Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » МАҲАЛЛИЙ НАВЛАР НЕГА ЙУҚОЛИБ БОРМОҚДА

МАҲАЛЛИЙ НАВЛАР НЕГА ЙУҚОЛИБ БОРМОҚДА

26-02-2020, 10:29
Автор: User
Просмотров: 701
Комментариев: 0
Версия для печати

   Халқимизда азал-азалдан оилада фарзанд туғилса, унга атаб кўчат ўтказиш яхши анъанага айланган. Томорқа четида, ариқ ва йўл ёқаларида, хуллас, бўш жой топилди дегунча, унга хоҳ мевали, хоҳ манзарали бўлсин, кўчат ўтказилган. Шу тариқа шовуллаган боғ ва токзорлар яратилган.

   Ҳозирда бу анъана биздан бир-мунча узоқлашгандек. Қишлоқлар оралиғи авваллари бир-бирига яқин бўлмаган, аммо шу масофани гуркираган боғ ва токзорлар, теракзорлар тўлдириб турган. Ёнғоқ, ўрик, олма, беҳи, жийда, тут, тол, терак каби дов-дарахтлар бутун бир ўрмонни эслатарди. Кечагидек ёдимда. Ёш бола эдим. Бир куни раҳматли Абил бўламиз отда юк билан келиб қолди. Ҳовлида мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Салом-аликдан сўнг уйга таклиф қилдим. У бақувват, чамаси 65 ёшдан ошган бўлса-да, ҳали тетик эди. Отдан шашт билан тушаркан, деди:

   — Мен шошиб турибман. Бошқа сафар мавриди бўлар. Онангга айтгин, болалар билан меҳмондорчиликка ўтсин. Ҳовлимиздаги олмалар пишиб, тўкилиб ётибди. Увол бўлмасин деб, териб келтирдим. Уч-тўрт йил бурун Жиззах бозоридан мевали кўчатлар харид қилиб, боққа ўтказгандим. Ўша деҳқоннинг отасига раҳмат. Бу йил шохларини кўтаролмай ҳосилга кирди. Асил боғбон экан...

   Иккаламиз қопчиқ ва хуржундаги оқ-қизил баҳорги олмаларни ошхонадаги қутига жойлаштирдик. Сўнгра у киши хайрлашиб, жўнаб кетди. Мен эса яқин ойларда олмани кўрмаганим учун дарҳол ейишга тушдим. Ҳали ҳамон унинг таъми оғзимда қолган.

   Болалик давримизда қишлоқ чеккасида анчагина майдонни эгаллаган биргина боғ бўларди. Ҳамқишлоғимиз Малик бобо бригада бошлиғи эди. Боғда ҳар йили эртаги ва кечки мевалар, ўрик, гилос, шафтолилар ғарқ пишарди. Пишиқчиликда унинг мевасидан бутун қишлоқ аҳли бирдек баҳраманд бўларди. Айниқса, унча катта бўлмаса-да баҳорги олмаларнинг таъми бошқача эди. Юпқа пўчоқ, юмшоқ пишган бу олмаларни катта-ю кичик мазза қилиб ейишарди. Шундан сўнг кўпгина ҳамқишлоқларимиз томорқаларида ана шу хуштаъм олма кўчатларини эка бошладилар.

   Кўп ўтмай Ғаллаорол туманидаги собиқ "Гулистон" хўжалиги боғдорчиликка ихтисослаштирилди. Хўжалик ерларига бир неча юз гектарлаб ҳосилдор узум (винобоп, майизбоп, қишки) ва ҳар хил олма навлари экилиб, янги боғ-токзорлар барпо қилинди. Бу хайрли ишда жамоага кўп йиллар раҳбарлик қилган Тўйчи ака Худоёровнинг муносиб хизматла-ри бор эди. Таниқли қишлоқ хўжалиги ходими, моҳир ташкилотчи Муса ака Анорбоев хўжаликка бош бўлган йилларда биргина узумчиликдан катта даромад олиниб, давлатга 20 минг тонна узум етказиб берилди. Ўша пайтлари тўй-маъракалар ҳам ўзимизда етиштирилган ноз-неъматлар билан файзли ўтарди. Дастурхонларимиз ҳўл мевалар билан тўкин бўларди.

   Афсуски, кейинги йилларда довруғи кетган узум ва олма навлари йўқолиб кетди. Эндиликда уларни тиклаш мумкинми?

   — Янги боғ ташкил қилишда, аввало, ернинг ҳолатига, ўтқазиладиган кўчатларнинг сифатига жиддий аҳамият қаратиш лозим, — дейди Оқтом маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи уста деҳқон Асад Абдуолимов. — Боғбон ҳар қанча тажрибали бўлмасин, боққа унумсиз ерлар ажратилса ёки хасаки дарахт кўчатлари экилса, ундан яхши натижа кутмаса ҳам бўлади.

   — Бир неча йил аввал томорқамга икки туп шафтоли, бир туп гилос, икки туп оқ олма кўчатларини эккан эдим, — дейди Зомин туманининг Пшағор қишлоғилик Ўрол ака. — Кўчатларга меҳр бердим. Аммо неча йилдан буён гилос ҳосил бермайди. Шафтоли дегани бошқа кўчат чиқди. Мен олманинг "оқ олма" навини парваришлаяпман деб юрсам, у мазаси тахир ёввойи олма бўлиб чиқди. Ўшанда кўчатларни танлай билмаганим, сотувчининг алдаганидан афсусландим. Агар менинг ўрнимда бир неча гектар боғ ташкил этишни ният қилган бошқа киши алданганда қандай ҳолга тушарди?

   Ўрол аканинг куйинганича бор. Бундан чамаси 5-6 йиллар аввал ҳукуматимиз саъйи ҳаракати билан боғдорчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятимизнинг тоғли туманларида янгидан боғ ва токзорлар яратиш бошланди. Давлатимиз томонидан имтиёзли банк кредитлари ажратилди. Фермерлар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, енг шимариб ишга киришдилар. Аммо сурункали ёмғирлар, ҳамалнинг ўтиб бораётгани, кўчатлар етишмаслиги катта муаммо туғдирарди. Вақт кутиб турмасди. Кимдир қўшни вилоятларга, яна бирлари водийдаги кўчатчилик хўжаликларига шошилишди. Улар билан зудликда шартномалар тузилиб, ҳисобларига миллионлаб сўм маблағ ўтказиб берилди. Айрим фермерлар эса нақд пулда ҳисоб-китоб қилишди. Ўшанда қишлоқдошимга ҳамроҳлик қилиб, Самарқанд вилоятидаги Шредер номли республика кўчатчилик бирлашмасининг филиали бўлган хўжаликка боргандик. Йўл четидаги кўчат етиштирувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Улар харидорларнинг кўплигидан (аксарияти Ғаллаорол туманидан келишган экан) қувониб, хоҳлаган нархида пуллашаяпти. Хўжалик идорасида ҳосилот билан учрашиб, мақсадимизни айтдик. У кўчатчининг уйига олиб борди. Ҳовлида турли хил олма, ток кўчатлари кўмиб қўйилган. Улар орасида ўтган йил сотилмай қолиб кетган ток кўчатларини кўрдик. Қуриб кетганидан ўтинга айланибди. Қишлоқдошим нақд пулга, анчагина олма кўчатларини харид қилди. Шу орада бир харидор келиб, нарх-навони суриштирди. Хонадон эгасини чеккага тортиб, алланималарни тушунтирди. Бир даста пулни қўлига тутқазиб, машинани ҳовлига бурди. У ёқ бу ёққа аланглаб, қовжираб кетган ток кўчатларини жойлай бошлади. Ажабланиб турганимизда, уй соҳиби гап бошлаб қолди.

   — Ҳа, меҳмон "сводка учун" экаркан. Туман ҳокимлигидагилар "2 гектар ток экасан", дея ҳоли-жонига қўйишмабди. Шу дод-войдан қутилиш учун келибди. Асли ерга сабзи уруғи сепмоқчи экан. У камхарж, даромад келтираркан. Ўтган йили кўчатларни сотолмай овора бўлгандик. Бу йил талабгорлар кўп...

   Суҳбатдан англадимки, харидор иши битаётганидан, сотувчи даромад кўраётганидан хурсанд. Ҳеч ким кўчатларнинг сифати билан қизиқмаяпти. Ана шундай масъулиятсизлигимиз боғдорчилик ривожига тўсиқ бўлаяпти.

   Дарҳақиқат, кўчатчиликнинг нозик томонлари кўп. Айни кунда бозорларимиз турли хил кўчатлар билан тўлиб-тошган. Яхши ниятлар билан кўчат экишга киришилаяпти. Шу ўринда айрим мулоҳазаларимиз бор. Алдовларга тушмаслик учун, боғдорчиликдан хабардор бўлмаган киши кўчат олишга соҳани яхши тушунадиган боғбон билан борса, айни муддао бўлади. Бугунги кунда юртимизда кўчатчилик билан шуғулланувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Харидор кўчатни жойининг ўзидан олиши мақсадга мувофиқ.

   — Кўп йиллардан буён кўчатчилик билан шуғулланаман, — дейди Бахмал туманидаги Қаропчи қишлоғида истиқомат қилувчи Эшпўлат Мирзаёров. — Оила аъзоларимиз билан томорқадан унумли фойдаланиб, ҳар йили бир неча минг тупдан ортиқ кўчат етиштириб келаяпмиз. Бу кўчатларнинг меваларидан баҳраманд бўлганлар раҳмат айтганида қувонаман. Харидорлардан кўчат танлашда маслаҳатларимни аямайман. Негаки, сўнгги пайтларда "сохта" боғбонлар кўпайиб, сифатсиз кўчатлар сотилмоқда. Бу билан харидор пулга куйиб қолаяпти. Уларни ҳеч ким суриштирмайди. Жумладан, кўчат танлаётганда новдалари силлиқ ва узун, куртаклар орасидаги масофа бир хил бўлишига эътибор бериш керак. Чунки бундай кўчатлар барча агротехника қоидаларига амал қилинган ҳолда етиштирилган бўлади. Илдиз бўғизи ҳам меъёрида ривожланган ва қалинлиги 1,8 сантиметрданкам бўлмаслиги керак.

   Мамлакатимизда сўнгги йилларда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, соҳада илғор технологияларни кенг жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Афсуски, бир пайтлар вилоятимизда кўплаб экилиб, ҳосили дастурхонимизни безаган маҳаллий навларнинг йўқолиб бораётгани ачинарли ҳолдир. Бу борада жиддий ўйлаб кўриш вақти келди. Кўчат етиштиришда бизда қулай табиий шароит мавжудлигини инобатга олиб, илгариги хуштаъм, сархил мева навларини тиклашимиз керак.

Абдушукур ЛАПАСОВ.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.