DataLife Engine > Сиёсат > ҚАЛТИРАЁТГАН МАКТАБ

ҚАЛТИРАЁТГАН МАКТАБ


28-12-2020, 15:12. Разместил: User

   Қиш мавсуми бу йил ҳар йилгидан эрта ва совуқ келди. Ўзининг изғиринли инжиқликларини кўрсатаётган мавсумда аҳолини қийнайдиган биргина муаммо — бу газ, электр энергияси тизимининг яхши ишламаслигидир. Бу долзарб муаммолар шу кунларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам кун мавзусига айланди. Ҳар куни кимнингдир чироғи ўчган, яна кимдир газ босимининг пастлиги туфайли турли ноўхшов тик-токлар билан кўринишга ҳаракат қиляпти. Баъзида кулгули туюлади, аслида жиддий масала. Бир соат чироқсиз бўлган уй ёки гази бўлмаган хонадонда ўтириб бўладими?. Ахир қиш ўчоғи тор, дейдилар. Бу иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари учун ҳам бегона эмас.

   Зафаробод туманида 20 та умум-таълим мактаби фаолият юритиб, улардан 10 таси кўмир, 10 таси газ билан иситишга мослаштирилган. "Лолазор" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 2 та таълим муассасаси жойлашган. Ҳар иккала мактаб ҳам 2019 йили "Обод қишлоқ" дастури бўйича капитал таъмирдан чиқарилган экан. Дарвоқе, республикамизнинг энг чекка ҳудудлари "ободонлаштирилган" дейилса, ҳар бир киши қалбида ўзгача қувонч ҳисси уйғонади. Чунки шу маскан обод бўлиш учун мавжуд камчиликлари тузатилиб, аҳоли учун қулай шароитлар яратилиб, намуна сифатида кўрсатадиган манзилга айланади.

   Даставвал 9-умумтаълим мактабида бўлдим. Остонадан қадам ташлашим билан навбатчи ўқитувчи қаршимга чиқди. Атрофига 3-4 нафар ходимларни тўплаб олган муаллима "алланималар"ни муҳокама қиларди. Ҳамма жой тоза, озода,тартиб-интизом мустаҳкамлиги шундоқ сезилди.

   —Мактабимиз 1978 йилда қурилган, —деди мактаб директори Бегзод Бегимқулов. —Ўтган йили "Обод қишлоқ" дастури асосида 1 млрд. 99 миллион сўм маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилди. Эшик-дераза, том қисми, жиҳозлари ҳаммаси янгиланди. 411 нафар ўқувчи таълим-тарбияси учун барча замонавий шароитлар яратилди.

    Шароитлари билан керилмоқчи кўринган директорнинг "дардим ичимда", дегани кўзларидан сезилиб қолди. Дарҳақиқат, қишнинг қуруқ совуқларидан азият чекаётган болаларнинг аҳволига ачиндим. Синфхоналари совуқ, ўқувчилар телпакда, пальтода...

   

   —Иситиш тизими 2018 йилда янгиланган, мен янги раҳбарман, —дея ўзини оқлашга уринди директор. —Ўшанда 11 та қозонхона ўрнатилган бўлиб, 4 таси умуман яроқсиз бўлиб чиқди. Ўзбўларга ўрнатилган қозонхоналар кўмир билан иситилади. Жорий йилда мактабга 40 тонна кўмир келтирилди. Яна 20 тонна учун талабнома берилган. Лекин у ҳам қишдан чиқишимизга етмайди. Ҳашар йўли билан ўтин ҳам ғамлаб қўйдик. Шунча тайёргарлик билан ҳам синфхоналарни иситолмаяпмиз. Сабабиолиб келинган кўмир қум-тупроқдан бошқа нарса эмас.

   Дарҳақиқат, сифатсиз ёқилғидан амал-тақал фойдаланаётган маъмуриятда айб нима? Мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида ўрнатилганиситиш тизимининг "олови" синфхоналарга етиб бормаса, қалин кийимга ўраниб ўтирган болаларнинг қулоғига дарс кирадими?Кексалар таъбири билан айтганда, энди совий-совий қиш келди. Доно халқимиз бежиз "Сунбуладан кейин сув совуқ, мезондан кейин кун совуқ", демаган.

   Шу ҳудуддаги 7-умумтаълим мактабида ҳам қувонарлинатижаларни кўрмадим. Мактаб остонасидан киришим би-лан дудбурондан чиқаётган кўмир ҳиди димоғимга урилди. Чунки у бутун бино атрофини қуршаб олганди. 291 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олаётган мазкур муассасадан 1995 йилгача мактабгача таълим ташкилоти сифатида фойдаланилган. Шу йиллар оралиғида бирон марта бўёқ тегмаган мактаб 2019 йил "Обод қишлоқ" дастурига асосан 1 млрд. 300 миллион сўм маблағ эвазига жорий таъмирдан чиқарилган. Мактаб директори Озод Эрхонов ҳамроҳлигида синфхоналарни кўздан кечирдим. Кимё фани ўтилаётган синф сув қуйгандек жимжит эди. Давомати сўралганда сабабсиз дарс қолдирган ўқувчи топилмади. Унга киришим билан ўқитувчининг қора қўлқопига кўзим тушди. Совуқдан эти жунжикиб турган муаллимнинг кўмир ҳиди ункиган хонада дарс ўтишига нима дейсиз? Шу кунларда соғлом турмуш тарзи ҳақида куюнчаклик билан гапирсакда, деворлари намликдан моғорлаган, совуқ хонада ўтириш кимга ҳам ёқарди. Камчиликлар бисёр, лекин айни учинчи ренессанс остонасида турган даврдаунинг ечими ҳақида ўйлаб кўриш вақти келгандир балким.

   Мавсумнинг биринчи муаммосига чап кўз билан қараб турганимда, таълимдаги энг муҳим камчилик — кадрлар масаласига кўз юмиб бўлмади. Маълумотларга кўра, тумандаги таълим муассасаларига 38 та фан бўйича мутахассис кадрларга эҳтиёж бор. Ҳар иккала мактабда чет тили ўқитувчиси етишмайди.Ёш раҳбарларнинг чопа-чоплари билан бу муаммонинг ҳам ечими топилар.

    Халқимиз таъбири билан айтганда, қор осмонда қишламайди. Остонада табиатнинг инжиқ мавсуми авжида. Унинг ҳар бир куни — синов. Қиш фаслини беталафот ўтказиш эса унинг "имтиҳон"ларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ. Буни нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримиз бир зум бўлса-да, ёддан кўтармаслигимиз, тадорикни пухта қилишимиз керак эди. Ана шунда қиш ўчоғи тор бўлиб қолмасди, мактаблар эса совуқдан қалтирамасмиди....


скачать dle 12.0
Вернуться назад