Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи: Ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар

Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи: Ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар

28-10-2020, 08:43
Автор: User
Просмотров: 7 908
Комментариев: 0
Версия для печати
Шокир САИДОВ,
Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи:
   — БОСМА нашрлар ишончлилиги, аниқ далиллар асосида иш юритиши, зиммасидаги масълиятли “юки” ва таҳлилга бойлиги, ҳамиша адабий тил меъёрларига амал қилиши билан ўз ўрнига эга. Ва ҳамиша шундай бўлиб қолади. Ўтмишга назар ташласак ҳам газета инсонларга маълумот этказишда дастлабки ахборот воситаси бўлиб хизмат қилган. Унинг пайдо бўлиш тарихи ҳам жуда қизиқ. Газета сўзининг маъноси итальянчадан олинган бўлиб “чақа пул” деган маънони билдиради. Дастлаб, Римда милоддан аввалги I асрда пайдо бўлган бу ахборот воситаси бир чақага сотилган ва шу ном билан аталган. Ўз номига аксинча ҳолда унинг обрўйи ва нуфузи шу даражада тез ошиб кетдики, барча давлатлар бу тажрибани ўзлаштиришга, газета чоп этишга, нашрлар сонини кўпайтиришга киришиб кетди. Газета жуда катта тараққиёт ва ривожланиш босқичидан ўтди.
   Интернетнинг ҳаётимизга кириб келиши билан матбуот нашрларига бўлган талаб камайгандай, унинг обрўйи ҳам пасайгандай бўлди. Маълумотлар ва ахборотлар маконининг кўз илғамас даражада янгиланиши барчани ўзига жалб қилгани рост, аммо унинг қай бири тўғрилигию, аниқ далилларга асосланганлигини, маълумотларнинг ишончлилигини саралаш учун ҳам кўп вақт ҳамда билим талаб этилади. Босма нашрлар эса ахборотларни ҳаққонийлик билан етказиш борасида устунликка эга.
   Франклин “Газетани газетачилар ёзади, аммо уни ўқувчилар ёздиради” деганида жуда ҳақ эди. Газета ўқимишли бўлиши учун ундаги мақолалар шундай моҳорат билан ёзилиши керакки ҳам қизиқарли, ҳам долзарб бўлиши зарур. Президентимиз 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда босма нашрларнинг, газета ва журналларнинг нечоғлик аҳамиятли эканлиги ҳақида гапириб шундай деган эди. “Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар”. Албатта, бундай сўзлар замирида чуқур таҳлилни, маъно ва мазмунни кўришимиз мумкин.
   Шахсан мен раҳбар сифатида “Инсон ва қонун” газетасини ҳар сафар қўлимга олганимда у ерда нафақат янгиликлар билан танишаман, балки бошқа ҳудудлар тажрибасини ўрганаман, вилоятлардаги вазиятларни ўзим раҳбарлик қилаётган ҳудуд билан таққослайман. Бу эса иш услубимизга янги тажрибаларни сингдириш учун катта мактабдир.
   Шу ўринда барча газеталар нуфузини ошириш учун энг самарали усулларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайман. Бунда телевидение орқали газеталар шарҳини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Унда мамлакатимизда чоп этилаётган газеталардаги энг долзарб масалаларга бағишланган мақолалар қисқача таҳлил қилинади ва энг асосий жиҳатлари очиқ қолдирилади. Ўқувчиларни ўзига жалб этишнинг ажойиб йўли ҳисобланган мазкур анонслар газеталар орасида ҳам соғлом рақобатни юзага келтиришига ишонаман. Хоҳлардимки, ҳар бир оилада тонг иссиқ нону қаймоқ билан бўлгани каби, тули нашрларни ўқиб таҳлил қилиш билан бошланса. Руҳиятимиз, маънавиятимиз ана шунда содда ва самарали йўл билан озиқланади, билимимиз кенгаяди.
   Бугун техника ва технология имкониятлари шу қадар чексизки, буларнинг бари инсониятнинг бахтли ва фаровон яшаши учун хизмат қилмоқда. Шу билан бирга маънавиятга, маърифатга бўлган талаб ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Бу дегани, қанчалик тараққиётга эришмайлик ақл-заковатимизни, билим-салоҳиятимизни оширувчи, ҳаётимизнинг бир бўлагига айланган китоб, газета мутолаасига бўлган эҳтиёж камаймаслигини кўрсатади.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.