DataLife Engine > Муносабат > НИМА УЧУН МУТОЛАА КЕРАК?

НИМА УЧУН МУТОЛАА КЕРАК?


6-02-2018, 15:16. Разместил: Admin

Маънавиятли фарзандлар — миллатнинг келажаги. Маънан етук, жисмонан соғлом болаларгина юрт эгаларидир. Уларни баркамол этиб тарбиялашда кишига руҳий ва маънавий озуқа бўлган китобларнинг ўрни беқиёс.

Бугун фарзандларимиз китоб ўқияптими? Агар ўқимаётган бўлса, бу лоқайдликнинг, бу иллатнинг илдизи қаерда? Бунга ким айбдор? Бу саволларнинг жавобини "Ҳурматли ота-она, сиз ўзингиз китоб ўқийсизми?", деган саволнинг жавобидан ахтариш керак, деб ўйлайман.

Айримларда нима учун китоб ўқишим керак, деган тушунча пайдо бўлиши мумкин. "Адабиётдан узоқлашган халқ охир-оқибат миллат сифатида инқирозга учрайди", деган эди Чўлпон. Мана, нима учун китоб ўқишимиз керак.

Ҳар бир хислат, кўникма аввало, оилада шаклланади. Биз кечагина китоблар қиммат, болалар китоблари йўқ, лотин ёзувидагилари кам, нашриётлар янги асарлар чоп этмай қўйди, дея ташвишга тушган эдик. Лекин бугун буларнинг ҳаммаси рўёбга чиқмоқда.

Тўғри, биз илғор технологиялар асрида яшаяпмиз. Интернетдан истаган тилдаги янги асарларни беш сонияга етмай топиш мумкин, бу китобхон учун анчайин қизиқ ва қулай. Лекин шу ҳолатда ҳам глобал тармоқ китобнинг ўрнини босолмайди. Шу ўринда, бизда болалар учун фанларга оид қизиқарли китоблар кўп эмаслигини айтиб ўтишим керак. Агар илм-фан намояндалари бу билан жиддий шуғулланишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бор илмнинг калити китобдадир.

Севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов бир суҳбатида: "Бир марта ўқишга зўрға арзийдиган китоблар, бир марта кўришга арзийдиган фильмлар бир марталик шприцга ўхшайди. Шприцнинг фойдаси бор, одамларни даволайди, лекин буларнинг турган-битгани зиён, одамни касал қилмаса ҳам унинг руҳиятини, маънавиятини касал қилади. Китобхонларнинг камайишида ёзувчиларнинг ҳам айби бор", деган эди.

Охирги пайтларда китобхонларнинг кўпроқ жаҳон адабиётига қайта-қайта мурожаат қилаётганликларининг ҳам сабаби шундадир, балки. Бир китобхон сифатида айтсам, ўзбек адабиётининг бугунги вакилларининг ижодида жўнлик, бир хиллик юзага келгандек, назаримда. Бундан ҳам ёмони, "бозор адабиёти" га хос енгил-елпи, на бадиийлиги, на савияси ва на маъно жиҳатидан талабга мос келадиган асарларнинг кўпайганидир. Улар ўсиб ке-лаётган ёш авлод вакиллари, китобхонларни чалғитишдан бошқасига ярамайди.

Замон ҳар қанча тараққий этмасин, бизнинг барибир китобга қайтаверишимизни вақт исботлаб бермоқда. Ватан тараққиёти, унинг дунёларга бўйлашиши модомики фарзандларимизга боғлиқ экан, уларнинг саводли бўлиши ўз қўлимизда. Бошлари баланд, руҳи тетик бўлишига ҳаммамиз масъулмиз.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Вернуться назад