Регистрация    Войти
Авторизация

ЁШЛИК ВА БИРДАМЛИК ИТТИФОҚИ

Категория: Муносабат

Мазкур қурултойда "Камолот” ЁИҲ тизимида йўл қўйилган қатор камчиликлар, жумладан, туман ташкилотларининг биноси йўқлиги, моддий техника базаси етарлича эмаслиги каби қатор камчиликлар ошкора танқид остига олиниб, эндиликда ёшларимизнинг ихтиёрий равишда бирлашадиган демократик ёшлар ташкилотини тузиш истакларини рўёбга чиқариш лозимлиги таъкидланди. Буларнинг бари юртимизда ёшлар учун чинакам таянч бўла оладиган янги ташкилот Ёшлар иттифоқи тузиш учун бўлгани айтилди.

Бу ҳақда қурултойда иштирок этиб қайтган жиззахлик делегация аъзолари қуйидаги фикрларни билдиришди.

— Қурултой Ўзбекистон ёшлари ҳаётида унутилмас кун бўлди. Унда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди ва бу республикамизнинг барча вилоятларидан йиғилган делегатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қуватланди, - дейди Ёшлар иттифоқи ташкилотининг Жиззах вилоят делегацияси аъзоси, собиқ "Камолот" ЁИҲ Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати ходими Элдор НАВРЎЗОВ. – Бу жуда катта имкониятларга эга бўлган ташкилот. Шулардан айрим имтиёзларни келтириб ўтсам. Эндиликда ташкилотнинг туман раислари имтиёзли тарзда кредитлар асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган "Дамас” ва "Матиз” автомобиллари олиш имконига эга бўлишлари, йигитларимиз учун "Мард ўғлонлар” номли давлат мукофотининг таъсис этилиши таклиф қилинди. Бу қалбимизда фахр ва ғурур туйғуларини жунбушга келтирди. Бундан ташқари, фан-таълим соҳасида юксак натижаларга эришган ёшларга "Келажак бунёдкори” медали таъсис этилиши, ёшларга юртимизда ҳарбий таълим берадиган мактабларга "Темурбеклар мактаби” номи берилиши каби таклифлар аждодларимизга, қолаверса, ёшларга бўлган эътиборнинг юксак намунасидир.

- Бу ташкилот бизнинг нафақат бугунимиз, балки келажагимизни ўйлаб қилинган амалий ишдир, - дейди собиқ "Камолот” ЁИҲ Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф ШУКУРОВ. Мазкур қурултойда амалга оширилган ишлар таҳлилий ва танқидий жиҳатдан кўриб чиқилди. Янги ташкилот олдига ёшларимизнинг фаол бўлган қатламинигина эмас, ҳамма ёшларни қамраб олиб, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш вазифа қилиб қўйилди. Биз бир қанча ўз йўналишларимизни ишлаб чиқяпмиз, янги ташкилотнинг келажагини қўллаб-қуввватлаш учун барча куч-қувватимизни ишга соламиз.

Президентимиз ўз нутқларида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбарининг айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боришини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб қўйиш кераклиги, шу билан бир қаторда, у Президент фармонига кўра Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланишини таъкидлади. Бу юртимиз ёшларига берилаётган улкан имкониятлардан биридир. -Бугунги кунда таълим тизимида 11 йиллик таълимни жорий этиш масаласи тургани боис, бўш қолиши кўзда тутилган туманлардаги айрим коллежлар биносини ёшлар ташкилоти тасарруфига ўтказиш белгиланди, - дейди собиқ "Камолот” ЁИҲ ҳуқуқий лойиҳалар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими мудири Гулнора Нормуродова. - Ундан самарали фойдаланиш, турли бўлимларга тегишли тўгараклар ташкил этиш, спорт залларидан фойдаланиш мақсадида ёшлар маркази фаолияти иш бошлайди.

Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, эндиликда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилади. Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда "Ёшлар уйлари” қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқиш ва 2018 йилдан уни бажариш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

- Яна бир муҳим масалани айтиб ўтмоқчиман, 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилинди. Бу биз учун кутилмаган ва қувончли янгилик бўлди, - дейди Элдор НАВРЎЗОВ. –Бугун сафимиздаги 500 минг нафар ёшларнинг сафи келгусида янада ортади деб ўйлаймиз. Президентимиз ишончини юксак даражада оқлашга ҳаракат қилишимиз керак. Ёшларни янада фаолликка чорлашимиз керак.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.