Регистрация    Войти
Авторизация

Бу йўлнинг охири хўрлик...

Категория: Мақолалар

Ҳеч бир инсон гиёҳванд бўлиб дунёга келмайди. Орзу-интилишлари, мақсад ва режалари уни ўзи истаган йўлга олиб киради. Инсон хоҳласа, жамият ривожи йўлида улкан ишларни амалга ошириши мумкин. Агар акси бўлсачи...

Қаҳрамонимиз (исми сир тутилади) гапириб берган воқеа ҳар бир кишини ўйга толдиради. Уни тинглаяпману, воқеалар кўз ўнгимда гавдаланаверади:

— Мени ҳам ота-онам ҳалол едириб, кийдирган, тарбия қилиб вояга етказган. Бироқ, бундан 12 йил муқаддам бўлиб ўтган воқеа ҳаётимда мудҳиш бурилиш ясади...

Кунларнинг бирида ўртоқларим билан дам олиш мақсадида қўшни маҳалладаги чойхонага кирдик. Хурсандчилик қилдик, бироз спиртли ичимлик ҳам ичдик. Хуллас, тез-тез чойхонага борар, маст ҳолда уйга жуда кеч қайтар эдим... мени гирдоб исканжасига тушишимга сабабчи ҳам спиртли ичимлик эди. Чунки авваллари ичмаганман, чекмаганман. Дўстларим билан навбатдаги ўтиришда, сигарет чекдик... кейинчалик яна сигарет чекиш истаги пайдо бўлди менда. Аммо ўша кунги сигарет гиёҳванд модда эканлигини билсамда бу ишни тўхтатолмасдим. Гиёҳванд моддани кейинчалик томир орқали олишга ўргандим.

Шу вақтда пул топишнинг турли йўлларини қидира бошладим. Уйда майда-майда, кўзга ташланмайдиган нарса-ларни ҳеч кимга билдирмасдан сотардим. Уйдагилар ҳам қилмишимдан хабар топишди. Тез-тез жанжал қиладиган бўлиб қолдим. Кейинчалик ота-онам мени алоҳида яшаса, ўзи учун ҳаракат қилар, деган ниятда турмуш ўртоғим ва 2 нафар фарзандим билан янги ҳовлига чиқаришди. Ҳовлимда ҳам сотмаган нарсам қолмади. Фарзандларимнинг насибасини қирқиб, улар ейдиган ноннинг пулини ҳам мана шу оғуга сарфлаб юборганман.

Уларни боқолмасдим. Чунки мен топган пул ўзимдан ортмасди. Ота-онасиникига жўнатиб юбордим. Аммо... шу-шу турмуш ўртоғим билан ажрашиб кетдик. Ҳаётим қўрқув, ҳадик билан ўтарди, доим кимлардандир шубҳа қилар, кимлардандир қочиб юрардим.

Гиёҳванд модда истеъмол қилиш ўргимчак тўрига ҳаша-ротни тушириш дегани, у қанчалик чиқишга уринмасин, бу тўрдан чиқа олмайди. Мен гиёҳвандлик дорисини ўртоқларим ишлатган шприцда, игнасини ҳам алмаштирмасдан томир орқали юбориб ОИТС касаллигини юқтириб олдим. Энди ҳам наркоман, ҳам СПИД исканжасига тушдим!!!

Хуллас шунақа гаплар... ҳозир даволанаяпман. Наркотикдан воз кечдим. Истеъмол қилишга кучим ҳам, мадорим, пулим ҳам йўқ. Ҳаётда адашдим. Гиёҳванд моддани ота-онам, оилам, фарзандларимнинг бахтига алмаштирдим. Қани энди орқага йўл бўлса... ҳаммасини бошидан бошласам, афсус!

Инсоннинг икки чин дўсти бўлади, бири Аллоҳ, иккинчиси онадир. Ҳали-ҳамон онамнинг: "болажоним, бу йўлдан қайт, кейин кеч бўлади, бунинг охири хўрлик...", дея зор-зор йиғлаганлари қулоғим остидан кетмайди. Онамни рози қила олмадим. Ёшим 40 дан ошди. Умр ўтаяпти. Аммо энди кеч. Мен учун қадрли ота-онам, оилам, фарзандларимни йўқотдим.

Азизларим, вақт борида, ота-онани, тинчлик-осудаликни, соғликнинг қадрига етинг. Ота-онанингизни рози қилинг, токи мен каби кейин афсус чекманг.

 

Қоғозга тушурувчи

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.