Регистрация    Войти
Авторизация

САЛОҲИЯТИМИЗ ОРТМОҚДА

Категория: Қарор ва ижро

Айни вақтда вилоятимизда 273 та катта-кичик енгил саноат корхоналари мавжуд. Ушбу корхоналарда икки юздан ортиқ турда маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили ҳудудда қайта ишланган 67 минг тонна пахта толасининг 27 минг 900 тоннаси, яна ҳам аниқроғи, 40,3 фоизи маҳаллий саноат корхоналарида ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларга айлантирилди.

Соҳа ривожида республика Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги "Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Мазкур қарор бўйича 2017-2018 йилларда вилоятда турли соҳаларда қиймати 3 триллион 549 миллиард сўмлик 26 минг 960 та иш ўрни яратилишига хизмат қиладиган 3 минг 48 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган, — дейди "Ўзбекенгилсаноат” АЖ ҳудудий инвестицион лойиҳалар бошқармаси бош мутахассиси Эркин Қобилов. — Шулардан 21 таси енгил саноат йўналишидаги йирик лойиҳалардир. Бу мақсадда 202 миллион 985 минг АҚШ доллари сарфланади. Жумладан, Ғаллаорол туманида йилига 7 минг тонна калава ип тайёрлашга ихтисослашган "Сангзортекстиль” корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш устида иш олиб борилаётир. Айни вақтда банк кредити ҳисобидан ушбу корхонага 50 миллиард 710 миллион сўмлик ускуна ва дастгоҳлар келтириш чоралари кўрилаяпти. Худди шундай Зомин туманида йилига 5,5 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга "Зоминтекстиль” корхонаси юзага келтирилмоқда. Мазкур лойиҳанинг қиймати 17 минг АҚШ долларига тенг. Зарбдор туманида пахта толасидан ип олишдан тортиб, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўз ичига оладиган лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётир. Вилоятнинг чўл туманларида шу каби яна 5 та лойиҳа амалга оширилади. Ҳудудда фаолият кўрсатаётган енгил саноат қувватларининг 66 таси тўқимачиликка ихтисослашган.

2016 йили вилоятимиз енгил саноат соҳасида 120 хил маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 28 хил янги маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилиб, Россия, Қозоғистон каби бир қатор давлатларга 13 миллион 440 минг АҚШ долларига тенг қийматда кийим-кечак ва пайпоқ экспорт қилинган.

— Корхонамизда 500 нафардан ортиқ ишчи-ходим фаолият кўрсатади, — дейди "Gulshana texstil invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Равшан Бобоев. — Кийим тақинчоқлари ва безаклар, қадоқлаш пакетлари, ип ғалтаклари ҳамда тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқармоқдамиз. Тикув трикотаж маҳсулотлари тайёрлашни кўпайтириш ҳисобига 2016 йилда иш ўринлари сонини мингтага етказишни мўлжаллаяпмиз. Шунингдек, йил охиригача 100 минг жуфт катталар ва ўсмирлар пойабзали ишлаб чиқариш қувватига эга корхона фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Бу тадбирга 2-2,5 миллиард сўм атрофида маблағ йўналтириш ниятимиз бор. Айни вақтда Россия ва Қозоғистонга 3 миллион дона кийим-кечак экспорт қилиш бўйича иш олиб бораётирмиз. Бундан ташқари мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига хориждан 56 хил тикув ускуна ва дастгоҳлари етказиб бераяпмиз.

Соҳада кечаётган бу каби ислоҳотлар натижаси ўлароқ 2019 йилда вилоятимизда 60 минг 100 тонна пахта толасини қайта ишлашга эришиш режалаштирилган. Бу эса ҳудудда етиштириладиган пахта хомашёсининг қарийб ҳаммаси маҳаллий саноат корхоналарида қайта ишланади, демак.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.