учун ҳам кредит олувчи одамлар пулнинг ўз ўрнида ишлатилишига тўсиқ бўлаётганлардир. Пулнинг ҳақиқий қадрини аслида, уни қийналиб ишлаб топган одамгина тушунади.

Вақти келиб Марказий Осиё бўйича ягона пул бирлиги муомалага кирар. Аммо мустақил Ўзбекистоннинг иқтисодий-молиявий муҳофазаси бугунги кунда миллий валютамизга ниҳоятда боғлиқ. Шахсан ўзим ҳам миллий иқтисодиётда хусусий мулк улушига эгаман. Ўз маблағим ҳисобига Фориш тумани марказида маиший хизмат кўрсатиш уйи, умумий овқатланиш шохобчаси ва автомобиллар учун тураргоҳ барпо этганман. Ҳар ойда 4 миллион сўм солиқ тўлайман, алоҳида улгуржи савдо хизматидан кунига 1.5 миллион сўм нақд пул топшираман. 8 нафар ходимим якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб меҳнат қилмоқда.

Ўзим ҳисобчи бўлганим учун пул қадрини, унинг мақсадли сарфини жуда яхши тушунаман. Бухгалтерия тўлиқ компьютер тизимига ўтгани билан ҳалигача чўтдан фойдаланаман. Калькулятор ва компьютер ҳисоблаш тизими ҳам баъзан янглишади, аммо ишлаб турган мия адашмайди. Миллий давлат рамзларимиз қаторида ўзбек сўми ҳам мустақиллигимиз ифодаси, иқтисодий қудратимиз тимсоли бўлиши учун ҳар бир фуқарода дахлдорлик ҳисси ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга эришиш лозим. Сўм, унинг қиймати қандай рақамга тенг бўлишидан қатъий назар, миллий давлат рамзи сифатида ҳурматга лойиқдир.

Муқаддас САПАРОВА.скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.