DataLife Engine > Сиёсат > ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БИРГАЛИКДА ҚУРАМИЗ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БИРГАЛИКДА ҚУРАМИЗ


18-08-2021, 08:52. Разместил: User

   Жиззах шаҳридаги «Ўрда» боғи анфитеатрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия Қўмитаси ва партиянинг вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган «Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!» ғояси остида ўтказилган янги форматдаги сайловолди тарғибот акцияси ва концерт дастури барчага хушкайфият бағишлади. Кўнгилочар тадбирга ЎзЛиДеПдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, электорат вакиллари таклиф этилди. Сайловолди тарғибот акциясида вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этди.

   Сайловолди тарғибот акцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг янгроқ садолари остида бошланди. Шундан сўнг партиявий тадбир ташкилотчилари амфитеатр саҳнасидан жой олишди.

   ЎзЛиДеП вилоят ҳудудий партия ташкилотининг раиси, шу партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Эркин Холматов сайловолди тарғибот акциясини кириш сўзи билан очди.

Йиғилганлар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси Актам Хайитов нутқини эътибор билан тинглашди.

   — Энг улуғ, энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига саноқли кунлар қолди, — дейди пировардида Актам Хаитов. — Истиқлол шодиёнасидан кўп ўтмай, аниқроғи 24 октябрда муҳим жараён — Президент сайловига пешвоз чиқамиз. Ўзбекистонда энг катта сиёсий куч ҳисобланган ЎзЛиДеП ҳар иккала қутлуғ санани пухта ҳозирлик билан кутиб олаяпти.

Партиямиз ташкил этилганлигига 18 йил тўлди. Бугунги кунда аъзоларимиз сони республикамиз бўйича 1 миллион нафарни ташкил этади. Уларнинг 500 минг нафари ёшлардан иборат.

   Актам Аҳмадович ўз чиқишини давом эттириб, бундан 5 йил олдин белгиланган ЎзЛиДеПнинг сайловолди платформаси ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ишларга тўхталиб ўтди. Тадбир иштирокчиларини ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод — Ўзбекистоннинг мард ва жасур, халқпарвар Юртбошиси Шавкат Мирзиёев учун Президент сайловида якдиллик билан овоз беришга чақирди.

   Сайловолди тарғибот акциясида бокс бўйича жаҳон чемпиони Жамшид Тоғаймуродов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Муқаддас Мамарасулова, бир йўла 25 та хорижий олий ўқув юртига ўқишга кириш бахтига муяссар бўлган Суннатулла Юсуповлар сўзга чиқишиб, ЎзЛиДеП аъзоси сифатида бундан буён ҳам мустақил Ўзбекистоннинг асл ёшлари бўлиб қолишга ваъда бердилар.

   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, таниқли шоира Сайёра Тўйчиева янги шеърлари билан қалбларга завқ шавқ бағишлади.

   Ўтган вақт мобайнида халқимизнинг турмуш шароити, дунёқараши ўзгарди. Ошкоралик муҳити жамиятимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Энг асосийси, замондошларимиз мамлакатда рўй бераётган истиқболли ислоҳотлардан розилик ҳиссини туймоқда ва ўзлари ҳам бу жараёнларда фаолиштирок этмоқда.

   Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ЎзЛиДеП ташкил этилган дастлабки йиллариданоқ тадбиркорлар, ишбилармон ва фермерлар манфатининг ифодачиси сифатида майдонга чиқди. Бугунги кунда партия инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, эҳтиёжлари ва манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиш,жамиятимизнинг барча фаол қатламларини «Янги Ўзбекистон: биргаликда юксалиш сари!» ғояси атрофида бирлаштиришни ўз олдига устувор вазифа қилиб қўйган.

   Биргина тадбиркорлик соҳасини олайлик. Ўтган вақт партиянинг электорати ҳисобланган мулкдорлар учун мисли кўрилмаган ўзгаришлар даври бўлди. Асоссиз текширувларга чек қўйилиб, экспортёрлар рағбатлантирилди, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. 2020 йилда тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилгани ҳам бу соҳага жиддий эътибор қаратилганини кўрсатади.

   Олиб борилган халқчил ислоҳотлар аввало мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли ҳаётида ўзининг амалий натижасини берди, десак хато бўлмайди. Мисол учунПрезидентимиз ташаббуси билан 2017 йилда бошланган қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш ишлари кенг кўламда ҳақиқий умуммиллий ҳаракатга айлангани фикримиз тасдиғидир. «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Манас» қишлоғидан бошланган эзгу ташаббус, бугун энг чекка ҳудудларга ҳам кириб борди.

   — Шу партия сафида бўлиб, халқимизга муносиб хизмат кўрсатаётганимдан фахрланаман, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Холида Алимова. — Бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қиладиган бу партияга бундан кейин ҳам ишонамиз, ўз ўрнида электорат вакили сифатида мен ҳам ЎзЛиДеПдан Президентликка номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлайман.

   — Ҳозирги кунда вилоятимизда 14 000 дан ортиқ фермерлар ва деҳқон хўжаликлари фаолият олиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиётов. — Улар сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этишмоқда. Эътибор қиладиган бўлсак, кейинги беш йилда қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Янгича иш усуллари, илғор технологиялар ҳаётга оғишмай тадбиқ этилмоқда. Қишлоқ хўжалигида кластер тизими катта самара келтираётганлигини кўриб-билиб турибмиз.


   Хуллас, Президенти сайловида ғолибликни эгаллашга аҳд қилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик партияси Сайловолди платформасидан ўрин олган мақсад ва вазифалар кўламининг кенглиги мени қувонтиради.

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари қисқа вақт ичида ишбилармонлар ишончига кириб улгурганлиги айни ҳақиқат. 24- Нонисангил сайлов округидан Шароф Рашидов тумани Кенгаши депутати , ЎзЛиДеП аъзоси Ойбек Эсонов буни алоҳида эътироф этиб, қуйидагиларни сўзлади:

   — Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш туман қабулхонасининг мудириман. — Секторлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 94 фоизи қаноатлантирилди. Бу албатта, пастга тушиб ишлашнинг самарасидир.

    Шу ўринда бевосита Ўзбекистон Либерал демократик партияси сайловолди платформасининг асосий йўналиши ҳисобланган саноат соҳаси тараққиёти хусусида мухтасар сўз. Хусусан, сўнгги беш йил давомида Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Арнасой, Мирзачўл, Дўстлик туманларида юқори технологияларга асосланган тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилиб, вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси 38 фоиздан 87 фоизга етказилди.

   Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ умумий қиймати 72 миллион доллардан зиёд бўлган 9 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Жиззах шаҳри «А» саноат ҳудудида жойлашган «Jizzax Toshtepa Textile» корхонаси ўз маҳсулотини 100 фоиз хорижга экспорт қилмоқда. Бу ерда 1500 дан зиёд иш ўрни яратилган. «Жиззах пластекс» корхонасида эса 9 миллион долларлик 2 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада, йилига 7 минг 300 тонна бўялган ип-калава, 5 минг тонна газлама ва 3 миллион 500 минг дона тикувчилик маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

   Туманларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг салмоқли самараларини бермоқда. Арнасой туманида «Арнасой пойабзали» масъулияти чекланган жамияти томонидан 4 миллиард 387 миллион сўмлик пойабзал ишлаб чиқариш, Ғаллаорол туманида «Билолхон устоз» хусусий корхонасида 750миллион сўмлик терига бирламчи ишлов бериш қувватлари фаолияти йўлга қўйилди.

   Вилоятимиз тадбиркорлари ўз партиялари раҳнамолигида амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида яна кўп ва хўб гапириш мумкин. «Жиззах» эркин иқтисодий зона дирекцияси» ДУК ҳамда «Auto Motors Asia» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2020 йил имзоланган Инвестиция шартномасига асосан «Кроссоверлар, енгил юк ташиш автомашиналар ва микроавтобуслар ишлаб чиқаришни ташкил этиш»лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 16,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

   Ўтган йили «Ўзавтосаноат» АЖ ва Roodell компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишув битимига асосан лойиҳа қиймати 9,9 миллион АҚШ долларлик «ADM-Jizzakh» заводи иш бошлади. Бозор талаби асосида«KIA», «Seltos» ва «KIA К5» автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Натижада,215 нафар маҳаллий ёшлар ўз иш ўринларига эга бўлдилар.

   Бундай салмоқли натижаларни деярли барча жабҳаларда келтириб ўтиш мумкин. Энг муҳими, сўнгги йилларда ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришларни ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Одамлар бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан қарамоқдалар.

Сайловолди тарғибот акциясида эгниларига «ЎзЛиДеП» ёзуви туширилган кўйлакларни кийиб олган кўплаб ёшларни учратдик. Улар қўлларидаги партия байроқчаларини ҳилпиратиб, тадбирдан ўзгача завқ олишаётганлигини порлаб турган кўзларидан яққол сезиш мумкин.

Шундай бахти кулган ёш йигитлардан бирини суҳбатга тортамиз.

— Шахзод Тойиров бўламан, — дейди у кўзлари ёниб. — Тоэквандо бўйича Ўзбекистон чемпиониман, бронза медали соҳибиман. Айни пайтда Шароф Рашидов туманидаги 12-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчисиман. Келгусидаги мақсадим ЎзЛиДеПга аъзо бўлиб, тадбиркор ака-опаларим сафидан муносиб ўрин эгаллашдир.


   Мақоламиз аввалида айтиб ўтганимиздек «Ўрда» боғининг амфитеатрида янграган дилтортар қўшиқлардан, дилбар рақслардан баҳраманд бўлиб, байрамолди кайфиятимиз кўтарилди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артистлари Зулайхо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, Ғуломжон Ёқубов, «Ниҳол» мукофоти лауреати Достон Тоиров, «Бобурхон» доирачилар гуруҳининг чиқишидан барча ҳузур қилиб, яхши дам олишди.

   Сайловолди тарғибот акцияси катта мушакбозлик билан ниҳоясига етди.


Турсунбой КАМОЛОВ,

Лазиз МАМАТҚУЛОВ
скачать dle 12.0
Вернуться назад