Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » МАВЖ УРГАН ҒАЛЛАЗОРЛАР

МАВЖ УРГАН ҒАЛЛАЗОРЛАР

25-05-2020, 09:47
Автор: User
Просмотров: 53
Комментариев: 0
Версия для печати

   сахий қуёш, баҳор ёмғири ва деҳқон меҳридан баҳра олаяпти

   

   Деҳқонларимиз учун масъулиятли дамлар бошланди. Бугун улар коронавирус пандемияси туфайли карантин даври қийинчиликларига қарамай, чигит экиб, қийғос ундириб олишди. Эндиликдағўза парваришига қизғин киришдилар. Эл ризқ-рўзини яратаётган, дастурхонимиз тўкинлигини ният қилган ғаллакорлар-у, сабзавоткорлар тиним билишмаяпти. Ҳадемай пиллакорларимиз йилнинг биринчи ҳосили — пилла хирмонини тиклашга тушадилар.

   Зафаробод туманидаги Охунбобоев номли сув истеъмолчилари уюшмасида ҳам дала ишлари юқори суръатларда олиб борилмоқда. Уюшма деҳқонлари бу йил катта мақсадларни кўзлаб меҳнат қилишаяпти. Улар 2 минг 103 гектардан зиёд майдонга чигит экиб бўлишди. Айни кунда 2 минг 134 гектар ғалла майдонида парвариш қизғин давом этаётир.

   — Хўжаликда ғалланинг авжи чакки эмас, 57 та фермер хўжалиги далаларида занг касаллиги, бегона ўтлар ҳамда зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш ишлари бир зум сусайтирилмаяпти.

Йўл ёқалаб "Тоғ боши" фермер хўжалиги даласига етиб келганимизда, фермерСаодат опа Ҳалимова ва ишчиларни учратдик.

   — Ҳар йили давлатга дон сотиш шартномавий режасини ошириб бажарамиз, — дейди фермер хўжалиги раиси Саодат опа. — Жорий йилда ҳам меҳнатларимиз зое кетмади. Мўлжалдаги ҳосилни етиштирдик. 23 гектар ғалла майдонига "Дўстлик" навини экканмиз. Ҳар гектар ғаллазордан 40 центнердан хирмон кўтариб, давлатга 100 тонна сара дон топширмоқчимиз. Деҳқончилик қилиб, кам бўлмаяпмиз. 2018 йилда "Жентра" русумли енгил машина мукофотга берилди. Ўтган йилги фойдамизга "Дамас" автомашинаси, трактор ва сеялка сотиб олдик.

    Пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил ҳалол ва баракали бўлади, дейишади. Аҳил жамоа пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан муттасил баракали хирмон кўтариб келишаяпти. Шу туфайли фермер хўжалигининг иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланиб, моддий манфаатдорлиги ортиб бораётир.

   Фермер ҳамроҳлигида дала айландик. Кун сайин ғаллазорларнинг чиройига-чирой қўшилаяпти. Баҳор ёмғирларидан сўнг сахий қуёш қиздириб, яшил далалар сархил рангга айланаяпти. Ўғити, суви ўз вақтида берилгани туфайли бошоқлар товланиб, майин шамолда мавж уриб турибди. Яқиндагина 50 гектарга экилган чигит бехато униб чиқди. Биринчи ишлов си-фатли ўтказилди. Ҳозир ғўза пайкалларида қатқалоққа қарши чуқур юмшатиш ишлари олиб борилаяпти. Айниқса, дала юмушларида хўжаликнинг Аъзам Холмуродов, Шерзод Саидов, Камол Абдуқодиров, Жамшид Умруллаев сингари жонкуяр ишчилари алоҳида жонбозлик кўрсатишаётир.

   Саодат опа сардобаликлардан ҳам саховатини аямади. Оғир кунларда 10 нафар жабр-дийдага уйидан жой бериб, гўшт, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлади.

   "Қармоқ натижаси" фермер хўжалигига Элёр Норбеков бошчилик қилади. Аҳил жамоа ўтган йилнинг кузида 25 гектар майдонга буғдойнинг "Ғозғон" навини экиб, парваришламоқда. Ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида, бекаму кўст бажарилаяпти. Айни дамда баравж ғаллазорлар кўзни қувонтиради.

   Ғаллачиликда дон сифати ошишида суспензиянинг самараси катта. Фермерни далада ғалла майсаларига суспензия сепилаётган пайтда учратдик. Ҳозирда экинларга учинчи бор суспензия берилибди.

   — Бу галгиси янада жиддийроқ эътиборни тақозо этади, — дейди Элёр. — Бу сафар суспензияга қўшиб, бегона ўтларга қарши гектарига 20-30 грамгача "Гранстар" препарати сепилмоқда. Бегона ўтларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига қараб миқдор камайтирилаяпти ёки кўпайтирилаяпти. Ғаллазорлар бегона ўтлардан ҳоли бўлса, ҳосилдорлик ошиши аниқ.

   Уюшма ғаллакорларининг ниятлари катта. Улар 6,5 минг тонналик хирмон яратишга аҳд қилишган. Айниқса, "Ёруғлик", "Боғдон", "Шарқ", "Сармон" каби фермер хўжаликларида дала ишлари намунали ташкил этилган.

   — Ўтган йили хўжалигимизда ғалладан юқори ҳосил олинди, — дейди "Ёруғлик" фермер хўжалигининг раҳбари Анорбой Ҳасанов. — Бунда суспензиянинг алоҳида таъсири бўлганини ишчиларимиз яхши билишади. Бу йилгидек об-ҳавонинг серёмғир пайтида трактор билан суспензия сепишга шароит бўлавермайди. Натижада муддат чўзилиб кетади. Ана шундай пайтда моторли қўл аппарати асқотади...

   Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳудуддаги фермерларнинг аксарияти нафақат ғаллачиликда, балки ғўза парваришида ҳам суспензиядан унумли фойдаланишмоқда. Чунки улар бу тадбирнинг бажарилиши ҳосилдорликни оширишга хизмат қилишини аллақачон ўз тажрибаларидан яхши билишади.

Баҳор қуёши, деҳқон меҳнати ва меҳридан баҳра олиб, кун сайин бошоқлар донга тўлаётган ғаллазорларни, баравж ғўза ниҳолларини кўриб, уюшма фермерларининг пахта ва ғалла хирмонлари сарбаланд бўлишига ишондик.

Абдушукур ЛАПАСОВ.

Суратда: 1.Фермер Саодат Ҳалимова турмуш ўртоғи Ширинбой ака билан далада.

Лазиз МАМАТҚУЛОВ олган сурат.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.