DataLife Engine > Сиёсат > ҚОЛГАН ИШГА ҚОР ЁҒМАСИН

ҚОЛГАН ИШГА ҚОР ЁҒМАСИН


29-10-2018, 15:18. Разместил: User
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган,минглаб қишлоқликлар ҳаётида янги саҳифа очган “Обод қишлоқ” дастури юртимизнинг узоқ йиллар давомида муаммолар йиғилиб кетган чекка ҳудудларига том маънода тоза ҳаво олиб кирди. Шу билан бирга шаҳарларда ҳам “Обод маҳалла” дастури доирасида қизғин ишлар амалга ошаяпти. Асосий мақсад – аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уларнинг ҳар бир кунни қувонч билан яшашига эришишдир.
“Обод маҳалла” дастури доирасида бу йил Жиззах шаҳрининг “Ёшлик” ва “Кимёгар” маҳаллаларида қурилиш-ободончилик ишлари олиб борилаяпти. Бинолар ва кўп қаватли уйларнинг ташқи қисмини таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, кўчаларни асфальтлаш, бетон ариқлар ётқизиш, трансформатор ва электр тармоқларини таъмирлаш ва янгилаш каби юмушларни амалга оширилиши орқали халқнинг давлатдан рози бўлишидек олий мақсадга эришилади. Бу мақсадда аҳолини сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, тозалик, ободонлаштириш тадбирларини ўтказиш, экологик маданиятни ошириш, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш, маданият кошоналари, дам олиш ва спорт майдончаларини барпо этиш ҳам зарур.
Хўш, бу вазифалар “Кимёгар” маҳалласида қандай амалга ошмоқда?
- Кўп қаватли уйлардаги ноқонуний қурилишлардан воз кечилди, - дейди маҳалла раиси Марҳамат ПАРПИЕВА. – “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида битта замонавий болалар ўйин майдончаси қурилди. Режада яна битта болалар ва иккита спорт майдончаси қурилиши бор. Яна барча бино ва иншоотларни таъмирлаш, фасад қисмини бўяш, кўп қаватли уйларнинг том қисмини, ойна, эшикларини алмаштириш, бир қанча трансформатор ва ичимлик суви тармоқларини соз ҳолга келтириш кўзда тутилган. Ҳудудимиз ичимлик суви таъминотининг носозлигидан азият чекади. Канализация тармоғини яхшилаш ҳам эътибордан четда қолмайди.
Бугун мазкур аҳоли пунктида бўрондан кейинги манзара намоён. Кўплаб қўшимча қурилишлар бузилган, ҳар қадамда қурилиш чиқиндиларига қоқиласиз. Бузилган объектлардан бири эътиборимни тортди. Унда ҳамма нарса бор эди: ғишт, шифер бўлаклари, қурилиш ташламалари ва ҳаттоки маиший чиқиндилар. 64 квартирали улкан кўп қаватли уйни битта том бирлаштириб турса-да, иккита – 25 ва 25 «А» уйлари деб рақамланган. Суҳбатимиз айнан шу уй хусусида. Уй томида сентябрь ўрталарида қайта таъмирлаш бошланган бўлиб, шу манзилда яшовчилар ва таъмирчилар учун “бошоғриғи” келтириб чиқарди.
Юқори қаватдаги қолган квартираларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Зарифа Ўрозалиева, Ғайрат Одилов ва бошқа уй соҳиблари ҳам айнан шу масалада шикоят қилдилар.
“Гулсора-Мунира” ширкатининг раисиМоҳира МЎМИНОВА шундай дейди:
- Ёғингарчиликдан нафақат бу уй, 10 «А» уйда яшовчилар ҳам жабр кўришди. Уйларнинг том қисмини таъмирлашга 350 миллион сўм ажратилиб, у сентябрь ўрталарида ҳисоб рақамимизга ташлаб берилди. Биз шу заҳотиёқ “Жиззахтаъмирлаштиклаш хизмати” давлат унитар корхонасига ўтказиб бердик. Иш суръати жуда паст, бу кетишда қишгача битса ҳам яхши эди.
Бу ҳолатда фақат таъмирчилар айбдорми? Нима учун аҳолига қулайликлар яратишга масъул бўлган хизматлар томошабин бўлиб туришибди? Айнан МФЙ ва ширкатдагилар, шунингдек, қишга тайёргарлик ишларини жадаллаштириш учун масъул бўлган, керакли маблағни ўз вақтида ўтказиб бермаган банк ходимлари ҳам айбдор эмасми? Қисқаси, занжир реакцияси.
Кузнинг биринчи ёмғириданоқ хонадонларига жиддий зиён етган учта уйда яшовчиларнинг айтишича, таъмирлаш ишларига жуда кам ишчи жалб қилинган. Агар улар кўпчилик бўлиб ишлашганида ишлар тезроқ тугалланган бўлармиди? Пудратчининг фикрича, унга оддий ишчилар эмас, малакали мутахассислар керак.
Ҳартугул, “Жиззахтаъмирлаштиклаш хизмати” давлат унитар корхонаси раҳбари Дилшод МУҚИМОВмасъулиятни зиммасидан соқит қилмади: Бўлар иш бўлди. Аҳоли олдида айбимиз борлигини тан оламиз. Лекин бу асосий айбдор — биз, дегани эмас. Лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида — июль ойидаёқ тайёрланган эди. “Ипотека банк” томонидан кредит маблағи сентябрь ўрталаридагина чиқариб берилди. Биз ўша заҳотиёқ ишга киришдик, аммо кўриб турганингиздек, улгура олмадик. Об-ҳаво ҳалал берди. Шифер аллақачон келтирилган, 3-4 кун ичида уй томини ёпиб бўламиз. Сўнг қолган таъмирлаш ишларига ўтиш мумкин. Албатта, зарар етган квартираларни таъмирлаб беришни зиммамизга оламиз.
Ўйлаймизки, обод маҳаллада – шаҳримиздаги Давлат дастури доирасида чирой очиши керак бўлган илк маҳаллада йиғилиб қолган муаммолар яқин муддатда ҳал этилади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, одамларҳаётдаги ижобий ўзгаришларни эртага, келажакда эмас, шу бугуноқ кўришлари, ҳис қилишлари ва мамнун бўлишлари шарт!
                                                                                                          Ленуре АДИЛЬШАЕВА. скачать dle 12.0
Вернуться назад