Регистрация    Войти
Авторизация

ИСЛОҲОТ ВА ИНСОН

Категория: Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини мамлакатимиз аҳолиси катта қувонч билан қаршилади. Сабаби, ушбу қарорга биноан 2017 йилнинг февралидан бошлаб юқорида келтирилган тўловлар тўлиқ ҳажмда нақд шаклда бериладиган бўлди. Бундан ташқари, тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилмоқда. Шунингдек, олий ўқув юртининг талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизи нақд шаклда берилади ва юқоридаги тўловларнинг барчаси ҳар ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлаш йўлга қўйилди.

Мазкур қарор иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида тўловларни ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга ошириш учун жорий этилди. Бу қонуний ҳужжатнинг ижроси ҳақида батафсилроқ билиш, пенсия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг вилоятимизда бориши тўғрисида Пенсия жамғармасининг Жиззах вилояти бошқармаси, пенсия ва нафақалар тўлови бўлими бош мутахассиси Бахтиёр Тўйчиев билан суҳбатлашдик.

-Бугунги кунда айнан "Нуроний” жамғармаси пенсионерларига пенсия тўлови қай тариқада берилмоқда?

- 2017 йил 1 январдан бошлаб «Нуроний» жамғармасининг барча ходимлари — пенсионерларга пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорда тўланган ҳолда «Нуроний» жамғармаси марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг штатдаги ходимларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби жорий қилинди.

-Нима сабабдан тўловлар нақд шаклда амалга оширилиши белгиланганидан сўнг баъзи кексаларимиз ўз маблағини пластик картада ола бошлашди?

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига пенсия тўловларини пластик карталарига ўтказилишини сўраб пенсионерлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушганлиги сабабли, пенсионерлар ҳоҳишига кўра, қонунчиликка асосан кафолатланган пенсияларини тўлиқ ёки қисман пластик карталари орқали олиш ҳуқуқига эга эканликлари маълум қилинди. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тегишли бўлимларига пенсионерлар томонидан тўловларни нақд пулда ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилишини танлаб ариза билан мурожаат этишлари мумкин, бунда тўлов шакллари ариза берилгандан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб амалга оширилади.

-Бугунга келиб пенсия тарқатиш тизимида ҳам бир қанча ўзгаришлар юз берди, шу жараён ҳақида тўхталсангиз.

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги ПҚ-2826-сонли "Келгусида пенсиялар ва нафақалар тўлашни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб пенсия ва нафақалар тўлови Жиззах шаҳрида яшовчи пенсия ва нафақа олувчиларга АТ "Халқ банки” Жиззах шаҳар бўлими томонидан барча маҳалла фуқаролар йиғинларига бориб тарқатилиши йўлга қўйилган. Маҳалла фуқаролар йиғинларига кела олмайдиган, яъни 80 ёшдан ошган қариялар, 1-гуруҳ ногиронлари, ётиб қолганлар, II-жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларининг уйларига бориб пенсиялар олиб борилиши таъминланган.

2017 йилнинг май ойидан бошлаб АТ "Халқ банк”лари орқали пенсия ва нафақаларнинг тарқатилиши вилоятнинг Арнасой, Бахмал ва Зарбдор туманларида йўлга қўйилди ҳамда қолган туманларда жорий йилнинг июль ойидан бошлаб амалга оширила бошланди.

Ҳозирги кунда вилоят бўйича жами 288 та фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, барча маҳаллаларда пенсия тарқатиш жадваллари ва барча қулайликларга эга бўлган шароитлар яратилган. Шунингдек, доимий равишда нақд пул билан таъминлаш учун АТ "Халқ банки” бўлимлари "Сайёр кассалари” ташкил этилди. АТ "Халқ банки” вилоят филиали томонидан 22 та "Дамас” автомашиналари сотиб олиниб, 112 нафар кассирлар қабул қилинган. Пенсия ва нафақалар тўловлари амалдаги қонунчиликка асосан, ҳар ойнинг 27 санасига қадар етказиб берилиши белгилаб қўйилган бўлиб, ҳозирги кунда узилишларсиз ойнинг 27-санасига қадар пенсия ва нафақалар тўловлари амалга оширилмоқда.

-Пенсия ва нафақа олувчиларга яратилаётган замонавий қулайликлар борасида нималарни айта оласиз?

-Бу борада Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан ҳозирги кунда "SMS” хабар юбориш йўлга қўйилган. "SMS” хабарнинг қулайлик томони шундаки, пенсия ва нафақа олувчи фуқаронинг шахсий уяли телефони рақамига "Пенсия” дастуридаги ПК рақами улаб қўйилади ҳамда ҳар ойда фуқарога жорий ой пенсияси тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, яъни пенсия тури, қачон тўланганлиги, нақд пул ёки пластик картасига ўтказилганлиги тўғрисидаги хабарлар келади. Ҳозирги кунда вилоятимиз бўйича ушбу SMS хабарига 40 мингга яқини (вилоят бўйича умумий 106554 нафар пенсионерларнинг 38%и) пенсия ва нафақа олувчилар уланган бўлиб, ушбу хизматдан бепул фойдаланишмоқда. Ушбу "SMS” хабарга уланиш учун ҳар бир пенсия ва нафақа олувчи ўзи яшайдиган ҳудуддаги Пенсия жамғармаси бўлимига ҳоҳлаган вақтда шахсий уяли телефон алоқа воситаси орқали мурожаат этиши мумкин.

-Айтинг-чи, чет элда ишлаётган юртдошларимиз ҳам пенсия оладими, суғурта бадалини тўлаш ишлари қандай амалга оширилади?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги "Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги 46-сонли қарорига асосан, қуйидаги якка тартибдаги шахс тоифалари ҳисобланган чет элда ёлланган ҳолда ишловчи фуқаро, якка тартибдаги тадбиркор, тадбиркор томонидан ёлланган ходимлар ( 3 нафаргача шогирди) , оилавий тадбиркорлик субъекти ва унинг оиласи аъзоси, деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзоси, шахсий томорқада қорамол етиштирувчилар киради. Улар қарорда белгиланган миқдорда суғурта бадаллари тўлаган тақдирда пенсия тайинлашда иш стажи ва иш ҳақига олиниши белгилаб қўйилган.

Суғурта бадалларини тўлаш тартиби ихтиёрий равишда бўлса, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси, шахсий томорқада қорамол етиштирувчиларга тегишли. Мажбурий равишда эса якка тартибдаги тадбиркор, тадбиркор томонидан ёлланган ходимлар, оилавий тадбиркорлик субъекти ва унинг оила аъзоси, деҳқон хўжалиги бошлиғига тегишлидир. Суғурта бадали тўлаш учун СТИР маълумотномаси, фуқаро доимий яшаш манзили бўйича Давлат солиқ хизмати органига мурожаат қилиши талаб этилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қулайликлар аҳоли турмуш даражасининг ортишига, уларнинг қонуний ва ҳуқуқий манфаатларини тўла ҳимоялашда, юртдошларимизнинг фаровон ва тўкис яшашларида ҳал қилувчи омиллардан биридир. Зеро, бу ислоҳотларнинг ҳаммаси халқимизнинг фаровон турмуш кечириши йўлида ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.