DataLife Engine > Сиёсат / Жамият > «ОРОМ ОЛАЁТГАН» ОРОМГОҲЛАР

«ОРОМ ОЛАЁТГАН» ОРОМГОҲЛАР


28-05-2021, 10:26. Разместил: User

   Аксарият ота-оналар ёзги таътил бошланиши билан фарзандларини яхши шароитга эга бўлган ёзги дам олиш масканларига жойлаштириш ҳаракатига тушади. Боиси, таътилда мириқиб дам олган болажонлар янги ўқув йилини юқори кайфиятда, ўзгача иштиёқ ва янги орзу-мақсадлар билан бошлайди.

   Зомин, Фориш, Бахмал тумани тоўлари баўридаги хушманзара табиат қўйнида 13 та болалар оромгоҳи жойлашган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгашидан олинган маълумотга кўра, ушбу оромгоҳларнинг 8 таси мавсумда болажонларни қабул қила олмас экан.

      ҲОЗИРЛИК КЎРАЯПМИЗ

   Биз ёзги дам олиш мавсумига қандай ҳозирлик кўрилаётганлигини билиш мақсадида айрим оромгоҳларда бўлиб қайтдик. Дастлабки манзилимиз Зомин тумани Тоғтерак қишлоғида жойлашган "OOO АRT-SUNRISE" МЧЖга қарашли "Зомин-Санрайз" болалар оромгоҳи бўлди. 150 ўринга мўлжалланган оромгоҳда ободонлаштириш, жорий таъмир ишлари бошланган.

   — 2016 йилда фаолияти йўлга қўйилган оромгоҳ ёз ойлари давомида 6 мавсумда 1000 нафарга яқин ўқувчиларнинг дам олиши учун мўлжалланган, — дейди оромгоҳ раҳбари Шахбоз Хонтўраев. — Ўқувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, янги ўқув мавсумига яхши кайфиятда йўл олишлари учун замонавий шинам ётоқхона, болалар бассейни ва 10 дан ортиқ спорт тўгараклари мавсум давомида улархизматида бўлади.

   Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли Ёрулла Норбеков номидаги ёзги болалар оромгоҳида ҳар йили ёзда шу соҳаходимларининг фарзандлари ҳордиқ чиқаришади.

   Сўнгги пайтларда оромгоҳдаги шароитлар талабга жавоб бермай қолди. Шу боис оромгоҳни замонавий андозаларга мослаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, айни дамгача 5 та ётоқхона қуриб битказилди. Ҳар бирида қулай шароитларга эга 4 кишилик хоналар тайёрланди. Илгаригидек болалар умумий ётоқхоналарда эмас, алоҳида ва шинам хоналарда дам олиш имкониятига эга бўлишади.

   Оромгоҳнинг маъмурий биносида маърифат ҳамда йиғилиш ўтказиладиган заллари, тиббиёт хонаси, 150 ўринли ошхона тайёр ҳолга келтирилган.Шунингдек, бу ерда амфитеатр, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва бир неча спорт турлари билан шуғулланиш имконини берувчи стадион барпо этиш режалаштирилган.

                                                                        * * *

   Оромгоҳларда тайёргарлик ишлари авжига чиққан бир пайтда Фориш туманида жойлашган "Табассум" оромгоҳи раҳбару ходимлари донг қотиб ухлаётган кўринади.

   Ҳудудда сузиш ҳавзаси бор, аммо унда сув турармикан. Ётоқхона, маънавият, тиббиёт хоналари, ошхона, озиқ-овқат сақлаш омбори, ҳожатхона, ювиниш хоналари, ички йўлаклар таъмирталаб ҳолатда. Болалар майдончасидаги ўйингоҳлар талабга жавоб бермайди. Ёнғин ва электр хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларда ҳам бажарилиши зарур бўлган юмушлар кутиб турибди. Бу аҳволда оромгоҳни янги мавсумга очиш мумкинми?

   — Мен оромгоҳга қараб тураман, —дейди ўзини Юсуф Махмуров деб таништирган киши. — Бу камчиликларни бартараф этиш ҳақидаги гапларингизни раҳбарларга етказаман.

Хусусий тадбиркор Зоҳид Аманов оромгоҳни ўз ҳолига ташлаб қўйган.


   СОТУВГА ҚЎЙИЛГАН ОРОМГОҲ

   "Зарбдор пахта тозалаш" АЖ таъсисчилигидаги 150 ўринга мўлжалланган "Зомин болалар оромгоҳи" МЧЖда ишловчилар оромгоҳда нима қилишини билмай туришибди. Боиси, таъмирлаш ишларини бошлай деса маблағ йўқ. Таъсисчилар бўлса, оромгоҳни ким ошди аукцион савдосига қўйишган.

   — Биноларда таъмирлашишларини бошлашга имконимиз йўқ, — дейди оромгоҳ раҳбари ўринбосари Алишер Хоринов. — Болаларга берилган йўлланмалардан 2021 йил 1 апрель ҳолатига вилоятдаги мавжудпахта тозалаш корхоналари 186 миллион 615 минг 465 сўмқарздор. Қизиғи, пахта тозалаш корхоналари тугатилаяпти. Агарда ушбу маблағлар ташлаб берилганда эди, таъмирлаш ишлари билан бир қаторда оромгоҳнинг моддий-техника базасини яхшилаб олармидик. Ҳозирда нима қилишга ҳайронмиз.

   "Зарбдор пахта тозалаш" АЖ томонидан оромгоҳ ким ошди аукцион савдосига бошланғич нархи 14 миллиард сўмга қўйилган.

   Шу кетишда бўлса болажонларни қабул қиладиган оромгоҳлар сони биттага камайиши тайин.

   Фориш туманида жойлашган "Матлуботчи" болалар оромгоҳи "Ахмад ота Файз" хусусий фирмасига қарашли. Ушбу оромгоҳ дарвозаси ёнида турган бир тўда қорамолларни кўриб ҳайрон қолдик. Буниси ҳам ҳолва, ҳовлида ўсиб ётган ўт-ўланларда бир тўда эчкилар "базми-жамшид" қилишмоқда. Балким тадбиркор Аброр Нарзиев ҳовлидаги ўтларнинг тозалашнинг жонли "инновацион" усулини топдимикан. Ишқилиб, бу усулни бошқа оромгоҳдагилар билмасинда.

   "Павильон"ларда тартибсизлик, чўмилиш жойлари ўтган йилдаги "хазон"лар билан турибди. "Ахмад ота Файз" хусусий фирмаси раҳбари А.Нарзиев жорий йилнинг 23 февралида "Матлуботчи" оромгоҳини капитал таъмирлашни режалаштирганлиги тўғрисида касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси номига хат билан мурожаат қилган. Бироқ бу ердакапитал таъмирлаш ишлари ҳали бошланмаган.


   «ҚЎЙ» ДЕГАНИ ХЎЖА ЙЎҚ

   "Ёмчи"қишлоўида жойлашган "Мирзачўл" оромгоҳини кўриб очиғи раҳмимиз келди. Қаровсиз, эътиборсиз бинолар кун сайин нураб бормоқда. Йилида бўялаверганидан "оҳори" тўкилган деворларга қараб бўлмайди. Қийшайган эшик тирқишидан қараймиз, хона ичкарисида бетартиб ҳолда сим кроватлар ётибди. 100 ўринли оромгоҳ сўнгги йиллардаги эътиборсизлик оқибатида "авария" ҳолатига келиб қолган.

   Қарийб 7 гектардан зиёд майдонни эгаллаган дам олиш масканини ўт босиб ётибди. Дов-дарахтларга шакл бериш ишларини айтмаса ҳам бўлади.Оромгоҳни ярим соатдан кўпроқ айландик, сиз кимсиз, нима қилиб юрибсиз, деган сўровчини кўрмадик. Ётоқхона, ошхона ва ювиниш хоналари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.Деразалардаги ойналар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу яқин атрофдаги болалар "Дага-даг" ўйинини ўйнаса бемалол бўлаверади. Сабаби бу ерда "Қўй" дегани хўжа йўқ.

   Фориш туманида жойлашган ором-гоҳларга олиб борувчи йўллар сел келиши оқибатида мутлақо яроқсиз ҳолатга келиб қолгани мутасадди ташкилотларни ўйлантирмайди ҳам. Ҳар йили ушбу мавзу матбуотдакўтарилади, бироқ...

   Вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси оромгоҳларни электр билан таъминловчи жиҳозларни қайта кўрикдан ўтказиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасидагиишларни тўлиқ амалга оширмаган. Жумладан, "Зангори олов" оромгоҳи яқинидаги иккита электр устунларнинг ёниши оқибатида ушбу оромгоҳ электр таъминотидан узилган.

   Кўпчиликка маълумки, аксар оромгоҳларда ёзги таътил вақтларидагина ҳаёт қайнайди. Бошқа пайтларда эса бу турдаги дам олиш муассасалари эътибордан четда қолиб кетиши ҳеч кимга сир эмас. Масалага бундай ён-дашиш иқтисодий жиҳатдан ҳам самарасиз ҳисобланади. Шу маънода, тадбиркорлар томонидан оромгоҳдан ўқувчилар фойдаланмайдиган мавсумларда, яъни, куз, қиш ва баҳорда барча дам олувчиларни қабул қилса бўлмасмикан?

Таўин ҳам билмадим, бу ҳам бир таклифда....


   ХУЛОСА ЎРНИДА

   Бугун аксарият оромгоҳларга масъуллар мум тишлаб ўтиришибди. Нима учун? Шунинг учунки, икки йил давомида қаровсиз ҳолга тушиб қолган оромгоҳларни бир ойда талаб даражасида ҳар томонлама қулай ва хавфсиз тартибга келтириш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаса керак, бизнингча. Икки оёқ бир этикка тиқилганда эса чопа-чоп, югур-югур бошланади. Қоғозлар ёлғон маълумотлар билан хўжакўрсинга тўлдирилади. Шошма-шошарлик оқибатида жиддий камчиликларга йўл қўйилади. Қилинган бир ойлик таъмир ва тайёргарлик ишлари бир ҳафтада катта нуқсон сифатида кўриниб қолади.Масъуллар худди шундай — эскичасига ишлаш кайфиятидан қутула олмаётганлиги учун ҳам аксарият болажонларимиз дам олиш оромгоҳларини бутунлай унутиб юборишган. Акс ҳолда, сал бўлса-да жони борлар, вужуди уйғоқлар "қимирлар" эди-да. Баҳор тугаши билан ёз бошланади-ку ахир...

   Ёзда болажонлар кўчада ёки эътибордан четда қолмаслиги шартлигини эса ҳамма билади.

Муқимбой ИСМОИЛОВ.
скачать dle 12.0
Вернуться назад