Регистрация    Войти
Авторизация

ЎРИКЛИСОЙ ИЛҲОМЛАРИ

Категория: Мақолалар
 

Бахтиёр Назаров,

адабиётшунос олим, академик:

 

— Зомин семинарининг ташкил этилганига роппа-роса 20 йил тўлди. Ушбу анжуман иштирокчиларининг биринчи авлоди ҳозир дурустгина шоир, ёзувчи ва адабиётшунос сифатида тан олинди.

Зоминда уч кун давомида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёшларнинг асарлари йирик шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар иштирокида муҳокама қилинди, йўл-йўриқлар кўрсатилди, маслаҳатлар берилди. Мени қувонтиргани уларнинг кўпчилиги талаба ёки кечагина институтни тарк этган ёшлардир. Ишларининг яхшилигини кўриб айта оламанки, адабиётимиз муносиб ворисларга эга.

Бу йигит-қизлар орасидан нафақат миллий адабиётимиз балки жаҳон адабиёти муаммоларини таҳлил этадиган ёшлар етишиб чиқишига ишонаман. Зомин семинарида улар рағбатлантирилди. Анъанавий тақдирлашлардан ташқари кимдир магистратурага йўлланма олаётир, талабалар учун ўқув шароитини кучайтириш бўйича олий таълим муассасаларига тавсиялар берилаётир. Улар Президентимиз совғасини олишди, куни кеча Юртбошимизнинг ёшларга кенг имкониятлар эшигини очувчи яна бир фармони имзоланди. Қолаверса, Жиззах вилояти ҳокими ҳам семинар иштирокчиларини тақдирлади.

Лўнда айтганда, ёшларга кенг имконият ва шароитлар яратилаяпти. Чунончи, ҳар йили ўндан ошиқ ёшларнинг китоблари 20 минг нусхада чоп этилаяпти. Очиғи, айрим йирик шоир ва ёзувчиларимизнинг асарлари бунча нусхада нашр қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси бизни ва ёшларимизни давлатимиз раҳбари ҳамда халқимиз олдида бурчли ва қарздор этади.

Исажон Султон,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи:

 

— Семинар адабиётнинг уч авлоди вакилларини бирлаштирди. Анжуман ташкил этилган йилларда мустабид тузумнинг чиркинлиги ва маҳ-дудлигидан ўксинган авлод вакиллари ушбу тадбирда иштирок этган эдилар. Бу авлод руҳсиз, ўгитсиз адабиёт майдонига кириб келган. Ўрта авлод — биз тенгилар, хусусан Сирожиддин Сайид, Иқбол Мирзо каби шоир ва ёзувчилар элимиз мустақилликка эришганда бадиият оламига қадам қўйганмиз. Бугунги авлод эса истиқлол йилларида туғилган, руҳияти озодлик билан суғорилган. Бу ёшлар беқиёс руҳий қувватга эга.

Уларнинг муҳташам адабиётимизга мос бўлиб улғайишлари учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Қолаверса, бу авлоднинг фикри теран, улар чет тилларда ҳам ижод қилишнинг уддасидан чиқаяпти, борлиқда кечаётган жараёнлар тўғрисида рўй-рост ёзаётир. Бугун бадиий таржима соҳасида ажойиб мутахассис бўлиш салоҳиятига эга ёшларни кўрдим. Бизнинг чет эл ада-биёти майдонларига дадил киритса бўладиган асарларимиз бор, ҳар қандай илғор давлат адабиётчиларини довдиратиб қўядиган даражадаги салоҳиятга эгамиз. Гап идрок масаласида қолаяпти. Президентимиз бугунни бошқача идрок этиш лозимлиги ҳақида кўп бора таъкидлаяпти. Шундан келиб чиқиб, чет эллик адабиёт ихлосмандлари қалбини забт этиш чораларини кўришимиз керак.

Мен ўнга яқин миллатларнинг эртак ва афсоналарини ўрганиб чиққанман. Уларнинг ҳеч бирида бизники сингари маъноли, мазмунли, бутун моҳияти билан яхшиликка хизмат қиладиган халқ оғзаки ижоди намуналари йўқ. Мумтоз ва замонавий адабиётимиз ҳақида ҳам худди шундай фикрларни билдириш мумкин. Зомин семинарлари бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни янги сифат босқичига кўтаришига ишонаман.

 

Ўктам Мирзаёр,

"Ҳуррият" газетасининг бош муҳаррири:

 

— Бу тарздаги семинарларга журналистика ва бадиий адабиётга хос муҳим ма-салаларнинг ечими сифатида ёндашиш керак, деб ўйлайман. Чунончи, сўнгги йилларда матбуотда айрим жанрлар эътибордан четда қолаяпти. Турли жанрларнинг қўлланилиши, хусусан бадиий публицистика газетани ўқимишли қилади. Бу жараёнда фикрни аниқ ва бадиий ифодалаш яхши натижа беради. Публицистика тезкорлиги сабаб бугуннинг ойнаси, тарих учун энг яхши маълумотлар манбаи саналади.

Ёзиш жараёнида шеърлардан фойдаланиш, иқтибослар келтириш, фикрларни образли ифодалаш ўқувчини зериктирмасликка омил бўлади. Албатта, публицист бўлиш учун чуқур билим, маълумот тўплаш санъатига эга бўлиш ҳамда Миртемир домла таъбири билан айтганда, халқнинг ичига киришдан тортинмаслик керак. Зеро, чегарачи давлатни қўриқлайди, ижод аҳли халқнинг кўнглини асрайди. Айни шу масалалар кўтарилганлиги учун ҳам Зомин анжуманлари ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.

 

Сўз — анжуман иштирокчиларига

Ўриклисойга келиш мен учун қўшалоқ байрамга айланди. Чунки мен кўркам табиатли бу жойга ёш ижодкорлар анжумани иштирокчиси сифатида қадам қўйдим.

Зоминнинг беқиёс табиати менга чексиз илҳом бағишлади, шууримда ўчмас таассуротлар қолдирди. Ижод оламининг сеҳргарларидан ёзиш сир-ларини ўзлаштириш имконига эга бўлдик. Мушоиралар давомида ижодимизга баҳо бериш шароити яратилди. Энг қувонарлиси, Президентимизнинг совғасини қабул қилдик. Бу бизга ижод-илҳом сурурини бахш этди.

Яҳёхон Маҳмудов, Сурхондарё.

 

 

 

Зомин семинари том маънода ижодкор ёшларнинг илк парвозига қанот ва қувват вазифасини ўтамоқда. Бу ердаги ижодий муҳит шу юрт учун, шу миллат учун ёзиш-ёниш иштиёқида бўлганларни янги марралар сари руҳлантирди, ундади.

Зомин анжуманида илк маротаба иштирок этишим. Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Ижод" фонди ҳамкорлигида"Биринчи китобим" рукнида чоп этилган шеърлар тўпламимнинг тақдимоти уюштирилди. Бундан чексиз бахтиёрман. Президентимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар учун биз ёшлар миннатдормиз ва юрт тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳамиша тайёрмиз.

 

Сайфиддин Оканов,

Жиззах.

 

 

Ўриклисойда ўтган лаҳзалар ҳаётимдаги энг бахтли кунлардир, десам муболаға қилмаган бўламан. Биз ёшларга, ижодимизга шундай юқори баҳо бераётган Президентимиздан, устозларимиздан миннатдормиз. Иш-ларимизнинг кимгадир маъқул келганлиги бизга қўшимча куч, янги далда бўлди.

Бу ерда яна шуни сездимки, юртимизда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Хоҳ назм, хоҳ наср ёхуд бошқа йўналиш бўлсин, ҳар бир тенгдошимнинг ўз ижод йўли, ўз фикри борлигини ҳис этдим. Устозлардан ўргандик, тенгдошлар билан тажриба алмашдик, дўстлар орттирдик. Қисқаси, барча ижодкорларнинг ижодига юксакликлар ёр бўлишини тилайман.

 

Оқилжон Абдубарноев,

Навоий.

Тоғларим

Булутлар қуласин, чақмоқ қуласин,

Лек, замин товонин тўламас абад.

Ўткинчи тиласин, ғаним тиласин.

Менинг тик тоғларим қуламас абад.

Сўқмоқ бўлса ҳамки тақдир йўллари,

Йўлимдан ўзгалар ўтолмас абад.

Ҳақиқатдан узун иғво тиллари,

Лек менинг тоғларим қуламас абад.

Мен гулман, булбуллар ошиғим эрур

Ғайирлик сочимни силамас абад.

Адирлар ўприлиб, қулайверсинлар

Лек менинг тоғларим қуламас абад.

Малоҳат Нуриддинова.

Сурхондарё вилояти.

 

 

 

 

 

Интиқлик

 

Бугун сизни кўрармикинман,

Орзуларим бўларми ғолиб.

Ҳадикларни енгиб, сиз томон

Бу кўзларим боқарми кулиб?

 

Хабар қилса бўларди, ахир

Юрагимда кезар юз минг ўй.

Қалбни адо қилди хавотир,

Ёнингизда қай бир парирўй.

 

Хаёлларим сарҳадсиз гўё,

Барчасига қўл силтаб дейман:

Энди сизни кутмайман асло!

Тушларимда кўрармиканман?

 

Нилуфар Абдураҳимова.

Наманган вилояти.

 

Тупроқ

Тупроқни чангитиб юраман,

Ўша уй, ўша тор кўчалар.

Билсангиз ҳаттоки офтоб ҳам,

Хонамда ухлайди кечалар.

Она ер бағрини тўлдириб,

Ўзи ҳам тўлишган тупроқдир.

Мадҳингни шеър қилиб сўзласам,

Сўзларим юлдуздан кўпроқдир.

Қўявер, бариси бекордир.

Улуғсан, десам ҳам эй тупроқ.

Дўст йўқдир дунёда билиб қўй —

Сен учун кетмондан яхшироқ...

Алишер Бошмуродов.

Навоий вилояти.

 

 

 

 


скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.