Регистрация    Войти
Авторизация

УЗУМЗОРЛАР КЕНГАЙМОҚДА

Категория: Муносабат

Жиззах шаҳридаги тадбиркорликка кўмаклашиш марказида вилоятимиз тадбиркорлари учун узумчиликни ривожлантириш, янги токзорлар барпо этиш, мавжудларининг самарадорлигини ошириш, узумни қайта ишлаш масалаларига бағишланган семинар-тренинг уюштирилди. Тадбир аввалида "Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси вакиллари томонидан бу йўналишда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Токзорларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, айни вақтда республикамиздаги токзорлар майдони 148 минг 600 гектарга етказилиб, 2016 йилда 1 миллион 715 минг 300 тонна ҳосил кўтарилган. Олинган ҳосилнинг 992 минг 600 тоннаси ички истеъмолга, 292 минг 500 тоннаси экспортга йўналтирилган. Шунингдек, 430 минг 200 тонна узум қайта ишланган.

Бу йил республикамиз токзорларидан 1 миллион 884 минг 100 тонна маҳсулот олиш кўзда тутилаётир. Бундан ташқари, 10 минг гектардан ортиқ майдонда токзорлар барпо этиш чоралари кўрилаяпти. "Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси 1 минг 400 гектар майдонда янги токзорлар барпо этиш орқали бу ишга ўз ҳиссасини қўшади.

— Жумладан, 2017-2018 йилларда Жиззах вилоятида компаниямиз томонидан токзорлар барпо этиш ва узумни қайта ишлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади, — дейди "Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси бошқарма бошлиғининг ўринбосари Яҳёхон Бойтемиров. — Ғаллаорол туманида 204 та фермер хўжалигида 700 гектарлик янги токзорларни вужудга келтириш ҳисобига 715 та иш ўрни яратилади. Бунинг учун 10 миллиард 150 миллион сўм маблағ йўналтирилади. Янгиобод туманида эса 1 минг 884 гектар майдонда узумзор барпо этилади. 1 минг 924 та иш ўрни яратилишига хизмат қиладиган бу йўналишдаги лойиҳаларга 27 миллиард 389 миллион сўм сарфланади. Зоминда узумзорларни юзага келтириш учун 45 миллиард сўм ишлатилади. Натижада 1600 гектарлик узумзор ва 1 минг 634 та иш ўрни ҳосил қилинади. Бундан ташқари Зомин туманида компаниямиз тизимидаги "Тошкентвино комбинати” акциядорлик жамияти томонидан қиймати 71 миллиард 92 миллион сўмлик пиво ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаяпти. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 30 минг тонна бўлган мазкур корхона 35 та иш ўрнига эга бўлади.

Худди шундай, Шароф Рашидов туманида компания томонидан йиллик қуввати 60 минг декалитр хомашё базасини яратиш орқали узумни бирламчи қайта ишлаш корхонасининг фаолияти йўлга қўйилади. 2 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа 10 кишининг доимий иш ўрнига эга бўлиши учун хизмат қилади. Ушбу туманда "Комфорт агробизнес” масъулияти чекланган жамияти 72 та иш ўрнига эга 2,3 гектарли иссиқхона фаолиятини йўлга қўймоқда. 2 миллиард 488 миллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилаётган мазкур иссиқхона йилига 11 миллион дона сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини етиштиришга ихтисослашган.

Токзорларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар Бахмал, Шароф Рашидов, Зарбдор, Зафаробод, Фориш, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл ва Пахтакор туманларида ҳам амалга оширилаяпти. Асосийси, ҳосилдор ва бозорбоп ток навларини экиш ва узум етиштириш жараёнида хорижнинг илғор агротехнологияларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

— Бу каби тадбирларни амалга оширишда республика Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги "Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди ўқув-семинар қатнашчиси Шамсиддин Қамаров. — Жумладан, узумчиликка оид лойиҳалар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаяпти. Имтиёзли кредитлар ажратилишидан тортиб янги экилган токзорлар оралиғида сабзавот ва полиз экинларини етиштириш масаласигача эътибордан четда қолмаган. Қўлланилаётган самарали агротехнологиялар, қайта ишлашни йўлга қўйиш, бу йўналишдаги маҳаллий ва хориж тажрибаси, ҳосилдор навлар, мамлакатимизда ишбилармонларга яратилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳақида маълумот берувчи бугунги сингари тадбирлар биз — ишбилармонларни руҳлантиради, янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга ундайди.

Йиғилишда узумчилик ва узумни қайта ишлаш бўйича консалтинг хизматларидан фойдаланиш, хорижга маҳсулот экспорт қилиш, янги ва ҳосилдор навларни етказиб бериш сингари масалалар юзасидан маълумотлар берилди. Тадбир якунида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.